Хоразм афсонаси
Огаҳий бу асарида Хива хони Оллоқулихон буйруғи билан ҳижрий 1258 йил (1842-1843 й.) да барпо қилинган, умумий узунлиги тахминан 6200 метр, ўн дарвозали Дишанқалъа деворининг қурилишига қисқача тўхталиб, байт ҳам бағишлаган.

Кечмишга назар

«Хива қалъасининг атрофин айлана бир ҳисори васеъ ва девори рафеъ бино ва барпо қилдирғой, токим юрт зийнати ва фуқаро амнияти музоиф ва мутазоид бўлғай, – деб ёзади ўзбек адабиётининг улкан намоёндаларидан бири Муҳаммад Ризо Огаҳий «Риёзуд-давла» номли тарихий асарида.– ...Атроф-жавонибдан ҳашарий ва коргузору устоди ширинкор ва баннойи жалодатшиорларни жамъ қилиб, ражаб ойининг саккизида душанба куни қалъа тамири умуриға саъйи тамом била шуруъ қилдилар. Ва ўттиз кун муддатида ҳисоре бино қилдиларким, матонатда Искандар саддиға таъназан ва рифъатда фалак буржиға сояафкандурур.

Огаҳий бу асарида Хива хони Оллоқулихон буйруғи билан ҳижрий 1258 йил (1842-1843 й.) да барпо қилинган, умумий узунлиги тахминан 6200 метр, ўн дарвозали Дишанқалъа деворининг қурилишига қисқача тўхталиб, байт ҳам бағишлаган. Бугунги кунга келиб ушбу девор дарвозаларидан иккитаси – қалъанинг шимол томондаги Қўша дарвоза ва шарқидаги Қўй (Ҳазорасп) дарвоза сақланиб қолган. Деворнинг баландлиги 8-10 метр, асосининг эни 6-10 метр атрофида пахсадан урилган. Девор бўйлаб тахминан ҳар 30 метрда ярим доирасимон буржлар, устки қисмида кенглиги тахминан 1,5-2 метрлик арава йўли бўлган. Деворнинг юқори қисмида жангчилар ўқ отадиган шинаклар қолдирилган. Қалъа атрофини кузатиш мақсадида буржлар қалъа деворидан 4-5 метр олдинга чиқариб қурилган. Хавф-хатар туғилган пайтда соқчилар олов ёқиб бир-бирларига белги бера олишган. Деворнинг Ҳазорасп, Пишканик, Боғишамол, Шихлар, Тозабоғ, Шоҳимардон, Дошёқ, Гандимён, Гадойлар ва Урганч деб аталган жами ўнта дарвозасидан қалъага кириб-чиқилган.

Қалъанинг девори ва аксарият дарвозалари 1873 йили босқинчи генерал фон Кауфман бошчилигидаги рус қўшинлари томонидан тўпга тутилиб, вайрон қилинган. Мустабид шўролар даврида бу деворни эскилик сарқити деб, тупроғидан ғишт ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланилган (Афсуски, бу даврда кўплаб маданий мерос иморатлари харобага айлантирилди). Ҳозирги кунда деворнинг тахминан 1400-1600 метр қисмигина сақланиб қолган.

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг Дишанқалъа деворларини сақлаш ва тубдан таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди. 2005 йилда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокида қалъанинг шимолий томонидаги 80 м. қисми мукаммал таъмирланиб, асл ҳолига келтирилди. 2008-2009 йиллар мобайнида яна 140 м. қисми Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тўлиқ таъмирланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилдаги қарори билан Дишонқалъа деворига 30 метр ҳимоя ҳудуди белгиланди.

Ичанқалъа девори эса, манбаларда ёзилишича, илк бор эрамиздан аввалги VI-V асрларда қурилган бўлиб, давр ўтиши билан бир неча бор таъмирланган. Деворнинг баландлиги 7-8 метр, қалинлиги қуйида 8-10, юқорида 2-3 метрни ташкил қилади, унинг устида бемалол аравада юриш имкони бўлган. Қалъа бир неча марта бузилиб-тузатилгани ҳақида тарихчи Худайберди Қўшмуҳаммад ўғлининг "Дили ғаройиб” асарида баён этилган. Бу тарихий деворнинг узунлиги 2200 метр бўлиб, тўрт томонга қарата қурилган дарвозалари бор.

Мутахассисларнинг ўрганиш натижаларига кўра, вилоятда 255 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, улардан 18 таси археологик, 133 таси меъморий, 66 таси ҳайкалтарошлик ёдгорликлари, 6 таси диққатга сазовор жойлар ва 32 таси зиёратгоҳлардир. Биз юқорида қалъа деворлари ҳақида қисқача ҳикоя қилганимиздай, 250 дан ортиқ мазкур иморатларнинг ҳар бири ўз тарихи – халқнинг ўтмиши билан чамбарчас боғланган кечмишига эга. Уларнинг барчаси Огаҳий, Мунис каби ўтмишда яшаб ўтган алломаларимиз томонидан тарихий китобларда зарб этилган.

Бу кўҳна заминда эрамиздан аввалги даврларга оид Хива қудуғи (э.а. III-I асрлар), Ҳазорасп шаҳри (э.а. IV-II а.), Тупроққалъа шаҳарчаси (э.а. IV-III а.) дан тортиб кейинги асрларда барпо этилган Ичанқалъа (XIII-XIV а.), Улли ҳовли мажмуаси (XVIII-XIX а.) сингари қадимий ёдгорликлар, Оқ шайх бобо (I-IV а.), Шайх Қосим бобо (VII а.), Паҳлавон Маҳмуд мақбараси (XIV а.) каби меъморий ёдгорликлар, Огаҳий, Аваз Ўтар каби улуғ шоирларнинг уй музейлари, мустақиллик йилларида бунёд этилган бебаҳо мажмуалар қалбларда ҳайрат уйғотади. Хоразм Маъмун академияси ва бу қутлуғ илм даргоҳидан етишиб чиққан буюк алломалар ҳам ўз она тупроқларини улуғлаб турадилар.

Қадимда Буюк Ипак йўлидаги марказий шаҳарлардан бири бўлган Хива юртимиз мустақиллиги шарофати билан бугун ҳам дунё сайёҳларининг эътиборини жалб этмоқда.

Тарихий дастуруламал

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан тасдиқланган "2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастури” соҳа тараққиётига қаратилган асосий дастуруламалдир. Унга мувофиқ 2013-2015 йилларда жами 214,3 млрд. сўмлик 204 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда афсонавий Хоразмнинг ўзига хослигини намоён этувчи, сайёҳларда ёрқин таассурот қолдирувчи барча имкониятлар қамраб олинган.

– Авваллари сайёҳлар учун Урганч ва Хива шаҳарларида жойлашган тарихий-меъморий обидалар билан оддий маданий танишув амалга оширилган бўлса, эндиликда биз бу қўҳна заминдаги бинолар ҳақидаги тарихий ҳақиқат билан очиқ-ойдин танишамиз, ҳар бир обида ҳақида илмий асосланган хулосаларга эга бўла оламиз, дейди "Ўзбектуризм” миллий компаниясининг вакили Абдулатиф . – Қолаверса, дастурда тарихий-илмий, тарихий-этник, маданий-кўнгилочар, экологик ва бошқа мавзулардаги янги сайёҳлик йўналишлари – фаол сайёҳлик, спорт сайёҳлиги, қишлоқ сайёҳлиги, велосайёҳлик, тиббий сайёҳлик, зиёрат каби ўндан ортиқ турлар ривожлантирилмоқда. Етти ёшдан етмишгача бўлган сайёҳларнинг эҳтиёжлари назарда тутилиб, кўнгилли саёҳатлар учун шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, вилоятга келувчилар учун саёҳат таклифлари географик жиҳатдан ҳам кенгайиб, аввалгидай, нафақат Урганч ва Хива шаҳарларини кўриш билан чекланмай, балки Гурлан, Боғот, Хазорасп, Янгибозор каби қолган туманларда ҳам янги йўналишлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Боғот туманидаги Қалъажиқ кўли соҳилида шифобахш сув билан соғломлаштириш мажмуаси барпо этилди. Бугунги кунда ушбу даволаш мажмуаси ҳудудида бир вақтнинг ўзида ёз мавсумида 100 нафар (қишда 40 нафар) кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган умумий овқатланиш шахобчаси, ўтовлар, қалъа атрофида туя ва отда сайр қилиш учун бекатлар ишга туширилди. Табиатсеварларга Қуйи-Амударё давлат биосфера ҳудудида иккита экскурсия йўналиши ишлаб чиқилиб, унда музей, ташриф маркази ва кутубхоналар ташкил этилди.

Мустақиллик йилларида яратилган ўзига хос бунёдкорлик намуналари сайёҳлар учун ўзгача олам, ўзгача завқ бахш этади. Миллий тарихимиз, анъаналаримизга ҳамоҳанг қурилган янги иморатлар, манзарали боғлар келажак авлодларга бизнинг бунёдкор давримиз ҳақида ҳикоя қилиши бешак. Жумладан, Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллигига бағишлаб бунёд этилган Авесто боғ-мажмуаси ЮНЕСКО нинг 30-сессияси қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2001 йилда тантанали равишда очилган. 20 гектар ҳудудда амфитеатр, дам олиш масканлари ва боғ ичида 16 метр баландликда Авесто ёдгорлиги ўрнатилган. Шунингдек, вилоятда мустақиллик йилларида бунёд этилган Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуалари ҳар қандай сайёҳни ҳайратга солади. Албатта, бу мажмуалар халқимизнинг буюк ўтмишини буюк келажаги билан боғловчи муқаддас ришталардир.

Урганчдан Хивагача

Утганчдан Хивагача ўттиз беш чақирим йўл. Аммо йўл бўйидаги бунёдкорлик ишлари асрларга татигулик. Йўл давомида тарихнинг турли асрларида қурилган бинолар ёнидан ўтиб бораркансиз, дунёнинг ўнлаб мамлакатидан келган хорижликларни учратасиз.

Урганч туманида 17 та лойиҳага умумий қиймати 21.650 минг, Хива туманида эса 91 та лойиҳага умумий қиймати 53.610 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг маблағ ажратилиб, дастур асосида сайёҳлик соҳасини тараққий эттиришга йўналтирилди. Унда, жумладан, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик йўналишлари ва хизматларини такомиллаштириш, маданий мерос биноларини қайта таъмирлаш каби қатор вазифалар кўзда тутилган. Ҳар икки шаҳар бош режаси ва шаҳарни марказий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳаси қайта ишлаб чиқилди. Барча маданий мерос объектлари ягона рўйхат бўйича тафсифлаб чиқилди. Кўчаларга бир намунадаги йўл кўрсаткичлари, йўл хариталари ўрнатилди.

Урганч халқаро аэропорти қайта таъмирланиб, барча қулайликлар яратилди. Бугун бу ерга Европанинг Париж, Милан, Франкфурт, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Волгоград каби катта шаҳарларидан ҳам самолётлар қабул қилинмоқда. Келгусида Вена, Мюнхен шаҳарларига ҳаво йўллари очилиши режалаштирилган. Янги терминал жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий қулайликларга эга. Бу ерда кенг ва ёруғ залларга энг сўнги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, "Duty free” дўкони, қаҳвахона шулар жумласидандир. Бундан ташқари бинода бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат қиладиган транзит зали ҳамда "VIP” ва "CIP” хоналари мавжуд.

Хивага бориш йўлидаги Шовот канали бўйида кемалар тўхташи учун махсус жойлар барпо этилиб, сайёҳлар қайиқларда сайр қилишлари, кўзлаган манзилларига сув йўли орқали етиб олишлари мумкин. Канал соҳилларида дам олиш масканлари, чўмилиш ҳавзалари, болалар майдончаси, замонавий боғлар, кўнгилочар гўшалар барпо этилди. Шаҳардаги "Табассум” ресторани қошида улкан санъаткор Худойберди Девоновга бағишланган мультимедияли музей, Ўлкашунослик музейи (Салимжон Қосимжон уйи) таъмирланиб, сайёҳлар учун қизиқарли масканларга айлантирилди.

Хива туманидаги Эшон Рават кўли бўйидаги сайёҳлик мажмуасида ўтовлар тикилиб, балиқ тутиш, сузиш воситаларини ижарага бериш ҳамда чўмилиш ҳавзалари ишга туширилди. Биби Ҳожар мақбарасида зиёратчилар учун муносиб шароит яратилди, Оллоқулихоннинг Боғишамол ёзги боғида маданий кўнгилочар тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Ичанқалъа ҳудудидаги Ёқуббой хўжа мадрасасида қўлда гилам тўқиш устахонаси ташкил этилди ва шунингдек, сайёҳлик йўналиши бўйлаб бешта хонадонда қўлда гилам тўқиш учун жиҳозлар ўрнатилиб, келувчиларга миллий ҳунурмандчилик сирлари намойиш этилмоқда.

Икки шаҳарда амалга оширилган ва оширилаётган лойиҳалар сони юздан ортиқ, уларни бир мақола доирасига сиғдириш мушкул.

Аммо шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундан уч йил аввал вилоятдаги меҳмонхоналар сони 18 та бўлиб, мингтага яқин сайёҳлар қабул этилар эди. Амалдаги дастур лойиҳалари якунланганидан сўнг, 2015 йилдан бошлаб меҳмонхоналар сони 29 тага етиб, қабул қилиш қуввати 1600 ўринга ортади. Айни вақтда вилоятга келаётган сайёҳлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бундан уч йил аввал хорижий мамлакатлардан 25 минг сайёҳ келган бўлса, ўтган 2013 йилда уларнинг сони икки баробарга, 50 мингга етди. Умумий ҳолатда вилоятга йилига юз мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрмоқда. Бугунги бунёдкорлик ишлари эса, сайёҳлар оқимини янада кўпайиб боришини таъмин этиши, шубҳасиз.

Эндиликда вилоятнинг энг чекка қишлоғидаги диққатга сазовор гўшалар ҳам сайёҳларга тавсия этилмоқда. Ҳар қандай киши бир маротаба келишида бунчалик кўп жойлар билан танишиш имкониятига эга эмаслиги ҳам маълум. Қолаверса, вилоятнинг бу қадар катта сайёҳлик салоҳияти юртдошларимиз учун ҳам янгилик эканлигини таъкидлаш жоиз.

Хоразмнинг ўзига хос санъати

Хоразмнинг буюк алломалари, тарихий-меъморий обидалари, ўзига хос табиати билан бир қаторда санъатсевар халқининг бетакрор ижоди, ҳунармандчилик анъаналари ҳам ўзига хос сеҳру-жозибага эгаки, ҳар қандай сайёҳнинг қалбини тўлқинлантира олади, унутилмас лаҳзалар бахш этади. Бир сўз билан айтганда, Хоразмнинг "Лазги”сини тинглаганда рақсга тушгиси келмайдиган одамлар бўлмаса керак.

Дастур доирасида сайёҳларнинг маданий хордиқ чиқаришларига йўналтирилган кўнгилочар тадбирлар тизими шакллантирилган. "Достон фольклор”, "Хива фольклор” этнографик халқ ансамбллари ва "Сайқал” оилавий фольклор ансамблидан иборат бадиий жамоалар кўҳна Оллақулихон мадрасасида сайёҳлик мавсуми давомида хорижликлар учун ҳар куни оқшомда ўз концерт дастурларини намойиш қиладилар. Огаҳий номидаги вилоят драма театри томонидан "Маҳтумқули”, "Дилда борим” каби спектакллар, саҳна томошалари сайёҳларга халқимиз турмуш тарзидан, тарихидан ҳикоя қилади. Бундан ташқари, ҳар куни Ичанқалъада сайёҳларга "Тоҳир ва Зуҳра”, "Насриддиннинг саргузаштлари”, "Алишер Навоий”, "Ўтган кунлар” каби ўзбек миллий кино санъатининг дурдоналари инглиз тилида субтитрларда намойиш этилиши йўлга қўйилган. Бир тарафда эса, Огаҳий номидаги драма театри ва вилоят қўғирчоқ театри ҳамкорлигида Тош ҳовли мажмуасида "Хон қабулида” деб номланувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари барчага манзур. Шунингдек, йил фаслларига кўра, Ичанқалъа Давлат музей қўриқхонаси худудида "Хоразм маданияти” фестивали, "Uzbekiston Travel Workshop” кўргазмаси, Бахши шоирлар, оқинлар ва ҳалфаларнинг Республика кўрик-танлови, "Гурвак – Хоразм қовунчилиги рамзи” савдо кўргазмаси каби ўнлаб оммавий тадбирлар ўтказиш анъанага айланмоқда. Шу билан биргаликда туманларидан келган фольклор этнографик жамоалар ва ёш санъаткорларнинг чиқишлари концерт дастурларига ранг-баранглик бахш этади. Хорижлик меҳмонлар учун қизиқарли бўлган миллий урф-одатларларимиз, анъаналаримиз – "Келин салом”, "Лачак тўй”, "Бешик тўй” ва қўчқор, хўроз уриштириш ўйинлари, миллий кураш, "Дарвешлар”, "Хон навкарлари” театрлаштирилган томошалари беқиёс завқ-шавқ уйғотади.

Сайёҳлар эътиборини жалб этадиган мўъжизалардан яна бири – совғалардир. Сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг хилма- хиллигини таъминлаш борасида дунёга донғи кетган Хива гиламлари, миллий либослар, ҳунармандлар томонидан тайёрланаётган эсдалик совғаларининг тури ва сони кўпайтирилиб, уларни тайёрлаш бўйича янги технологиялар жорий этилмоқда. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришни такомиллаштириш мақсадида "Хива сополи” корхонасига 85,0 млн.сўм миқдорида банк кредит маблағлари ажратилди. Корхона томонидан Хива тимсоли туширилган сопол идишлар, турли ҳайкалчалардан иборат етти турдаги совғалар тайёрланмоқда. Келгусида Хитой ва Венгрия давлатларидан янги технологик асбоб-укуналар сотиб олиш борасида келишувлар олиб бормоқда.

Ахир бу эсдалик совғалари дунёнинг турли шаҳар-қишлоқларига тарқалиб, Хоразмнинг ёрқин таассуротларини ёдга солиб туради.

Халқаро кўргазмага тараддуд

"Ўзбектуризм” миллий компаниясининг вилоят минтақавий бўлимининг бошлиғи Одил ака шу кунларда "Ипак йўлида туризм” номли йигирманчи маротаба ўтказилаётган Тошкент халқаро сайёҳлик кўргазмасида вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотига тайёргарлик кўраётган экан. ТХТК дунёдаги илғор халқаро тадбирлардан бири бўлиб, ўтган 2013 йили унда 24 та хорижий мамлакатдан келган 65 та сайёҳлик компанияси иштирок этган ва 12 мингдан ортиқ қизиқувчилар мазкур тадбирга ташриф буюргандилар. Бу кўргазма юртимиздаги сайёҳлик ташкилотлари учун катта имконият ва ундан самарали фойдаланиш керак. Чунки хорижда бўладиган халқаро тадбирларга боришга катта йўл ҳаражатлари, анчайин вақт, намойиш воситаларини олиб бориш қийинчиликлари бор. Тошкентдаги кўргазма эса ўз уйимиздагидай, қолаверса, бу тадбирга айнан бизнинг юртимизга қизиқувчи, албатта ҳамкорлик қилишни кўнглига тугиб қўйган сайёҳлик ташкилотлари келадилар. Хоразм вилоятининг хорижлик ҳамкасбларга тақдим қиладиган сайёҳлик имкониятлари эса беқиёс ва у йилдан йилга эмас, кун сайин ортиб бораётганлиги нафақат бизга, бутун дунёга ҳам маълум.

– 2013 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган XIX-Ташкент халқаро сайёҳлик кўргазмасида вилоятдан 30 та сайёҳлик ташкилоти иштирок этган, – дейди "Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм минтақавий бўлим раҳбари Одил ака. – Ўшанда сайёҳлик ташкилотимиз қаторида Ичанқалъа Давлат музей қўриқхонаси, вилоят қўғирчоқ театри, "Сайқал” фольклор жамоаси ва ҳунармадлар иштирок этиб вилоятимиз ҳақида катта таассурот бера олганлар. Бу йилга XX-Тошкент халқаро сайёҳлик кўргазмасига вилоятдаги 40 дан ортиқ сайёҳлик ташкилотлари ва ресторанлар, фольклор жамоалари, ҳунармандлар иштирок этиши режалаштирилган.

Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро кўргазмаларда кенг тарғиб этиш, жаҳон туризм бозорида муносиб ўрин эгаллаш учун кураш мунтазам давом этадиган жараёндир. Бу борада Хоразмдаги сайёҳлик ташкилотларининг фаолияти ҳам диққатга сазовор. Ўтган 2013 йилнинг март ойида "Мего-инфо-тур” лойиҳаси бўйича дунёнинг Канада, Аргентина, Ҳиндистон, Италия, Австрия, Бельгия, Германия, Япония, Франция каби 18 мамлакатидан оммавий ахборот ва туроператорлик ташкилотларининг вакилларига вилоятнинг сайёҳлик имкониятлари атрофлича таништирилган. Шу лойиҳа доирасида жами 171 нафар киши, жумладан хорижий туристик ташкилотлардан 160 нафар ва 11 нафар оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ташриф буюришган. Жорий йил июн ойида эса япониялик мутахассислар келишиб, минтақанинг сайёҳлик имкониятларидан ҳайратда қолдилар. Айни вақтда вилоятдаги "Бек-тур” ва "Қалжиқ тур” сайёҳлик компаниялари Францияда ўтказилган "TOP REZA” сайёҳлик кўргазмасида, "Жавҳар Ҳулкар” сайёҳлик ташкилоти Германияда ўтказилган ITB халқаро сайёҳлик кўргазмасида фаол иштирок этдилар. Юқорида таъкидланган ташкилотлар қаторида "Зуҳро травел” сайёҳлик ташкилоти ҳам жаҳон туризм бозорига чиқиш борасида самарали ишлар олиб бормоқдалар. Улар томонидан Франция, Италия, Польша, Эрон, Турманистон ва Африка давлатларидаги сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилган. 2014 йилнинг биринчи ярмида ушбу ҳамкорлик натижасида бир ярим мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар Хоразмга келиб кетдилар.

Вилоятнинг сайёҳлик имкониятлари интернет тизими орқали ҳам тарғиб этилмоқда. Хоразм Маъмун академияси томонидан дастур доирасида "Хумбуз тепа”, "Султон Вайис – энг оммопоб ва муқаддас жой”, "Шерғозихон мадрасаси”, "Муҳаммад Раҳимхон саройида мақом”, "Кат қалъаси тарихи” ва бошқа диққатга сазовор жойлар ҳақидаги мақолалар тайёрланиб, "Wikipedia” электрон энциклопедиясига жойлаштирилди.

Хоразмнинг сеҳру жозибаси ҳақида жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Бизнинг бу ҳикоямиз кейинги икки йил давомида вилоятда сайёҳлик соҳасини ривожига қаратилган дастур асосидаги айрим лойиҳалар ижросига бағишланган, холос. Икки йил давомида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини тасаввур этишнинг ўзи қийин. Афсоналар шундай яратилса керакда...

Аслида, минг бор эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал, дейди донишманд халқимиз.

Хоразмга йўл олинг!

Ҳумоюн Акбаров

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР