Муҳаммад Раҳимхон Феруз
Феруз ҳукмронлик қилган давр ғоятда алғов-далғов бўлиб, хонликлар орасида ўзаро низо кучли эди. Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги орасида бирлик йўқ эди

Аср-асрлардан бери бу шаҳарлардаги обидаларни сайёҳлар бутун оламдан келиб зиёрат қиладилар ва ота-боболаримиз ақлига, санъатига, маданиятига қойил бўладилар.

Қизил империя даврида Шарқдан чиққан шоҳларни «нодон», «жоҳил», «қонхўр», авлиё-алломаларни эса «фирибгар», «ёлғончи», Шарқ обидаларини «эскилик қолдиғи», «дину бидъат ўчоғи» деб талқин қилиш расм эди. Жумладан, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II гарчи улуғ шоир, хассос бастакор, ижод аҳлига ҳомий бўлсада, унга сарой феодал-клерикал адабиётининг намояндаси деган тамға босилиб, Феруз ижоди на ўрганилди, на тарғиб қилинди.

Муҳаммад Раҳимхон II тарихда Феруз (Феруз - бахтли, саодатли) тахаллуси билан Девон тузгани, ўнлаб шоиру муаррих, бастакору меъморларга ҳомийлик қилгани, шунингдек Хоразм адабий муҳити тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, унга раҳбарлик қилгани тарихий ҳақиқатдур.

Буюк истеъдод соҳиби Феруз 1844 йил Хивада туғилган. Отаси Саййид Муҳаммадхон ўлимидан сўнг Феруз тахт эгаси бўлди. Бу воқеа 1863 йилга тўғри келади. У 16 ёшида хонлик тожини кийган. Муаррихлар Муҳаммад Раҳимхон II нинг хонлик даврини 1863 йилдан 1910 йилгача деб ёзганлар. У 1910 йил вафот этган.

Ферузшунос олима Г. Исмоилованинг ёзишича, Хива ва унинг теварак-аттофидаги шоир, адабиётчи, муаррих, мусиқашунослар саройга йиғилиб, бир адабий марказ вужудга келтирилди. Муҳаммад Раҳимхоннинг бевосита ҳомийлиги остида ўнлаб истеъдодли шоирлар, ажойиб созандалар, хушхат хаттотлар, муаррихлар етишиб чиқди. У ҳар бир шоир шеърларини жамъ қилиб, девон тузиш каби хайрли ишларни амалга оширди. ўнлаб тупламларнинг яратилишига раҳномалик қилди. «Баёзи мусаддасот», «Баёзи мухаммасот», «Баёзи ашъор» кабилар фикримизга далилдир.

Феруз раҳбарлигида Табибийнинг «Мажматуш шуаро», Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳи» асарлари яратилган. «Мажматуш шуаро»да Феруз саройида йиғилган ўттизга яқин шоирлар ижодидан намуналар берилган.

XIX асрнинг ўрталарига келиб Хоразм маданий ҳаётида алоҳида тараққиёт юз берди. Илгари вайрон бўлиб кетган бинолар қайтадан тикланди. Янгидан суғориш иншоотлари, карвонсаройлар ва 60 га яқин масжид, мадраса барпо қилинди. Нодир истеъдод эгаси (Матниёз) Комил Хоразмий оддий хаттотликдан Муҳаммад Раҳимхон замонида мирзабошилик лавозимига кўтарилди. 1873 йилда эса девонбеги мансабига тайинланди. Комил Хоразмий «Рост» мақомига басталаган «Мураббаи Комил» ва «Пешрави Феруз» айни замонда ҳам машҳур.

Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг «Иқболи Ферузий» (ёки «Шоҳиди иқбол») номли тарихий асари Феруз ҳукмронлик қилган давр воқеаларига бағишланган.
Огаҳий, Комил Хоразмий, Рожий ва бошқа адиблар кўплаб асарларни форс-тожик тилидан ўзбекчага таржима қилганлар. Атоқли таржимашунос Н. Комилов тўғри таъкидлаган каби бу даврда Хоразм таржимачилик мактаби пайдо бўлган эди.

Бу вақтга келиб «Маҳфилоро», «Бадоеъул вақоеъ», «Ҳафт кишвар», «Вомиқ ва Узро», «Меҳру Моҳ», «Баҳори дониш», «Чор дарвиш», «Анвори Суҳайлий», «Шоҳнома», «Гулистон», «Аҳлоқи Муҳсиний» каби асарлар форс-тожик тилидан ўзбекчага ўгирилди.

Муҳаммад Раҳимхон II Хивада тошбосма ташкил этиб, китоб чоп этишни ҳам йўлга қўйган.

Феруз ҳукмронлик қилган давр ғоятда алғов-далғов бўлиб, хонликлар орасида ўзаро низо кучли эди. Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги орасида бирлик йўқ эди. Мана шу қарама-қаршиликлардан чор Россияси усталик билан фойдаланди. 1866 йил Россия қўшинлари Бухоро чегараларига бостириб кирди. 1868 йилга келиб Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги Россияга тобеъ бўлди.

1873 йил Кауфман раҳбарлигида жами 13 минг кишидан иборат қўшин, 55 тўп-замбарак билан Хивага қарши юриш бошлади. 1873 йилнинг 29 май куни Хива эгалланди. Аммо Хива ўрислар томонидаи ишғол қилинишидан олдин, бу ерда тўнтариш бўлиб, Муҳаммад Раҳимхон II ўрнида унинг укаси Отажон тўра хон деб эълон қилингаи эди. Хиза ишғол қилингандан сўнг, Кауфман Ферузни яна тахтга ўтирғизди (ЎзССР тарихи, II-том. «Фан», Т.- 1971 йил, 29-бет).

Россиянинт Хивага кўз олайтириши Пётр I даврида бошланган. Тарихдан маълумки Петр I нинг Бекович-Черкасский бошлиқ экспедицияси 1714-1717 йилда Хива остоналарида тор-мор қилиб ташланган, кейинроқ В.А. Перовский экспедицияси (1839-1840) ҳам барбод бўлган эди.

Рус чоризмининг босқинчилик сиёсатиии ёқлаб вице-канцлер Горчаков ёзади: «Бу (яъни босқинчилик) шароит тақозоси бўлиб, бошқа давлатлар ҳам худди шундай қилган. Масалан, Франция Жазоирни, Голландия ўз мустамлакаларини, Англия Ост-Индияни, хуллас давлатлар манфаатпарастлигидан кўра ноилож зарурият тақозосига биноаи мана шундай йўлдан боришимиз муқаррар бўлиб қолди».

Худди шу китобда генерал-губернатор С.М. Духовский ўз ҳукуматига мурожаат қилиб ёзган хатида: «... бу ердаги аҳолига одамийлик ва инсонпарварликнинг кенг негизларини қўллаб бўлмайди», деган. Туркистонни бошқаришда чоризм маҳаллий меҳнаткашларни эзиш, улариинг ҳуқуқларини назар-писанд қилмасликка асосланган эди.
Муҳаммад Раҳимхон II мана шундай даврда яшаб, ҳукмронлик этиб, ижод қилган. Муаррихларнинг таъкидлашича, у «Шашмақом»га ўн учта куй басталаган. Бу куйлар ҳозиргн кунгача Ғарбу Шарқдаги мусиқа шинавандаларига манзурдир.

Ҳасанмурод қори Муҳаммадамин ўғли Лафасийнинг «Хива шоирлари ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари» тазкирасида қуйидаги ҳикоят келтирилган: «Доий- Юсуф Ҳожи номи билан машҳур бўлиб, ҳамма вақт Хива уламо ва сипоҳиларини мазаммат (мазах) этиб, ҳақорат қилиб юрур эрди. Феруз эса Доийнинг ҳурматнни жойига қўяр, унга инъом бериб турарди. Муҳаммад Раҳимхон Доийни шул тариқа сипоҳий ва уламоларни ҳақорат қилиб, мазаммат этишидан воқиф эканлигига қарамай, уни масжиди Калон воизлиги мансабига тайинлайди. Доий масжиддаги ваъзларида ҳам вазирлар ва уламоларни танқид қилади ва улардан шикоят этиб туради. Анинг ҳар бир гапини хонга етказиб турардилар. Бир кун хон Исломхўжага: «Бугун наҳордан жума масжидига боргил ва воиз насиҳатларини яна эшитиб келгил,- деб фармон берди. Исломхўжа ўзининг яқинларини олиб, намозга борди. Юсуф Ҳожи уларнн кўриб мазаммат этиб айтади: «Фуқаро - деҳқонларга жабр-зулм этиб, аларнинг манглай тери билан топилган ақчаларини олиб, бундай ақчалар билан мадраса, масжид бино қилдурса, қандоқ савоб бўлур? Бундай ишларнинг жазосини топсалар керак...» Исломхўжа ушбу гапларни хонга сўзлаб беради. Хон эса... Доийга сарупо инъом этади».

Қуйидаги шоҳ байтлардан иборат ғазал Ферузникидир:

Нечук офат эдинг, эй сарвиқомат,
Бошимга солди ишқинг юз қиёмат.
Қиёмат шўришин жаҳонга солдинг,
Жаҳондин мунъадам бўлди фароғат.
Фароғат истаган, чиқсун жаҳондин,
Топилмасдур тирикликда саломат.
Саломат аҳли лошига фалакдин,
Даме тинмай ёғар санги маломат.
Маломат тошидин озурдадурлар,
Бу кўҳна дайрда аҳли фаросат.
Фаросат хайлининг оллида бўл қул,
Бошингга солмайин чини малолат.
Маломат чекмайин десанг жаҳонда,
Худонинг берганига қил қаноат.
Қаноат бирла сабр ўлса санга иш,
Ҳар ишда қилмагунг ҳаргиз надомат.
Надомат бирла умрим ўтди, ё Раб,
Етур тонгла Расулингдин шафоат.
Шафоат жомидин саршор қилғил,
Ҳазин Ферузни шоҳи рисолат.

Садриддин Салим Бухорий. "Буюк Хоразмийлар"

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР