Жорий йилнинг 30 июн куни музейнинг реконструкция қилинган биноси тантанали равишда очилди.
Очиқ осмон остидаги музей номини олган Хива деярли бутун жаҳон аҳли оғзида достонга айланган. Шаҳарда музейлар жуда кўп ва ҳар бирининг ўзига яраша тарихи бор. Улар ичида кўпчиликнинг эътиборини қозонган ва кўнглидан жой олганларидан бири Хива алоқа музейидир.

Музей бешта хонадан иборат бўлиб, алоқа воситаларининг 1944 йил биринчи, 1975 йил иккинчи, 1981-1985 йиллар учинчи, 1995-2000 йиллар туртинчи даврларда фойдаланилган 340дан зиёд турлари ва 430дан ортиқ экспонат, фотосуратлар ҳамда конверт ва маркалар жойлаштирилган. Хуллас, ҳар бир хона дизайни ўзгача услубда ва ўзига яраша дид билан безатилган.

Музейга 1912 йили асос солинган. Шу йили Хива хонининг бош вазири Исломхўжанинг ташаббуси билан музей биноси қурилади ва орадан бир йил ўтгач Россиядан олиб келинган Морзе телеграф ускунаси ўрнатилади. Морзе аппарати Чоржуй-Туямўйин-Янги Урганч йуналишидаги алоқа линиясига уланади. Шаҳардаги эски бинолардан бирида фаолият олиб бораётган почта бўлими ана шу жойга кўчирилади ва бино пештоқига "Почта-телеграф" пешлавҳаси қоқилади.

1982 йилда алоқа бўлими учун янги бино фойдаланишга топширилгач, эскиси ўрнида алоқа музейи ташкил этиш таклифи республика алоқа вазирлигига киритилди.

Хива туман алоқа узели муҳандиси Юсуф Муҳаммедов музей экспонатларини ва алоқа хизмати билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни туплашда фаол иштирок этди. 1983 йил бошларида вилоят алоқа бошқармаси, туман ҳокимлигининг катта ёрдами билан музей экспонатлари ва ҳужжатларни жойлаштириш учун зарур жиҳозлар сотиб олинди, улкан рассомлик ишлари амалга оширилиб, музей очилди.

Истиқлол йилларида туман алоқа бўлими аҳолига алоқа хизмати кўрсатишни талаблар даражасида олиб бориш билан бирга, ўз музейини янада такомиллаштириш ишларини ҳам амалга оширди. Чунки, музей атиги бир хонадан иборат бўлиб, экспонатлар ва ҳужжатлар эски услубда жойлаштирилган эди. 2013-2014 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг ташаббуси билан соҳа акциядорлик компаниялари, жамиятлари ҳамда корхона ва ташкилотлари ердамида реконструкция қилинди. Қўшимча равишда яна туртта хона ажратилиб, таъмирланди.

- Биласизми, бу ерда ҳаётим давомида учратмаган бир қанча ноёб экспонатларни кўрдим, - дейди музейни томоша қила туриб Алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси тарихи ва мероси жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси Равшан Асқаров. - Музей Хива шаҳрида бунёд этилгани ҳам жуда таъсирли. Чунки, шаҳарга келиб-кетувчи чет эллик меҳмонларни шу ерда саёҳат қилдиришса, аждодларимиз, ватанимиз нималарга қодир бўлганига гувоҳ бўлишади. Биз худди шундай кошонани водий аҳли учун Қуқонда махсус барпо этишни режалаштиряпмиз.

- Ёз фаслининг иссиқ кунларида гўзал шаҳримизни томоша қилаётган маҳаллий ҳамда чет эллик сайёҳлар учун бу ер ҳодиқ чиқариш билан бир қаторда, қимматли маълумотларга эга бўлиш имконини ҳам беради, - дейди “Ўзбектуризм” МК Хоразм минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов. - Музей фондидаги экспонатлар ҳар бир инсонни ўтган даврлар билан таништиради. Музейни шундай кўримли ҳолатга олиб келиш учун ўз меҳнатини аямаган соҳа вакилларига минатдорчилик билдираман.

Тантанали равишда музей эшиги олдида тасмалар қирқилди. Маросимда иштирок этаётган ёшу кексанинг қалби ғурур ва ифтихорга тўла. Улар вилоятимизда шундай ноёб хазиналар сақланаётгани билан фахрланишди ва дил сўзларини айтишди.

Нилуфар ЖАББОРОВА
www.xabar.uz Хоразм вилояти

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР