Комилжон Отаниёзов санъати Хоразм мусиқаси ва маданиятини, умуман олганда, ўзбек санъатининг энг яхши анъаналарини ўзида тўла намоён этган санъатдир.
Устоз санъаткор ўзининг бетакрор ижрочилик йўли ва яратган қўшиқлари билан ўзбек миллий санъати ва маданиятига катта ҳисса қўшди.
Халқ қўшиқлари, достонлари, Хоразм сувора ва мақомларини маромига етказиб ижро этган Комилжон Отаниёзов бастакор сифатида ҳам кўплаб ғазал ва муҳаммасларга куй басталаб, ўзбек мумтоз ашулачилик санъати учун бой мерос қолдирди. У басталаган «Салом, сенга Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Темир йўл», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлар ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради. Санъаткорнинг жозибали ва кучли овози ҳар бир асар талқинида тингловчининг қалбини ларзага солади.
Устоз санъаткор Олмахон Ҳаитова, Коммуна Исмоилова, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Шариф Султонов каби юзлаб шогирдлар етиштирди.
Хоразм театридаги ижодий фаолияти давомида «Фарҳод ва Ширин»да Фарҳод, «Тоҳир ва Зуҳра»да Тоҳир, «Даврон ота»да Даврон ота, «Гулсара»да Қодир каби ўнлаб образлар яратди.
Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов Эл-юртга хизмати сингган шахсни эъзозлаш, номини абадийлаштириш бизнинг азалий қадриятларимиздан. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан 2015 йилнинг 25-26 июнь кунлари Хоразм вилояти Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган Республика кўрик-танлови ўтказилди.
Мазкур кўрик-танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов яратган улкан ижодий услубни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, унинг бизга қолдирган бой маданий меросига эҳтиром кўрсатиш, устоз санъаткор куйлаган Сегоҳ, Дугоҳ, Феруз, Сувора ҳамда бошқа ашула ва қўшиқларини ижро эта оладиган ёш истеъдод соҳибларини аниқлаб, кашф этишдан иборат.
Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва спорт ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилади.
Бу каби танловлар асрий қадриятларимизга садоқат, ифтихор туйғуларига йўғрилган Ватанпарварлик, шукроналик, бунёдкорлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, муҳаббат каби мавзуларда куйлаб, катта ашула, халқ қўшиқлари йўналишида ижод қилаётган, устоз санъаткорларнинг ижодий меросига теран кўз, юксак эҳтиром билан боқиб, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига муносиб ҳисса қўша оладиган изланувчан, истеъдодли ижрочиларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда халқимизга садоқат билан хизмат қилишлари, ўз салоҳияти, иқтидори ва маҳоратини намойиш этишлари учун кенг имконият яратади, - дейди Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда ўтказилган биринчи босқичида юзлаб иштирокчилар қатнашган бўлса, якуний Республика босқичида жами 20 нафар яккахон хонанда ва ҳаваскор мақом ижрочилари ўзаро ижодий беллашдилар. Танлов низомига мувофиқ, асарлар жонли ижро этилди. Ижро этилган муаллифлик қўшиқларида матннинг савияси, мусиқанинг миллийлиги, либослар ҳамоҳанглиги, ижрочининг овозни ишлатиш маҳорати, саҳнада ўзини тутиши эътиборга олиниб, Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, I ўринга Хоразм вилояти иштирокчилари Анвар Бекчанов ҳамда Акмал Қурбонов муносиб деб топилди. II ўрин Навоий вилоятидан Шерзод Аслонов, Хоразм вилоятидан Набижон Худойберганов ҳамда Шарофжон Матчоновга, III Хоразм вилояти иштирокчиси Артур Озадов, Самарқанд вилояти иштирокчиси Далер Саидов ҳамда Тошкент шаҳри иштирокчиси Ферузбек Норматовга насиб этди.
Танловда, шунингдек, «Энг ёш ижрочи» номинацияси бўйичаТошкент вилояти иштирокчиси Маъруф Омонов, «Энг жозибали ижро» номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти иштирокчиси Илҳом Қўзибоев, «Энг кекса ижрочи» номинацияси бўйича Самарқанд вилояти иштирокчиси Олим Пўлатов ғолиб деб топилиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказининг дипломлари, қимматбаҳо совғалари ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Назокат Аҳмедова