Алоиддин Такиш (вафоти 1200 йил)
Қуёш феруза осмон тахтига чиққандек шоҳ Такиш ҳам бир нафасда музаффарият тахтига чиқди

Эл Арслоннинг ўғиллари (ота бир, она бошқа) Алоиддин Такиш ҳамда Султоншоҳ ўртасидаги тож-тахт учун кураш узоқ давом этди. Рақобат айниқса Султоншоҳнинг ҳарбий ишларига унинг онаси бош-қош бўлганлиги туфайли кескин тус олди.

Алоиддин Такиш қондошлик бурчи ҳамда дину диёнат расмига амал қилиб, укасини бирёқли қилишга интилмади. У жангу–жадалларда аксарият қўшинларини йўқотган ва ожизу ночор қолган Султоншоҳ билан сулҳ тузиб бир неча вилоятларни инъом қилди. Шундан кейингина хоразмшоҳ сифатида тахтга ўтирди. «Қуёш феруза осмон тахтига чиққандек шоҳ Такиш ҳам бир нафасда музаффарият тахтига чиқди» дея унинг шарафига шеърлар битилди. Бу Хоразм осмонидаги қора булутлар тарқалаётганига ҳам ишорат бўлди. Аммо узил-кесил ғалабагача ҳали анча бор эди. Султоншоҳ акасига бўйсунишни истамади. 1193 йилда эса улар ўртасидаги низоларга якун ясалди. Султоншоҳ охир оқибат мағлубликни тан олди.

Такиш 20 йилда давлатни мустаҳкамлаш борасида қилолмаган ишни кейинги етти йил давомида шахду шитоб билан амалга оширди. У шу даврда хоразмни қорахитойликлар тахдидидан халос қилди. Кейин кўчманчи қипчоқлар ҳуружларига барҳам берди.

Хоразмшоҳ ва Бағдод ҳалифаси ўрасидаги муносабатлар ҳам ўзгача тус олди. Ҳалифа Такишга тобе бўлишни буткул истамади. Натижада икки ўртада қаттиқ жанглар бўлиб ўтди. Охир оқибатда хоразмшоҳ қўшини ғолиб чиқди. Бу эса хоразмшоҳ бутун Ўрта Осиё ҳамда Форс кўрфазигача бўлган худудларда ягона ҳукмдор сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди.

Такиш қўшни ҳалқларга, ўзига тобе бўлган мамлакатлар аҳолисига адолат ва ҳиммат кўрсатганлигини тарихчилар кўп қайд этишади. У қайси жойни эгалласа, шу ерда ўз ноибини қўйиш билан чегараланган. Золим ҳукмдорларни жазолаган. Нишопурни қўлга киритгандан кейин хоразмшоҳ «Адолат ва раҳм шафқат палосларини ёйди, шаҳарни нафрат ва зўравонлик ахлати ва чақир тошларидан тозалади. Менгли тагин (ҳукмдор) кимдан нималарни олган бўлса эгаларига қайтаришди. Менгли тагинни тутиб хоразмшоҳ хузурига келтирдилар. Такиш уни имомлар ихтиёрига берди», деб ёзади муаррих.

Такиш даврида Хоразмнинг ташқи давлатлар билан дипломатик алоқалари ниҳоятда кенгайди. Хоразмшоҳ бу алоқалар йўли билан кўплаб ҳайриҳоҳларнинг кўнгилларини забт этган, душманларни ҳайриҳоҳларга айлантирган.

Дипломатик алоқалар асосан хорижий мамлакатларга элчилар юбориш, катта мавқе ва мартабага эга бўлган давлат арбоблари, дин намояндалари орқали мактублар юбориш йўли билан амалга оширилган. Энг зарур пайтларда эса унинг ўзи бошқа мамлакатларга сафар қилиб, кўзлаган мақсадига эришган. Хусусан Такишнинг озарбайжон отабеги Жаҳон Паҳлавон билан дўстона муносабатлари ибратли бўлган. Тарихий манбалар орасида хоразмшоҳнинг Жаҳон Паҳлавонга йўллаган тўрт мактуби сақланиб қолган. Уларда Такиш дўстлик ва қардошликни улуғлаб ,бу икки томонга ҳам катта манфаат келтиришини таъкидлайди. Хоразмшоҳ отабекка «биродари ҳумоюн» деб мурожаат қилади. Лозим пайтда узр сўраб, норозилик ҳамда тушунмовчиликка сабаб бўладиган воқеалар такрорланмаслигига сўз беради.

Давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда хоразмшоҳ вазирларларининг ташаббускорлиги ва фаоллиги муҳим аҳамият касб этган. Улар ҳар бири маъсул вазифаларни бажариш билан бирга давлатнинг турли худудларида масжид, мадраса, кутубхоналар қурилишига ҳомийлик қилишган.

Шу ўринда хоразмшоҳларнинг, хусусан Такишнинг аёлларга муносабати тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, аёллар давлатда катта мавқе ва эътиборга эга бўлишган. Хоразмшоҳ уларни, оёқлари остидан жаннат жой олган она, тангри таоло ўз тақдирига шерик қилган, фарзандларининг волидаи муҳтарамаси бўлган оқила рафиқа, гўзалликда тенги йўқ сингил сифатида ҳам қадрлаган ва эъзозлаган. Хусусан, унинг рафиқаси Туркон хотинга ҳурмати ҳақида муаррихлар кўп ёзишган.

Тарихий манбаларда Такишнинг ғайриоддий қувваи ҳофизасига ҳам юксак баҳо берилади. Унинг мусиқани севиши, уд чалиши тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Алоиддин Такиш хоразмшоҳлар давлатининг ҳудудларини ниҳоятда кенгайтирди. Шу билан бирга давлатнинг янада кенгайиши учун катта замин ҳозирлади. Аҳоли, ҳалқлар манфаатларини ҳам доимо назарда тутишни канда қилмади. Шу сабабли бир қатор солиқларни бекор қилганлиги ҳақида ҳам тарих китобларига мисоллар талайгина.

Такиш ўғли Алоиддин Муҳаммадга қудратли давлат ва сон ҳамда жанговар маҳорат бобида устувор қўшин мерос қолдирди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР