Хоразмда янги “Бахт уйлари”
Хоразм вилояти Янгиариқ туманида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини таъминлаш, адлия тизими идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг самарали фаолият юритиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Замонавий ва миллий архитектура асосида қад ростлаган икки қаватли бинода никоҳ маросимларини қайд этиш зали, “Оила дорилфунуни”, ҳужжатларни сақлаш ва бошқа хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланган. “Боғот ипотека қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилган қурилиш ишларига 1 миллиард 70 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

– Мамлакатимизда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари учун замонавий ва муҳташам бинолар бунёд этилаётгани аҳолига тезкор ва сифатли юридик хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди туман ФҲДЁ бўлими мудираси Ражабгул Панаева. – Бинода яратилган шароит ва имкониятлар бизни ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.

Шу куни Янгибозор туманида ҳам фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Янги “Бахт уйи”да дастлабки ёш оиланинг никоҳини қайд этиш маросими бўлиб ўтди.

– Никоҳимиз янги очилган замонавий бинода биринчи бўлиб қайд этилганидан хурсандмиз, – дейди Дилмурод Бозорбоев. – Бизнинг оиламиз ҳам худди шу бинодек мустаҳкам ва чиройли бўлишига ишонамиз. Ёш оилаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун Юртбошимиздан миннатдормиз.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР