Хоразмшоҳлар давлати инқрози
Жалолиддин Мангуберди то умрининг охиригача Хоразмшоҳлар давлатини қайта тиклаш, мўғуллардан озод этиш истаги билан ҳаракат қилди.

Чингизхон босқини арафасида хоразмшоҳлар сулоласи дунёнинг энг қудратли сиёсий кучларидан бирига айланганди. Худди шу даврда шарқда мўғулларнинг йирик империяни ташкил қилинган эди. Бу эса, XIII аср ўнинчи йиллари охирида Шарқда икки йирик куч - хоразмшоҳлар ва чингизийларнинг ўзаро тўқнашишлари заруриятини шакллантирди.

1215 йили Дашти қипчоқ юришида Хоразмшоҳ мўғулларнинг Жўчи бошчилигидаги ҳарбий қўшинига дуч келади. Мўғуллар бу ерларда Чингизхоннинг буйруғига кўра маркит қабилаларига зарба бериш учун юриш қилган эдилар. Ўзаро тўқнашувдан сўнг мўғуллар Чингизхондан Хоразмшоҳлар давлатига нисбатан юриш қилиш хусусида ҳеч қандай кўрсатма олмаганликлари учун орқага чекиндилар. Журжонийнинг ёзишича, султонни ҳар вақт ундан Шарқда жойлашган давлатлар қизиқтирар ва унинг Хитой томонига ҳарбий юриш қилиш нияти ҳам бўлганлиги аниқ эди. Лекин Хитой Чингизхон томонидан ўша йили олинганлигини эшитган султон бу ҳолни тасдиқлатиш ва қолаверса Чингизхон давлати хусусида аниқ маълумот олиб келиш мақсадида сайидлар авлодидан бўлмиш таниқли зот Баҳовуддин Розийни ўз элчиси сифатида хон ҳузурига жўнатади. Баҳовуддин Розий бошчилигидаги элчилик гуруҳини Чингизхон Пекинда қабул қилиб, уларга ижобий муносабатда бўлади.

Хоразм давлати элчиларига Чингизхон ўзаро икки давлат ўртасида тинчлик ва дўстлик ҳукмдорлик қилиши лозимлигини уқтириб, ўзини - Шарқ ҳукмдори, Хоразмшоҳ Муҳаммадни - ғарб ерларнинг эгаси деб таъкидлайди. Хитой ерларига эндиликда юриш қилиш ножоиз эканлигини англаган Хоразмшоҳ ўз диққат-эътиборини яна жануб ҳамда ғарб ерларига қаратади. 1217-йили Бағдод халифаси ан-Носир (1180-1225) султоннинг Бағдодни унга топшириши ва унинг номини хутбага қўшиб ўқишини қатъий рад этгач, Муҳаммад Хоразмшоҳ 100 000 кишилик қўшин билан аббосийлар халифалигига юришни бошлаб юборади. Хоразмшоҳлар тангалари ва хутбалардан халифа номи чиқариб ташланади. Султон фармонига кўра, термизлик шайх Оламулк ат-Термизий халифа этиб тайинланади. Султоннинг юқоридаги ҳатти-ҳаракатлари кўпчилик уламолар, дин пешволари томонидан маъқулланмайди. Улар султонга барча мусулмонлар диний раҳнамо халифа устига юриш қилиш, ислом дунёсида хоразмшоҳга нисбатан салбий муносабат келтириб чиқаришини тушунтирмоқчи бўладилар. Уламолар норозилигини ҳисобга олмаган Султон уларнинг кўпчилигини жазога тортади, ҳатто таниқли шайх Мажидиддин Бағдодийни қатл эттиради. Бу ҳол диний уламолар, руҳонийлар, дарвешлик гуруҳлари олдида султон обрў эътиборининг пасайишига ва унга қарши мухолиф кучлар сафининг кенгайишига олиб келади. Бағдод юриши табиий офатлар туфайли муваффақиятсиз якун топади.

Аббосийлар халифалигига муваффақиятсиз юришдан сўнг, 1218 йили Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзининг янги пойтахти деб эълон қилган Самарқанд шаҳрига кириб келди ва хутба, тангалардан эса халифа номини чиқариб ташлаш хусусида фармон берди. Ўша йили Муҳаммад Хоразмшоҳ Чингизхон ҳузурига яна ўз элчиларини юборади. Бунга жавобан Чингизхон кечиктирмасдан қимматбаҳо совғалар ва моллар ортилган катта карвон билан ўз элчиларини хоразмшоҳлар султони ҳузурига юборади. Султонга мўлжалланган қимматбаҳо совғалар ичида Чингизхон ўлжа олган туя ўркачидек келувчи олтин бўлаги ҳам бор эди. Элчиларга хоразмлик таниқли савдогар Маҳмуд Ялавоч (Маҳмуд ал - Аромий) раҳбар этиб тайинланиб, яна 2 та одам, бухоролик савдогар Алихўжа ва ўтрорлик Юсуф қанқалар элчилик рутбасига эга эдилар. Султон Муҳаммад бу элчиларни 1218-йил баҳорида Бухоро шаҳрида қабул қилади. Элчилар Чингизхон султоннинг зафарли юришларидан хабардор эканликлари, уни қудратли подшоҳ сифатида тан олиб - ўзининг энг ардоқли ўғиллари қаторида кўришини баён этишади. Чингизхон ўз номасида куч-қудрати зафарини кўрсатиш маъносида Хитой ва қўшни мамлакатларни қандай куч билан эгаллаганлигини ҳам айтиб ўтади. Элчилар номаси шубҳасиз султонга маъқул бўлмайди. Айниқса, мўғул давлатининг хонини, уни ўзининг -ўғли қаторида кўриш, бу шарқ устамонлигида қарам қилиш ёки ўз ҳомийлигини олиш деган маънони англатишни султон яхши тушунади. Элчиларга султон жавоби маълум эмас, лекин ўша тунда у ўз ёнига Маҳмуд Ялавочни чорлаб бор ҳақиқатни баён этишни, унинг хизматига ўтиб, махфий жосус бўлиб хизмат қилишни буюради. Ўз ҳаётидан хавфсираган Маҳмуд Ялавоч, муаррих ан- Насавийнинг ёзишича, -султон эшитишни хоҳлаган маълумотни айтиб, султон таклифига кўнади. Хоразмшоҳ унга қимматбаҳо жавоҳир совға қилиб, Чингизхон билан шартнома тузишга рози эканлигини билдиради. Чингизхон Маҳмуд Ялавоч гуруҳи хизматидан, тўпланган маълумотлардан мамнун бўлади. Зеро Ялавоч сохта -жосус ролини ўйнаб, бор ҳақиқатни Чингизхонга етказган эди. Ўша йилиёқ, яъни 1218-йили, Чингизхон султон Муҳаммадга ўз миннатдорчилигини изҳор этиш ва ўзаро шартнома тузиш мақсадида катта савдо ва элчилар карвонини жўнатади. Улкан савдо карвони 450 та мусулмон савдогари ва 500 та туяга ортилган қимматбаҳо моллардан иборат эди. Ўз давлати қудратини намоён этиш ниятида Чингизхон Танғут ва бошқа давлатлардан ўлжа олинган, жанубий Сибир ва Хитойдан талаб келтирилган ажойиб, сара моллар билан хуржунларни тўлдирган эди. Карвон билан, шунингдек, Чингизхон элчиси, мўғуллардан бўлган Ухуна ҳам бўлиб, у Хоразмшоҳга Чингизхон номасини олиб келаётган эди. Нома жаҳон фотиҳлигига даъво қилаётган Чингизхон номидан буйруқнамо оҳангда ёзилган эди. Унда жумладан, -... биз бундан буён давлатлар ўртасида тинчлик ўрнатилишини буюрамиз... дейилган эди. Нома Чингизхон очиқ-ойдин жаҳон эгаси бўлишга иштиёқи баланд эканлигидан далолат берар эди. Ушбу карвонда асли мовароуннаҳрлик бўлмиш Умархўжа Ўрорий, ҳаммол Мерокий, Фаҳруддин Дизақий Бухорий, Аминуддин Ҳаравий сингари савдогарлар карвон сарбонлари ҳамда ўрда элчилари эдилар. Карвон Урганч томон йўл олган эди. Лекин хоразмшоҳларнинг чегара вилояти Ўтрор ерларига кириб келиши биланоқ бу карвон ушлаб қолинди. Ўтрор ҳокими Иналхон (Инолчиқ, унинг форсий тахаллуси ғойирхон эди) Туркон хотуннинг яқин қариндоши, Хоразмшоҳга яқин шахс бўлган.

Иналхон, араб тарихчиси ибн ал-Асир, ан-Насавийларнинг ёзишича, Хоразмшоҳ ижозати билан бу карвонларни талашга буйруқ бериб, карвон аъзоларини жосусликда айблайди ва уларни қириб ташлайди. Талаб олинган моллар Самарқанд ва Бухоро савдогарлари ўртасида тақсимланиб, Хоразмшоҳ ушбу савдо моллари пулини ўзига олади. Баъзи тарихий манбаларда эса, Иналхон гарчи карвонни тўхтатиш буйруғини олган бўлса ҳам, ўз ҳолича уни қириб ташлаган деб ҳам айтилади. Нима бўлганда ҳам, Хоразмшоҳлар қўпол сиёсий хатога йўл қўйиб, элчиларни қирғин-барот қилдирадилар. Ўтрор фожеасидан сўнг Чингизхон Ибн Кафрожий Буғрони икки мулозим билан Хоразмшоҳ ҳузурига элчи этиб жўнатди. Ас-Субқийнинг ёзишича, Чингизхон Ўтрор фожеасининг айбдори Иналхонни тутиб мўғуллар қўлига топширишини, элчилар ўлимининг сабабларини кескин тарзда сўрайди. Мўғуллар билан муносабатларни кескинлаштирмаслик учун Ўтрор ҳокимини Чингизхон қўлига топшириш керак деган таклифни кўтарган Жалолиддиннинг фикрини султон рад этади. Султон буйруғи билан элчи бўлмиш Ибн Кафрож Буғро ўлдирилиб, икки мулозимнинг соқол-мўйловлари шармандали тарзда қириб ташланади. Хоразмшоҳ мўғуллар билан эртами-кечми, уруш бўлишини яхши англаган эди. Қолаверса, мамлакатда мўғуллар бостириб кириши хусусида турли миш-мишлар ҳам авж олган эди. Нима бўлганда султон ҳам Чингизхонга шу йўсинда дағдағали жавоб беришга қарор қилди. Тарихчи Рашиддин ўзининг «Жоме ат-Таворих» асарида ёзишича Хоразмшоҳнинг ушбу дағдағаси ва қилмиши «Чингизхоннинг юрагига шундай таъсир қилди-ки, унда ортиқ чидам ва тоқат қолмади. Нафрат ўти билан ёниб у бир ўзи тепаликка кўтарилди, бўйнига белбоғини ташлаб, бош яланг ерга ётиб ибодат қилди. Уч кунгача йиғлаб худога нола қилиб ёрдам сўради...»

Чингизхон 1219-йили ўз ўғиллари бошлиқ 200 мингга яқин асосий ҳарбий кучлари билан анчадан бери пухта тайёрланиб, Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар давлати устига ҳарбий юришни бошлади. Бу кучлар ёзни Иртиш дарёси бўйида ўтказиб, сентабр ойида чегарадан ўтади. Чингизхонга уйғур эдиқути (хони) Баурчак, қарлуқлар хони Арслонхон ва Олмалиқ ҳукмдори Сиғноқтегинлар ҳам ўз қўшини билан келиб қўшилдилар. Чегарадан ўтган Чингизхон ўз қўшини билан жанубий қозоқ чўлларининг Сирдарёга туташган жойидаги Ўтрор шаҳри яқинида тўлаб уни 4 қисмга бўлади. Чиғатой ва Ўқтой қўшиннинг бир қисми билан Ўтрорни қамал этиб, эгаллаш учун қолдирилди. Иккинчи қисм эса Жўчи бошчилигида Сирдарёнинг юқори оқимидаги Жанд, Янгикент, Борчиғлиғкент, Сиғноқ шаҳарларни босиб олиш учун юборилди. Учинчи қисмидаги беш минг чоғли қўшинга Улоқ нўён ва Сукету Черби бош бўлиб Ўтрордан жанубга, Хўжанд ва Банокатни эгаллаш вазифаси топширилди. Чингизхон ўзи бош бўлган тўртинчи, асосий қисм (унинг таркибида таниқли саркардалар Жебе ва Субутой ҳам бор эди) Зарафшон воҳаси томон-Бухоро ҳамда Самарқандни истило этиш учун йўл олди. Чингизхон Хоразмга юриш қилиб Ўтрор (1219), Бухоро ва Самарқандни (1220) босиб олди. Муҳаммад Мовароуннаҳрни ташлаб Хуросон тарафга қочди. Чингизхоннинг 20 минглик қўшинининг тинимсиз таъқиб қилиши Муҳаммадга ўз кучларини қайта тўплаб, нафасини ростлашга имкон бермади. Каспий денгизининг Ашур оролига бориб қолган Муҳаммад қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва умрининг охирида олдинги қарорини ўзгартириб, ўғли Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг ўрнига Жалолиддин Мангубердини валиаҳд деб эълон қилди. Ўша оролда 1221 йилда вафот этди ва шу ерда дафн этилди.

Кейинчалик Жалолиддиннинг фармойишига кўра, Муҳаммаднинг жасади Исфахондаги хоразмшоҳларнинг хотирасига қурилган мақбарага кўмиш учун Ардаҳн қалъасига келтирилган.

Мўғуллар 1221 йилда Хоразмшоҳлар пойтахти Урганчни 5 ойлик қамалдан сўнг истило қилдилар. Жалолиддин Мангубердининг мардонвар қарши ҳаракатлари ҳам мўғулларнинг босқинчилик ҳаракатларини тўҳтата олмади. Жалолиддин Мангуберди то умрининг охиригача Хоразмшоҳлар давлатини қайта тиклаш, мўғуллардан озод этиш истаги билан ҳаракат қилди. Лекин унинг барча тадбирлари ўз натижасини бермади. Ўша даврларда яратилган барча ёзма манбаларда Жалолиддин Мангубердининг ботирлилиги, мардлиги, жаросатлари ҳақида ёзиб қолдирилган.

XIII асрнинг бошларида Хоразмшоҳлар салтанати қошинининг умумий сони Чингизхон ҳарбий кучига нисбатан бирмунча ошиқроқ эди. Хоразмшоҳ ҳокимияти сиёсий, хусусан, маъмурий бошқарув жиҳатидан мустаҳкам эмас эди. Чунки, мансабдорлар давлат танг аҳволга тушиб ўз вазифаларини ташлаб кетар, подшога итоатсизлик қилар, ўзбошимчалик билан ўз билганларича йўл тутар эдилар. Ҳатто айрим вилоят ҳокимлари Хоразмшоҳга номигагина бўйсуниб, амалда деярли мустақил эди.

Бунинг устига Султон олий даргоҳи ичида кучли низо ҳукм сурарди. Айниқса, Туркон хотун, яъни «турклар онаси» номи билан шуҳрат топган Султон Муҳаммаднинг волидаси қўшиннинг олий саркардалари ҳисобланган қипчоқ оқсуяклари билан уруғ қабила алоқалари орқали маҳкам боғланган эди. У ўз қабиладошлари манфаати йўлида саройда кўтарилган барча фитналарга бошчилик қилар, ҳатто уларда шоҳга қарши адоват руҳини уйғунлаштириб қўйган эди. Ички низо, бошбошдоқлик ва фуқароларнинг норозилиги кучайиб, мамлакат сиёсий ҳаёти инқирозга юз тутган эди. Бундай ўта хавфли вазиятни бартараф этиш мақсадида Султон Муҳаммад ўз ҳукмронлигининг сўнгида «Давлат кенгаши»ни таъсис этади. Кенгашга 6 нафар билимдон вакиллар жалб этилади. Унда энг долзарб масалалар муҳокама этилиб, қарор қабул қилинса-да, аммо у амалда ижобий натижа бермайди. Ана шундай вазиятда у жангари мўғул қабилаларининг Чингизхон бошлиқ босқинига дучор бўлади.

Чингизхоннинг босқини 100 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиёда ҳукмрон бўлиб келган Хоразмшоҳлар давлатининг таназазули ва тарих саҳнасидан кетишига сабаб бўлди.