Хивада халқимизнинг қадимий тарихига оид обидалар кўп. Улар сафига замонавий тарзда реконструкция қилиниб, ишга туширилган Хива алоқа музейи ҳам қўшилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ушбу музей ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий тарихимизга қизиқишни янада ошириш ҳамда Хоразмга келувчи сайёҳларнинг қадимий обидаларимиз ҳақидаги тушунчаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан бу ерда мукаммал таъмирлаш, музей дизайни ва мавжуд экспонатларни жойлаштириш ҳамда қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Музейда турли даврларга тааллуқли 340 дан ортиқ алоқа воситаси, мингга яқин экспонат ва фотосурат, 430 дан зиёд конверт ва маркалар сақланмоқда. Жумладан, 1949 йилда ишлаб чиқарилган телевизион қурилма юртимизда ихтиро қилинган дунёдаги илк телевизор нусхаси асосида яратилган. Бу ерда алоқа соҳасининг ривожланиш даврлари, тармоқдаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар хусусида кенг тасаввурга эга бўлиш мумкин. Шунингдек, замонавий коммуникация воситалари ёрдамида шу ернинг ўзида 3D ўлчамда мамлакатимиздаги алоқа музейлари фаолияти, улардаги кўргазмалар билан тўғридан-тўғри танишиш имконияти мавжуд.
– Бугунги кунда юртимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўттизга яқин норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, – дейди “Алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси тарихи ва мероси” жамоат фонди директори Равшан Асқаров. – Айни пайтда мамлакатимизда халқимизнинг миллий маданияти, тарихи, санъати, қадимий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган беш юзга яқин музей фаолият юритмоқда. Хива алоқа музейи шулардан бири сифатида халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА