Урганчми-Ҳурганж? (Кўҳна Урганчга саёҳат)
Қўшни Туркманистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон этганидан сўнг қалъага шаҳар мақоми берилди. Минг йиллик обидалар тикланмоқда, темир йўл келтирилди, кўп қаватли бинолар, маданият ва спорт саройлари қурилди, кўча ва хиёбонлар обод этилди.

2005 йилнинг июнь ойида ЮНЕСКО Туркманистондаги Кўҳна Урганчни “Дунё халқлари маданий мероси” рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу қарор Марказий Осиёдаги барча халқларни бирдек қувонтирди. Негаки, XI асрда Кўҳна Урганчда фаолият кўрсатган Дорул Ҳикма -Маъмун Академияси туркийзабон халқларнинг бебаҳо маданий мероси ҳисобланади.

Воҳада Урга (Урва) Кўҳна ва Янги Урганч номи билан аталадиган қадимий ва навқирон шаҳарлар мавжудлигини кўпчилик яхши билишади.

Хўш, бир муборак ном билан аталадиган уч қалъа-шаҳар нега бир-биридан 150-200 чақирим узоқликдаги масофада жойлашган? Бунинг сабаби нимада? Оддийгина қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг тарихий тақдири халқ эртакларида тилга олинадиган “Уч оғайни богирларга” ўхшайди. Уларнинг учови ҳам бир она замин - Хорам воҳасида пайдо бўлган ва замоннинг зайли, табиатнинг майли билан бир-бирларидан ажралишиб турли минтақаларда Ватан тутганлар.

Хўш, тарих фани бу ҳақда нималарни эслаб қолган?

Холисона фикр юритадиган бўлсак аввало сўзни Кўхна Урганчдан бошласак.

Аниқ ҳисоб-китобга кўра, шаҳарнияг XIII аср бошигача бўлган майдони 1600 гектарни ташкил этган. У дунёнинг манаман деган қадимий шаҳарларидан улуғворроқ бўлган. Араб сайёхлари Истахрий, Мақсудий ва Ибн Батуталар “Мусулмон оламида Журжониядан (Гурганж) кўра -каттароқ шаҳарни кўрмадим” деб ёзганлар. Бу кўҳна дунёда неча бор “ўлик-тирилган” (сувга чўктирилган) ёхуд сувсизликдан харобазорга айлантирилган ва яна қайтадан гуллаб- яшнаган, қолаверса, жаҳон ҳалқлари тарихида ўз “Мажлиси уламо” (Фанлар академия)сига эга бўлган шаҳарлар уч- тўртта, холос. Булар Афина, Бағдод, Гурганж, Самарқанд шаҳарларидир. Кўҳна Жайҳун ва Орол бўйининг энг қадимий шаҳар-қўрғонларидан бири Гурганж (Кўҳна Урганч) қалъаси табиий офатлар, сув тошқини ва қурғоқчилик, босқинчилик урушлари ва сиёсий талашувлар туфайли ўз манзил-маконини бир неча марта ўзгартирган. “Авесто”да тилга олинган Урга кейинчалик Урин, Уркенд, Хурганж, Журжокия, Гургаиж, Кўхна ва Янги Урганч номлари билан тарих саҳифаларидан ўрин олган. Чунончи, Қорақалпоғистоннинг Жанубий Орол бўйидаги геолог-газчилар яшайдиган шаҳарчаси Урга деб аталади. Қадимий Урга харобалари археолог олимлар томонидан етарлича ўрганишган. Орол денгизи сувлари ошиб-тошиши натижасида қалъа жамоаси эрамизнинг VII- IX асрларида жанубга томон кўчган ва Ургин-Уркенд (Қадимий хоразмийлар тилида пойтахт- шаҳар, Уркенд) деб аталган.

Туркий халқлар уни Хурганж, Гурганж, 712-йилда араблар хукмроклигига ўтгач Журжония деб юритганлар. 995 йил Маъмурийлар сулоласи даврида Шимолий ва Жанубий Хоразм бирлаштирилиб, пойтахт Гурганжга кўчирилди. 996-1017 йилларда шаҳар гуллаб- яшнади, каналлар бунёд этилди, сарой ва иморатлар, мадраса ва масжидлар курилди. “Мажлиси уламо”- Маъмуншоҳ Академияси таъсис этилди.

Ушбу илм даргоҳида қирққа яқин аллома ва 360 талаба фаолият кўрсатган. Афсуски, уларни Хуросон ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий зўравонлик билан кўчириб кетган. Шу сабабдан Беруний бобомиз умрининг 30 йилини Ғазна шаҳрида ўтказган.

Халқ оғзаки ижоди афсона ва ривоятларида Кўҳна Урганч Хур исмли қиз Ганж исмли йигит севги-муҳаббат тимсоли сифатида бино этилган дейилади.
Шунингдек шаҳардаги ҳар бир сарой, минора ва мадраса ҳақида ўзига яраша афсоналар тўқилган. Айтишларича, Хоразмшоҳ бу шаҳарда дунёда энг баланд минора қуришни амр этибди. Бундан хабар топган Бухоро амири наққош устани хуфёна ўз юртига таклиф этиб Гурганчдагидан ҳам баландроқ минора куришни сўрабди. Шоҳ қизи минора қураетган устага мактуб жўнатиб отаси уни минора битгач, қатл этишга жазм этганидан огоҳлантирибди. Натижада уста қанот ясаб учиб кетибди ва бир неча чақиримга етганидан сўнг ерга қулаб вафот этибди. Ўша жойни халқ “бўлдим соз” деб атар экан. “Бўлдим соз” қишлоғи ҳозир хам бор. Энди тарихий ҳақиқатга келсак воқеалар занжири куйидагича:

ХIII-ХIV асрларда юз берган мўғул босқини ва табиий офатлар сабабли гурганчликлар боши оққан томонларга кўча бошладилар. 1342 йилда Амир Темур шаҳарнинг Ғарб ва Шарқни боғловчи Буюк Ипак йўлида жойлашганлигини инобатга олиб уни тиклашга буйруқ берди. Бахтга қарши 1572-1573 йилларда Амударё ўз йўналишини ўзгартиргандан сўнг у бутунлай харобага айланди.

Муҳофазасиз қолган ватандошларимиз Волга бўйи Шимолий- Кавказ ва Жанубий ўлкаларга кўча бошладилар. Бундай парокандаликни кўрган Хива хони Абулғозий 1646 йилда бир қисм аҳолини янги маконларга кўчирди. Янги Урганч шаҳри 1646 йилдан қурила бошлади. Абулғозий Баҳодирхон ва унинг ўғли Ануша хон даврида (1643-1689) йилларда Шовот (Шоҳобод) Ёрмиш каналлари қайта таъмирланиб Гурганчга сув келтирилди. 1700-1806 йиллар оралиғида ҳукмронлик этган хонлар ҳамда мустабид шўролар тузуми йилларида Кўҳна Урганч каровсиз-туман маркази даражасида қолаверди.

1937-1970 йилларда шарқшунос олим С.П.Толстов бошлиқ археологлар Кўҳна Урганч харобаларини кавлаб қисман ўргандилар. Ярим харобага айланган қалъанинг Ғарбий-Жанубий томонидаги тепалик халқ тилида “Қирқ мулла” деб аталади. Унинг қибла томонида шаҳар қабристони “Тош қалъа” ёдгорлиги жойлашган. Бу ерга келган хорижлик бир археолог “Ушбу тепалик Хоразм тарихининг сирли саҳифаларини ўз бағрида яшириб келмоқда. Афсуски, уни кавалаб бу сирни очишга бир- икки авлоднинг умри камлик қилади” деб айтган экан. Дарҳақиқат, ушбу тепалик воҳа тарихининг III-IV минг йиллик даврини аникдашга ёрдам берган бўлар эди. Бу ерда 1011 йилда қурилган ва XIX аср сўнггида қулаб тушган минора ва уламолар уйи (академия) харобалари сақланиб қолган. Қалъа ва миноралар тарихини ўрганиш юзасидан қазишмалар ўтказилган. 84.9x49 см. ҳажмдаги қўрғошин плита топилган, унга “Ҳақ йўлида яшаётган адолатли ҳукмдор Абул Аббос Маъмун ибн Муҳаммад Хоразмшоҳ ушбу минорани қуришга амр этди. Шоҳ минора асосини қўйишга бош- қош бўлди, уни озода ва маромида сақлашни ўз зиммасига олди. Қурилиш 401 йили (милодий 1011) тугалланди. Ҳазрат бу савоб ишни ислом динига ихлос-ва Аллоҳ таоло йўлига, бажарди” деб ёзилган.

Кўхна Урганчда ҳозиргача сақланиб келаётган муҳташам сарой ва мақбара Хоразм ҳукмдори Қутлуғ Темур ва унинг умр йўлдоши Тўрабекхоним номи билан боғлиқ. Шарқшунос олим Б. В. Веймаранинг ёзишича, “Тўрабекхоним мақбараси такрорланмас ноёб санъат асари. Геометрик аниқлиги, меъморчилик усуллари, нақшинкорлиги билан бетакрор мўъжизадир.” Мақбара табиий ва сиёсий бўҳронлик таъсирида шикастланган бўлса-да, ўзининг улуғворлигини йўқотмаган. Унинг ички томони силлиқланган ғиштин безаклар билан қопланган. Макбаранинг нақшлари, турфа шаклларининг ишланиши кишини ҳайратга солади.

Қўшни Туркманистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон этганидан сўнг қалъага шаҳар мақоми берилди. Минг йиллик обидалар тикланмоқда, темир йўл келтирилди, кўп қаватли бинолар, маданият ва спорт саройлари қурилди, кўча ва хиёбонлар обод этилди.

Буюк алломалар шайх Нажмиддин Кубро, Пирёр Валий, Али Султон, Ҳожиб каби табаррук зотлар ҳоки қўйилган мақбаралар Тўрабекхоним, Ар-Розий, Текеш, “Қирқ мулла”, “Уч юз олтмиш авлиё”, Қутлуғ Темур каби зиёратгоҳлар қайта тикланди. Ўтмишда “Илму ҳикмат Каъбаси” деб номланган Кўҳна Урганч бугун жаҳон жамоатчилиги диққатида. Унинг ЮНЕСКО ташкилоти томонидан рўйхатга олинганлиги бу табаррук масканга зиёратга келувчилар сонини янада оширди. Шуниси қувончлики, 1905-1907 йилларда Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) томонидан бунёд этилган 24 ҳужралик мадраса биносида тарих ва халқ ҳунармандчилик музейи барпо этилган. Музейнинг Маъмун Академиясига бағишланган залида нодир қўлёзмалар, IX-XI асрларга доир уй-рўзгор буюмдари, туркман гиламлари, воҳа ҳунармандчилигининг бебаҳо намуналари жойлашган.

Эндиликда Кўҳна ва Янги Урганчлар аждодларимизнинг минг йиллик анъаналарини давом эттириб халқаро сайёҳликнинг “Олтин ҳалқасига” уланиб борди-келдини янада авж олдирадилар.

Энди икки оғиз сўз Янги (тоза) Урганч ҳақида. Шаҳар Амударё ва Шовот канали соҳидида VIII-асрларда бино этилган Саид Ваққос бобо мақбараси (ҳозирги Дошқинжон бобо) ёнида қурила бошланган. Дастлаб шаҳарнинг “Кўҳна қалъа” мавзесида 5 минг аҳоли яшаган. XVIII-XIX асрларда шаҳар савдо-сотиқ ва хунармандчиликка асосланган.

1889 йилда Большая Ярославская минофактура ширкати томонидан пахта-мой заводи, 1905 йилда Рус-Осиё банки ишга туширилган.

1930 йилда округ, 1938 йилдан вилоят маркази мақомини олган. 1934-35 ўқув йилида Бухоро педагогика институтининг филиали сифатида ўқитувчилар тайёрлаш бўлими очилган.

1952 йилда темир йўл, 1959 йилда Тохятош электр энергияси, 1963 йилда газ келтирилган. Урганч тез ривожланган. Аҳоли сони 150 минг киши.

К. Нуржонов. "Хоразм мақол, матал, нақл ва ибораларнинг тарихий илдизлари"

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР