Шевченконинг Хоразмга ташрифи
Қуролланган 300 нафар аскар ихтиёрида замонавий олтита тўп ҳам бор эди. Хон қўшини эса, гарчи сон жиҳатидан кўп бўлса-да, қилич ва найзаларгагина эга бўлган. Табийки, жанг кечган тақдирда Бутаковнинг уч кемага жойланган 300 та аскари ғолиб чиқиши аниқ эди. Бироқ жанг бўлмади. Контрадмирал Алексей Иванович Бутаков (1816-1869) экспедицияси бир қанча вақт Хоразмда бўлиб, ортга қайтди. Экспедиция сафидаги 300 та аскар орасида эса украин шоири Тарас Шевченко ҳам бор эди…

Тарас Григорьевич Шевченко 1814 йилнинг 9 мартида Киев губерниясининг Маринси қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Онасидан 9 ёшида ажралгани учун болаликданоқ йирик помешчиклар қўлида хизмат қилишга мажбур бўлди. Тарасда туғма иқтидор бор эдики, бўшади дегунча расм чизиш билан шуғулланарди. Буни яхши билган хўжайини Энгельгард уни Ширяев деган рассомга шогирдликка берди. Вақт ўтиб, Тараснинг иқтидоридан Украинанинг машҳур мусаввири Кенгиканов-Брюллов, таниқли шоир Жуковскийлар хабар топиб, болакайни крепстнойлик зулмидан озод этишди. Ана шу инсонлар сабаб, 1838 йилда у рассомлик академиясига ўқишга қабул қилинди. Шу тариқа Шевченко ижод оламига кириб келиб, нафақат расмлар чизди, балки «Ғарк бўлган қиз», «Катерина», «Кўр аёл», «Тарас кечаси», «Гайдамаклар», «Сув париси» сингари баллада, достонлар яратиб, шоир сифатида довруқ қозонди.

Унинг ижодида акс этган халқона исёнкорлик, помешчиклар зуғумига қарши кураш тасвирлари боис, 1847 йили Шевченко жандармерия томонидан ҳибсга олинди. Кейин ўн йил сургунга—Оренбург линия батальонига оддий аскарликка юборилди.

Шевченко айнан Оренбурга бадарға этилган пайтда чор империясининг Ўрта Осиё, хусусан, Хива хонлигига қизиқиши, уни истило этиш учун ўрганиш жараёни давом этаётганди. Ана шу ниятда 1848 йили адмирал Бутаков бошчилигидаги 300 нафар аскар уч кемада Орол денгизи қирғоқларини ўрганиш учун Хива хонлиги томон сафарга чиқди. Бутаков экспедицияси ўтган жойларни суратга олиш мақсадида рассом сифатида Тарас Шевченкони ҳам ўзи билан олиб кетган эди. Экспедиция Сирдарё орқали Орол денгизига, у ердан Амударёга ўтиб, ҳар иккала дарё, Орол денгизи атрофларини ўрганди, Чимбой, Манғишлоқда бўлди.

Ушбу ҳудудлар эса Хива хонлиги таркибида эди. Табийки, Хива хони ҳар қандай экспедициянинг ижозатисиз ўз ҳудудига киришига қарши эди. Шу боис Хоразм ҳукмдори Саид Муҳаммадхон Маҳмуд Ниёз ясовулбоши итоатидаги қўшинни Қўнғирот томон жўнатади. Қолаверса, бу пайтда айнан Қўнғиротда Хива хонига нисбатан Муҳаммад Фано бошчилигида исён кўтарилганди. Ҳукмдор бир ишдан ҳадиксирарди. Агар Бутаков қўшини Қўнғиротга бориб, исёнкор Фано ундан ёрдам сўрагудек бўлса, икки ўртада жанг келиб чиқиб, замонавий қуролларга эга чор қўшини хон навкарларини мағлуб этарди. Аммо Хива хони ҳам анойи эмас эди. У тезда чора кўриб, Қўнғиротдаги исённи бартараф этди, Фано дорга осилди.

Бутаков қўшини Қўнғиротга етиб келганида исён бостирилганига ун кун бўлганди. Дарёда уч кемани кўрган хон Шоҳмурод иноқ, Муҳаммад Маҳрам,Абдулла мингбоши навкарларини дарёнинг икки тарафига жойлаб, жангга ҳозирлади.

Бу ҳақда Огаҳий шундай ёзади: «Алқисса, сипоҳи Нусратпаноҳ тўрт тарафдин ҳужум этиб, учонлар(кемалар)ни ўртага олиб, ҳазрати аъло ҳоқонийдан рухсат тиладилар. Токим, барча бирдин қасд қилиб, бир ҳамлада учонларни вайрон ва кофирларни жаҳонга келмагонлар билан яксон қилгайлар. Ул чоғда ўрислар бу ҳолни кўруб, учонларни дарёнинг ғарбий қирғоғига еткуриб, лангар ташлаб турдилар»

Ушбу воқеа тўғрисида эса адмирал Бутаков «Дневние записки плавания А.И.Бутакова на шхуне» Константин для исследования Аральского моря в 1848″ асарида экспедиция Оролбўйида бўлганида хонлик ичида ўзаро исён, низо бўлиб ўтганини таъкидлаб ўтади.

Табийки, исён, низо-нифоқ хонликнинг ўз ички иши эди. Шу боис Бутаков экспедицияси Саид Муҳаммадхон қўшини билан жанг қилмай, мақсади Оролбўйи, Сирдарё ва Амударё этакларини ўрганиш эканини айтади. Шу билан жангга чек қўйилди. Хонлик қўшини Хивага қайтди. Бутаков экспедицияси Оролбўйида, Амударёда, Чимбой, Қўнғиротда қолиб, 1848-1849 йиллар давомида хонликка тегишли сарҳадларни ўрганди. Албатта, ушбу эксепдиция ўз номига кўра илмий бўлсада, чор империяси манфаати, мустамлакачилиги учун хизмат қилаётганди. Хусусан, қўшин сафидаги Тарас Шевченко ҳам экспедиция мақсадини биларди. Оренбургга бадарға этилган аскар бўлгани сабаб, қолаверса, Бутаковнинг ўзи уни махсус қўшинга тортганидан Хоразм сарҳадларига келиб қолганди.

Бутаков қўшини шу зайл воҳада бўлиб, 1849 йили ортига қайтиб кетди. Бироқ Тарас Шевченко Оролбўйида, Қўнғирот, Чимбой, Хива хонлиги тўқайзорларида, Амударёда юриб, яратган расмлари «Прекрасный акварельный альбом видов Аральского моря» тўпламидан жой олди. Кўрган-кечирганлари эса «Кундаликлар» ига битилди.

Шевченко Орол денгизининг Қўс оролида шундай шеър битганди:

Нима қилай? Мен Орол бўйлаб,
Тентирайман гоҳида ўйлаб,

Шеър ёзаман кезиб, яширин,
Ифодалаб қалбимнинг сирин,

Баён этиб кўрганларимни,
Сезганларим илҳом паримни,

Руҳлантирар, такрор ва такрор
Шеър ёзаман нима чорам бор?

Қувиб ғамни солдатга монанд,
Бутун қалбим ҳиссиёт-ла банд.

Бошқа бир шеърида эса яна шундай сатрлар бор:

Узоқ кездик денгизда сарсон,
Сирдарёга чиқдик бир замон,

Лангар ташлаб тўхтаган бўлдик,
Яъни бўшаб дам олган бўлдик..

Хуллас, Шевченконинг Оролбўйи, Амударё ва Сирдарё қирғоқларига келиши, Хива хонлиги ҳудудида бўлиши илҳом бахш этганди.

Лекин расмий Санкт-Петербург, исёнкорлиги учун бадарға этилган Оренбург линия батальони оддий аскари Шевченкони ўз экспедициясига қўшиб, Хоразм сарҳадларига олиб боргани учун адмирал Бутаковга ҳайфсан эълон қилди. Подшо маъмурияти мустамлакачилик ниятида ташкил этилган экспедицияга исёнкор шоир ва рассом қўшилиб қолганидан норози бўлганди. Шу тариқа 10 йиллик бадарға ҳам тугади. 1857 йил Шевченко Оренбургдаги тутқунликдан қутулди.

Дўстлари ёрдамида Петербургга, кейин эса Украинага бориб яшади, ижод қилди. Аммо тутқунликда кечирган ҳаёти, мудом кузатув остида бўлгани, таъқиблар таъсири унинг соғлигини издан чиқарганди. Ана шу боис Шевченко хасталикдан 1861 йил 10 мартда ҳаётдан кўз юмди.

Унинг Хоразм сарҳадларига келиб, Амударё ва Оролбуйи қаълаларида юриб, чизган расмлари, кундаликларидаги битиклари эса тарихда боқий асарлар бўлиб қолди.

Тарас Шевченко чизган суратлардан

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР