- 2002 йилда 7 нафар ишчи билан иш фаолиятини бошлаган корхонамизда хозирда 112 нафар ходим фаолият юритмоқда. Ҳар йили ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади. Жорий йил ҳам 23та янги ишчи ўрни яратилди. Корхонанинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади, - дейди корхона директори Илхомбек Аллаберганов.
“Афри” хусусий корхонаси мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, самарали фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади. Яхна ичимликлар, газланган ва газланмаган тоза ичимлик сувлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ушбу корхонада хориж технологияси асосида 27 турдаги маҳсулот тайёрланади. – Коллежда тахсил олиб юрган пайтимда амалиётимни шу ерда ўтаганман ва коллежни тугатишим билан корхонага ишга жойлашдим. Хозирда технология сирларини пухта эгаллаб шу жамоада мехнат қилаётган биз ёшларнинг сафи кенг. Ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан жуда мамнунмиз, бор куч-шижоатимиз билан мехнат қилиб истеъмолчиларга сифатли махсулотлар етказиб беришга тайёрмиз, - дейди Сайёра Абдуллаева. Корхона маҳсулотлари ички бозорда аллақачон ўз ўрнини топиб улгурган. Шу билан бирга, корхона жамоаси Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қанча савдо корхоналари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Корхонада 19 литрлик қадоқланган тозаланган сувни истеъмолчиларга бепул этказиб бериш хизматининг йўлга қўйилгани мижозлар сафини кенгайтиришда муҳим омиллардан бири бўлмоқда. Бугунги кунда жамоанинг бу хизматидан 5000дан ортиқ хонадон ҳамда ташкилотлар фойдаланмоқда.
Корхонанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки хозирда пластмасса идишлар учун қопқоқлар хамда ПЕТ (полиэтилентерефталат) капсулалар хам ишлаб чиқарилмоқда.
Шоназар КАРРИЕВ
Муаллиф олган суратлар