Хива хонлигида руслар. (1-қисм)
Ваколатига Хива хонини назорат қилиш топширилган Амударё бўлими бошлиғи қилиб тайинланган ҳарбийларнинг аксарияти полкованик унвонига эга бўлган: Иванов, Глушановский, А.Самсонов, Дрягин, Ликошин, Колосовский. Ушбу полковниклар ўзларини, ҳатто, Хива хонидан ҳам устун, мутлоқ ҳоким санар, у билан менсимай муомилада бўлишарди. Айниқса, 1913-1916 йилларда Амударё бўлими бошлиғи бўлган полковник Колосовский империя марказидаги бошбошдоқлик, 1-жаҳон уруши сарсонгарчилигидан фойдаланиб, бойиш исканжасига тушди. У ҳатто, Хива хонидан ҳам пора оларди.

“Май ичган кишининг оғзидан қулоғигача кесилсин!”

Капитан Муравьёвни бу жаноб бағоят ажаблантириб қўйди. Негаки, у бошқа ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, табобат ҳамда мунажжимлик билан машғул бўлар, шунингдек, шахмат ўйинида доимо қўли баланд келарди. Араб ва форс тилларини билган тақводор ҳукмдорни шу боис халқ “охун хон” деб, сарой муаррихлари анъанага биноан Муҳаммад Раҳимхони Аввал, Муравьёв сингари элчи ва расмий доиралар эса Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Биринчи деб атарди…

У тахтга ўтирган 1806 йилда ичкилик ичишни таъқиқлаб, ичган ва банг чеккан киши, ким бўлишидан қаътий назар, оғзидан қулоғигача кесилиши ҳақида фармон чиқариб, ижросини шахсан ўзи назорат қиларди. Хон май ичиш, кўкнори чекиш наслни бузаётганини англаб, бу балои офатнинг олдини олишга интилди.

Очиқ чеҳрали, кўзлари кичик, сарғиш соқолли хон жуда кам ухлар, қаерга борса, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, кейин асосий мақсадга кўчарди. Муҳаммад Раҳимхон ўзига мурожаат қилган кишининг мансабию, амалига, қайси сулоладалигига, олийнасаб эканлигига эмас, ишига қараб баҳо берарди. У хонлик тарихида биринчи бор ўзи бошчилигидаги икки кишидан иборат олий кенгашга асос солди.

Кенгаш ҳар жума куни хон саройининг кўриниш хонасига чақирилиб, унда ўтган ҳафта давомида хонлик ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар муҳокама қилиниб, ташқи ва ички сиёсат борасида кенгашиб олинарди. Кенгашдан сўнг “охун хон” хоразмнинг тафаккурли олиму фузалолари, шоиру донишмандлари билан шариат ва илму адаб бўйича суҳбатлар ўтказар эди.

Муҳаммад Раҳимхоннинг тарих олдида қилган унутилмас ишларидан бири 1816 йилда дунёдаги энг ажиб тахт ясаганидир. Ушбу тахт ёғочдан ишланган бўлиб, ситри юпқа кумуш билан қопланган ва унга исломий нақшлар ила жило берилган эди. Кейинчалик 1873 йилдаги Русия босқини даврида тахт Хивадан олиб кетилиб, Москвадаги қурол-аслаҳа палатасига қўйилгач, тахтни илмий жиҳатдан тадқиқ қилган рус олими В.Стасов унга шундай баҳо берганди. “Тахтнинг ҳамма жойи Ўрта Осиёдаги гул ва ўсимликларни ўзида намоён этувчи жуда чиройли нақшлар билан безатилган. Бу тахт Хива усталарининг маҳорат чўққиси, яъни металлга гул солиш санъатининг бетакрор маҳсулидир. Тахтнинг орқа суянчиғи тепасига нақш ишланган бўлиб, унга араб алифбосида настаълиқ хатида ёзув битилган. Тахтдаги учбурчак нақшнинг рамзий маъноси дунёнинг абадийлиги, уч барги эса эзгу ғоя, эзгу фикр, эзгу ишни билдиради. Қолаверса, жамиятнинг асоси бўлган уч табақа-олимлар, деҳқонлар ва навкарларни англатган….”

Кавказдаги рус армияси генерали А.Ермолов топшириғига кўра, майор Пономарёв ва капитан Муравьёвлар “охун хон” даврида хоразмда бўлишган эди. Ўша сафардан сўнг Муравьёв “1819-20 йилларда Туркманистон ва Хивага сайёҳат” номли китоб ёзиб, 1822 йилда асарни Москвада нашр қилдиради. Асарда у шундай ёзган эди.

“ 1819 йилнинг 20 ноябрида бизни Хива хони Муҳаммад Раҳимхон қабул қилди. Эртасига расмий қабул маросими ўтказилди. Эллик ёшлардаги хон ташқи қиёфасидан одамни ўзига жалб этадиган, очиқ чеҳрали, кўзлари кичик, узун бўйли, кучли, соғлом киши эди. У ўта ақлли, лекин қаттиқўл, шубҳаланувчан, саводли эди. Она тилидан ташқари, араб ва форс тилларида бемалол ёзар, гапира оларди. Хон мунажжимлик ва табобат илмидан яхши хабардор бўлиб, у ўз саройида мунажжимларни сақлар, улар бўлажак воқеаларни бехато айтиб бера оларди. Табобат бошқа фанларга нисбатан анча ривожланган, лекин касалларни даволашда ғайритабиий хусусиятлардан кўп фойдаланиларди. Масалан, иссиқликни муз билан, совуқликни иссиқлик билан, заифликни қиздириш йўли билан даволашарди. Табиблик наслдан наслга ўтиб, шифобахш ўсимликларни махфий сақлашарди. Чунки уларнинг кўплаб дардларга даво бўлишини яхши билардилар. Улар айниқса, шифобахш гиёҳлар билан турли яраларни даволашга устаси фаранг. Шу билан бир қаторда хиваликлар Осиёнинг бошқа давлатлари, Оврўпа шифокорларининг илм ва тажрибаларига ишонишади. Касалликларни даволашда ҳали ҳам сеҳргарликка умид боғлашади. Чунки табобат бу ерда ўрта асрлар даражасида сақланиб қолган. Барча Осиё халқлари каби улар ҳам Луқмони ҳакимдек улуғ табиб ўтганини билишади, унинг тажрибаларига амал қилишади. Шарқ табиблари одам танаси тўртта суюқликдан ташкил топган, ҳаёт ва соғломлик шу суюқликларнинг муносабатига боғлиқ, деб тушунадилар.Қон олишга, айниқса, бошдан қон олишга катта аҳамият берилади. Хивалик ўзбеклар жуда соғлом, кучли меҳмондўст. Уларнинг яхши кўрган таоми-палов. Буғдой нони ва маставани хуш кўрадилар. Туя ва от гўштини истеъмол қилишмайди. Шакар ва бошқа ширинликларни жуда ёқтиришади. Хива хонининг ўзи ҳам табиблик қилар, аҳоли соғлиғини назорат қилиш, беморларни даволаш учун саройда кўплаб табибларни сақларди”.

Капитан Муравьёвни ҳайратлантирган хоразмликлар ва уларнинг барваста ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхоннинг эли соғлиғини ўйлаганича бор эди. Зеро, соғлом кишилардан таркиб топган халқгина қудратли бўлишини у биларди. Шу боисми, унинг қўшини Бухоро ва Эрон навкарлари билан бўлган жангларда ҳамиша ғалаба қозонган.

Хон ҳазратларининг айнан ичкилик ва банг чекиш соғлиқ кушандаси эканлигини, наслни бузишини англаб, таъқиқлаганиям айнан шундан. Соғлом бўлган барваста хонни ҳатто, энг кучли от ҳам кўп вақт кўтариб юра олмаган.

Хива хонлари тарихида ана шундай машҳур хон 20 йил давомида халққа ҳукмдорлик қилиб, 1825 йили вафот этди.

Пётр Биринчининг порт шаҳри

Шарқда, айниқса хонлик даврида шаҳарлар номи маълум бир уруғ номи билан аталар, ёки қачонлардан бери номланиб келинаётган топоним ҳам афсона ва ривоятлар билан боғлиқ бўлиб, кўпинча шахс номи билан юритилмасди. Аммо Хива хонлигидаги бир шаҳар-Амударё бўйидаги европача ҳудуд номи эса 1873 йилда Россиянинг иккита императори номига қўйилганди. Хўш, нега?

Пётр Биринчининг 1717 йилдаги армони бошқа бир император Александр 2 даврида-1873 йили ушалди. Хива хонлиги Чор Россиясининг мустамлакасига айланди. 12 августдаги Гандимиён шартномасига кўра, Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ерлар Россия ихтиёрига ўтди…

Шаҳзода Лейхтенбергнинг таклифига кўра, императорлар Пётр ва Александ шарафига Амударё Матниёз девонбегига қарашли 3227 таноб ер майдонидаги янги шаҳар барпо этишга киришилди. Петро-Александровск деб номланган шаҳар қозиғини Туркистон генерал губернатори Фон Кауфман қоқди. Табиийки, бу шаҳар Амударё бўйларидаги илк Оврўпа порт шаҳри эди. Хоразмнинг ўша вақтдаги зиёлилари бу ерни “Пётрнинг порт шаҳри” деб атай бошлагач, бу атама маҳаллий орасида оммалаша бошлади.

Шу тарзда улар ер ости омборлари, қурол-аслаҳа хоналари, шифохона, мактаб, босмахона, почта-телеграф, зобитлар уйи, пиво ва ёғ заводини қуриб битказдилар. Айниқса, маҳаллий халқ “Аллейка” деб атайдиган маданият ва истироҳат боғи шаҳарга Европа тусини берар, икки қаватли Русия консулхонаси ҳашамдорлиги билан порт шаҳарга кўрк бағишлаб турарди.

Бора-бора шаҳарга руслар, казаклар кўчиб келтирила бошлангач, порт шаҳар иккига-европаликлар яшайдиган янги шаҳар ва маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган кўҳна қаъладан иборат бўлиб қолди.

1874 йил бошида Петро-Александровскда 498 урал казаклари яшаган бўлса, йил охирида яна 2070 казак кўчириб келтирилди. Табиийки, дарё бўйида жойлашган ушбу шаҳарга юклар энди кемалар орқали ташиладиган бўлди. Гарчи 1873 йил Хива юришларида қатнашиш учун “перовский” ҳамда “Самарқанд” номли икки кема (268 киши 3 баржа билан) дарё орқали келган бўлса-да, уни хоразмлик қаҳрамонлар 8 та жойда 12 метр қалинликдаги ёғоч тўсиқлар билан юргизмай қўйганди. Шу туфайли кемалар урушда қатнаша олмади.

1874 йилда эса порт шаҳар-Петро-Александровскка полковник Столетов бошқарган “Петровский” теплоходи Янги сув, Девқара кўли орқали дарё билан етиб келди. Кўп ўтмай, Орол денгизи ва Амударёдаги кемалар махсус юк ташувчи флотилияга бирлашди. Дастлабки йилларда “Пётр 1”, “ Царица”, “Вера”, “Самарқанд”, “Меркурий” номли саноқли кемалар бўлган бўлса, 20 аср бошларида қуйи Амударё этакларида сузувчи кема ва қайиқлар сони 1500 тага етди. Шунингдек, “Пётрнинг порт шаҳри”да кема ва қайиқларни таъмирлайдиган матрослар устахонаси ва казаклардан иборат бурлоқлар посёлкаси ҳам барпо бўлади.

Гарчи Пётр 1нинг орзуси император Александр 2 босқинчилиги сабабли амалга ошган, ҳар икккалалари шарафига Амударё бўйида порт шаҳри вужудга келган бўлсада, мустамлакачилик учун қадим Жайҳуннинг ўзи ўч олди. Одатий сокин оқиб келган Амударё (Жайҳун) айнан ана шу порт-шаҳар қурилган йилдан бошлаб тез-тез тоша бошлади. Яъни 1881, 1890, 1892, 1904, 1907, 1909 йилларда дарё тошқини сабабли Пётрнинг порт шаҳрига катта зарар етди. Орадан кўп ўтмай, ҳар иккала босқинчи император номи мозий қаъридан жой олиб, порт-шаҳар азалий одатга кўра Тўрткўл, деб атала бошланди.

Князга ер сотган ҳокимлар

“Эр киши ер сотмайди, ер сотган эр бўлмайди”. Ойбек домла қаламига мансуб “Қутлуғ қон” романида Мирзакаримбой Йўлчига шундай дея насиҳат қилган эди. Буни қарангки, кўҳна тарихда иложсизликдан нафақат фақирлар, балки бадавлат ҳокиму хонлар ҳам ер сотишга мажбур бўлган экан…

Бағоят хушманзара жой ҳукмдор дидига мос келиб, унда шу ерда сарой ёки дала ҳовли солиш истаги туғилди, дейлик. Қаъла девори барпо этилаётганда девор тикланаётган ерда бирор эски иморат учраса нима бўлган? Масжид ёки минора қуриш учун лойиқ, деб топилган маскан кимгадир тегишли бўлиб, аъло ҳазратлари фақат шу жойга Аллоҳнинг уйини ҳамда азон айтиш учун минора тиклашни лозим кўрса-чи?

Бундай пайтда хон мулк эгаси билан келишган ҳолда ерни сотиб олган ҳолатлар тарихда кўп маротаба содир бўлган. Аммо ер эгаси хоннинг пули кўп деб, оғзига келган нархни айтиб, савдолашмасди. У ҳукмдордан қўрққанидан эмас, ердан қанча ҳосил олаётганидан келиб чиқиб, баҳони айтган. Табиийки, лафзга ишонган ҳукмдор айтилган пулни бериб, ўша ерда ўз истагига кўра, минора, масжид, сарой, қаъла барпо этаверган.

1873 йилдан Хива хонлиги Россиянинг мустамлакасига айлангани боис, ҳатто, хонлар ҳам чор амалдорлари олдида итоаткор бўлиб қолган эди. Хонликда етиштирилган хом-ашё тўғри Россияга ташиб кетиларди. Амударё бўлими бошлиғининг 1907 йилги ахборотида қайд этилишича, 1906-1907 хўжалик йилида Хива хонлигидан 106 минг пуд мол териси, 17 минг пуд жун ва 130 минг пуд беда уруғи Россияга олиб кетилган.

Мустамлакачилар шу билан қаноатланиб қолмай, хонлик ҳудудидаги турли ерларни ҳам сотиб олишга киришади. Хусусан, 1913 йилнинг апррелида Янги Урганч почта-телеграф идораси бошлиғи П.Подобед тўлиқ мулк эгаси бўлиш ҳуқуқи билан Янги Урганч беклигидан 45 таноб ер майдонини сотиб олди. Шунингдек, инженер-технолог Рудинский 1913 йилнинг октябрида ўз номига мулк қилиб ўтказиш учун Кўҳна Урганч билан Оқтепа оралиғидаги Гандимкалла овулидан 10-15 десятина (бир гектарга яқин ер ўлчови) ер майдонини харид қилади.

Ер сотиб олиб бойиш ва бу ерларда пахта етиштириб сотишни кўзлаган, нафси ҳакалак отганлардан яна бири княз К.Андроников эди. У Кўҳна Урганч ҳокими Нурмуҳаммаддевон, Қўнғирот ҳокими Қутлуғмуродбой, Урганч ҳокими Оллаберганбек, Илонли ҳокими Бободевон билан музокаралар олиб бориб, кўплаб ер майдонларини сотиб олди. Табиийки, ҳокимлар ва ҳатто, Исфандиёрхон ҳам Чор Россияси мустамлакаси бўлгани боис, княз ва бошқа дворянларнинг талабини бажаришга мажбур эди. Шу сабабли, ҳокимлар ва Исфандиёрхон ватани, қолаверса, хонлик фойдасига бироз “шумлик” ишлатди. Яъни, улар хонликдаги ҳар бир экин экиладиган ер ўз эгасига тегишлилиги, бу ерларни сотса, халқ ғалаён бошлашини айтди. Халқ исён бошлагудек бўлса, мустамлакачилик барҳам топиши мумкинлигидан қўрққан, аммо ер сотиб олиб бойиш орзусидан қайтмаган князу дворянлар Исфандёрхоннинг талабига рози бўлишди. Хон князга фақат ўзлаштирилмаган ерларнигина сотиб олиш мумкинлигини айтганди. Бошқа чора йўқлигидан, ҳокимлар кўрсатиб берган жойлардаги ерларни княз ва дворянлар сотиб ола бошлади.

Шу тахлит 1913 йилнинг 17 июнида княз Андроников Хўжайли шаҳридан қуйироқда меросхўрларига мулк қилиб қолдириш ҳуқуқи билан 25 минг таноб ер майдонини эгаллади. Шунингдек, княз ўз ёнига шериклар топиб, ўша йили декабрда ҳарбий муҳандис А.Путилов, полковник Ермолаев ва Рус-Осиё банкининг Янги Урганчдаги бўлими бошқарувчиси И.Фрюлинглар билан Лавзан канали бўйидан 20 минг десятина ер майдонини мерос қолдириш ҳуқуқи билан 650 минг сўмга сотиб олдилар.

Ер олишда княз Андрониковнинг нафси шу даражада ҳакалак отган эдики, Туркистон генерал-губернаторининг 1914 йил 13 мартдаги ахборотида қайд қилинишича, у Лавзан бўйидан яна 20 минг десятина ва Кўҳна Урганч беклигидан 300 минг таноб ер майдонини, Хива темир йўл қурилишини лойиҳалаштирувчи корхоналарнинг Кўҳна Урганч билан Оқтепа оралиғидаги ерлардан 500 минг таноб ер майдонини ҳоким Нурмуҳаммадевон орқали хондан сотиб олганлиги қайд қилинди.

Княз шу ерлар билангина қаноатланиб қолмай, йил охирига бориб, яна ер сотиб олган. Амударё бўлими бошлиғининг Сирдарё вилоят ҳарбий губернатоига 1914 йил 12 декабрда ёзган хатида княз Андрониковнинг хондан ҳоким орқали яна 23 минг десятина ер сотиб олгани ёзилган.

Княз Андрониковнинг ерга тўймаслигини кўрган яна бир княз П.Голицин ҳам 1914 йилда 40 минг таноб ерни 99 йил муддатга ижарага сотиб олди. Шунингдек, Петрос Бахтамянц ва Арсен Алвонянц каби Россия фуқаролари бўлган дворянлар ҳам Қипчоқ беклигининг Илонқир деган жойидан 1 минг 54 таноб ер майдонини ижарага олдилар.

Табиийки, княз Андроников ва бошқаларнинг сотиб олган ерлари ўзлаштирилмаган бўлиб, унга биринчи навбатда сув олиб бориш зарур эди. Шу ниятда княз муҳандис Гржегеогржевский ва Мастицкийларга Хўжайли, Кўҳна Урганч ва Оқтепа ҳудудларидан сотиб олган ерларига сув чиқариш йўлларини излашни топширади. Негаки, ер сотган ҳокимлар ва Исфандиёрхон ишлатган шумликка кўра, княз ва бошқаларга сув чиқиши қийин бўлган ерлар сотилган эди. Шу туфайли княз яна чиқим қилиб, ерларга нефть ёрдамида ишлайдиган сув насослари ўрнатишга мажбур бўлди.

Гарчи княз Андроников ва бошқалар сотиб олган ерларига 1915 йилдан ишлов беришга ҳаракат қилса-да, Жунаидхон бошлиқ исёнкорларнинг шу йил охирида мустамлакачиларга қарши кўтарган ғалаёни боис, нафси ҳакалак отиб олган ерларини ташлаб, жон қайғусида типирчилаб, Россияга қочишга мажбур бўлдилар. Бойиш орзусида ҳокимлардан ер сотиб олган князларнинг кўзига сарфлаган пулларим, қурдирган насослари эмас, жонлари қадрли бўлиб кўринган эди.