Хивалик Шокир Абдуллаев мамлакатимизда яратилган ана шундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, юксак муваффақиятларга эришаётган моҳир ҳунармандлардан. У пўстиндўз ва чўгирмачи уста сулоласининг еттинчи авлоди вакили. Унинг мўъжазгина устахонаси “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган. Ҳунарманд тайёрлаган бош кийимларининг элликдан ортиқ тури Хоразмга келган сайёҳлар орасида машҳур.
Манбаларда қайд этилишича, қадимги Хоразмда бош кийим ғурур, ифтихор рамзи ҳисобланган. Бош кийимни бошқа бировники билан алмаштириш ёки ижарага бериш тақиқланган. Отанинг бош кийими фақат унинг ўғлига мерос қолдирилган. Ҳозирги кунда ҳам аксарият хоразмликларнинг уйида аждодлардан мерос қолган турли чўгирмаларни учратиш мумкин.
Шокир Абдуллаевнинг айтишича, қадимда хоразмликлар катта думалоқ чўгирма кийган. Бинобарин, чўгирма воҳа аҳолисининг этник хусусиятларини янада яққол намоён этади. Чўгирманинг тўгалак, шерози ва силкма турлари мавжуд. Мазкур “телпаклар”нинг дастлабки нусхаси “Тўгалак чўгирма” бўлиб, XIX асрда яратилган. Тери ёки қалин матодан текис қилиб тикилган, атрофига қоракўлдан босма шаклда ишлов берилган ушбу бош кийимни дастлаб ҳукмдорлар, кейинчалик аҳолининг барча қатлами кийган. Калта жунли Ҳазорасп услубида тикилган чўгирма “Шерози чўгирма”, деб аталади. У янги туғилган қўзичоқнинг терисидан ихчам қилиб тикилгани учун ҳозирги телпаклардан бироз фарқ қилади. Ўтган асрда яратилган, асосан қуйи қатлам вакиллари орасида урф бўлган чўгирма эса “Силкма чўгирма”дир. У қўй жунидан думалоқ шаклда ва катта ҳажмда тикилади...
Бугун уста томонидан қадимий анъаналарни сақлаб қолган ҳолда миллий бош кийимларнинг замонавий турлари ҳам яратилмоқда. “Шерози”, “Жирмиз”, “Қамар”, “Сур”, “Ўрик гулли” каби чўгирмалар аҳоли орасида тобора урф бўлмоқда.
Халқимизнинг бундай бетакрор ҳунармандлик намуналари маҳоратли ва зукко ёшлар томонидан давом эттирилмоқда. Муҳаммаджон ва Ферузбек Абдуллаевлар чўгирмачи-пўстиндўз ҳунарманд сулоласининг саккизинчи авлодидир. Улар мазкур соҳа сирларини отаси Шокир Абдуллаевдан қунт билан ўрганмоқда. Муҳаммаджон ва Ферузбек анча ёш бўлишига қарамай, ҳунармандлар орасида ўз ўрнига эга. Улар ўзлари тайёрлаган ўттизга яқин турдаги маҳсулотлар билан вилоят ҳамда мамлакат миқёсида ўтказилган танловларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА