Ўрта осиёда антик давр ёдгорликлари
Ўрта Осиё ҳудудида мил.ав. IV– милодий IV асрларга оид ёдгорликларда кенг миқёсда археологик тадқиқотлар олиб борилди. Ўзбекистон ҳудудида М.Е.Массон раҳбарлигида Термиз археология экспедицияси, Я.Ғ.Ғуломов номидаги Археология институтининг археология гуруҳи Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, С.П.Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археология-этнография экспедицияси, Хоразм воҳасида В.М.Массон раҳбарлигида Бақтрия экспедицияси, Г.А.Пугаченкова раҳбарлигида Хамза номидаги санъатшунослик экспедицияси ходимларининг Сурхондарё вилоятидаги фаолиятларини қайд этиш мумкин.

М.Е.Массон раҳбарлигида Туркманистон ҳудудида Туркманистон археология экспедицияси ходимлари археологик тадқиқотларни олиб борди. Тожикистон ҳудудида А.Н.Бернштам, Помир-Олой тоғ тизими атрофларида А.М.Манделштам, Бешкент чўлида археологик тадқиқотларни олиб бордилар.

Ўрта Осиё ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида олинган ашёлар антик давр тарихини ёритишда муҳим манба бўлади.

Ўзбекистон ҳудудида антик давр ёдгорликларида археологик тадқиқотлар

Ўзбекистон ҳудудида антик даврга оид ёдгорликларни ўрганиш Сурхондарё ҳудудида олиб борилди.

ХХ асрнинг 30 йиллари бошлари ва ўрталарида М.Е.Массон раҳбарлигидаги Термиз археология-комплекс экспедицияси ходимлари эски Термизнинг қалъа қисмида қазиш ишларини олиб бориб, мил.авв. III асрга оид ашёларни олишга муваффақ бўлдилар. Шу билан бирга, Кушон даврига оид Айритомда қазиш ишларини олиб борди, натижада ноёб ашёлар, яъни «арфа чалаётган аёл» ҳайкали топилган.

1937–1940 йилларда С.П.Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археология- этнография экспедицияси Амударёнинг қуриб қолган ўзани Ақчадарё ҳавзасидаги тарихий обидаларни рўйхатга олди, археологик харитага жойлаштирди, Жонбос қалъа, Тупроқ қалъа ёдгорликларида қазиш ишларини олиб борди. Экспедиция аъзолари 1946 йилдан 1991 йилгача бўлган тарихий даврда Қўйқирилган қалъа, Кўзалиқир, Аёзқалъа 1, 2, 3, Қалалиқир, Қуйисой-2 ёдгорликларида кенг миқёсда қазиш ишларини олиб борди. Қўйқирилган қалъа ўзининг режалаштирилиши, меъморий иншооти билан диққатга сазовор.

С.П.Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археология-этнография экспедицияси ходимлари кенг миқёсда тарихий обидаларни рўйхатга олишни олиб борди, натижада 400га яқин обидалар топилиб, улар антик ва ўрта асрларга оиддир. 1967 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон филиалининг археологик гуруҳи Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудудида археологик қидирув ва қазиш ишларини олиб борди. Е.Бижанов Устюртдаги қадимги тош даври манзилларини, В.Н.Ягодин Кердар маданияти, Хоразм ва кўчманчилар алоқалари, А.В.Гудкова Токқалъа, Г.Хўжаниязов Қўрғошин қалъа, Бурли-қалъа, Акчингул ёдгорликларида, М.Мамбетуллаев Катқалъа, Тупрокқалъа, Воянган Тупрокқалъа (Хива), Олмаотишган-2, Хива, К.Собиров Катқалъа, Тупроққалъа, Хазорасп ёдгорликларида археологик қазиш ишларини олиб бордилар.

Мил.ав. IV – милодий III асрларга оид бўлган шаҳарлар кўчманчилар билан чегараларда, дарё соҳилларида, суғориладиган воҳаларда қурилган бўлиб, мукаммал мудофа тизимларига эга.

Амударёнинг ўнг соҳили ҳудудидаги қалъалар:

Жонбосқалъа, Қўйқирилганқалъа, Аёзқалъа 1, 2, 3, Катта ва Кичик Қирққизқалъа, Қулқалъа, Қумбосганқалъа, Думанқалъа, Акшахон, Тупроққалъа, Қизилқалъа, Қўрғошинқалъа, Ақчунгул, Куюкқалъа, Гаурқалъа (Султон Увайс тоғи), Тукқалъа, Жилдикқалъа, Бургутқалъа, Элликқалъа, Уйқалъа, Катта Гулдурсун, Бозорқалъа, Ангкақалъа, Пилқалъа, Одамлиқалъа, Дошқалъа-2 , Тупроққалъа, Эресқалъа.

Амударёнинг сўл соҳили ҳудудидаги қалъалар:

Гурганч, Давкасган, Шохсанам, Шехрлик, Ярбекирқалъа, Замахшар, Ичанқалъа, Бўлдимсоз, Гаурқалъа (Хўжайли), Кетменчи, Тупрокқалъа (Хива), Тупроққалъа (Янгиариқ), Тупроққалъа (Кушкўпир), Кунақалъа, Воянган, Тупроққалъа (Шовот), Катқалъа (Шовот) Калажик, Хазорасп, Чингизтепа 1, 2, 3, Хумбузтепа, Тупрокқалъа (Қўнғирот), Садвар, Жиғарбанд, Элхарос, Даргон, Гаур 1, 2 (Сариқамиш ҳавзаси) ва бошқалар.

Антик даврда бу шаҳарлар мустақил шаҳар-давлатлар сифатида мавжуд бўлиб, ҳарбий чегара ва иқтисодий маданий марказлар бўлган. Юқорида қайд этилган қалъаларни баъзиларининг меъморий-топографик ва мудофа тизимига эътиборни қаратамиз.

Ёнбошқалъа – Тўрткўл тумани ҳудудида жойлашган, тўғрибурчак шаклда (200х170 м. 3,4 га) тўрт томонини икки қаторли девор ўраб олинган. Аввал пахсадан кейин эса тўрт томони тенг хом ғиштдан тикланган (40х40х10 см). Девор пастки қисми қалинлиги – 5 м, баландлиги 5-10 м. Дарвоза тўғри бурчакли бир неча айланма йўлдан иборат йўлакка эга бўлиб, унинг кенглиги – 5 м. Девор ва дарвоза деворида кунгурлар мавжуд эмас, балки шахмат услубида жойлашган найза ўқи учли шинаклар мавжуд, улар ўртасидаги оралиқ майдони 1,20-1,84 м, ички томонда кенглиги 0,18-0,12 см, ташқи томонда эса 0,30-0,40 см. Деворлар бурчагида учта шинак жойлашган бўлиб, турли томонга йўналиб, кунгур вазифасини бажарган.

Қўйқирилганқалъа – Тўрткўл тумани ҳудудида жойлашиб, айлана шаклда қурилган, ҳажми 86,5 м мудофаа девор билан ўраб олиниб, 9 та кунгур билан мустаҳкамланган. Кунгурлар ён томонга эмас, девордан анча баланд қилиб қурилган. Ёдгорлик марказий қисмида цилиндр шаклида (ҳажми 42 м) икки қаватли иншоот қурилган.

Ёдгорликда астрономик кузатишлар олиб борилган, кейинги тарихий даврда қабристонга айланган (лойдан ясалган оссуарийлар кўплаб топилган).

Тупроққалъа – Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган, тўғрибурчак шаклда, умумий майдони – 17 га: Тупроққалъа ёдгорлигининг қурилиши тарихи масаласида турли фикрлар мавжуд. Тупроққалъада энг қадимий маданий қатламгача тадқиқот ишлари олиб борилган эмас, шунинг учун ҳам унинг қурилиш хронологияси мунозарали бўлиб қолмоқда. Бизнингча ёдгорлик мил.ав. IV асрда қурилган бўлса керак. Вазамар даврида Тупроққалъа Хоразмшохларнинг ёзги қароргоҳи, пойтахт эса Акшахон қалъаси бўлган. Шаҳар дарвозаси жануб томонда жойлашиб, тўғрибурчакли лабиринт билан мустаҳкамланган, кунгурга эга эмас. Дарвозадан қарши томонда кенглиги 10 м кўча ўтган бўлиб, ички қисмини икки маҳаллага ажратган уй-жойлар зич жойлашган. Шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида сарой жойлашган, учта кунгур билан мустаҳкамланган. Саройнинг майдони 6,5 минг м2. Саройда бир неча «Катта заллар» очилган бўлиб, уларнинг деворларида турли ҳайкал тасвирлари туширилган, топилган ашёларга қараб уй хоналари «Подшо зали», «Аскар зали», «Буғу зали» номини олган. Сарой хоналаридаги катта аҳамиятга эга бўлган ашёлардан бири тери ва ёғоч тахтачаларга ёзилган 120га яқин подшолик архив хужжатлари олинганлигидир.

Ичанқалъа тўғрибурчак шаклда, умумий майдони 26 га. Қадимда икки қаторли мудофаа девор билан ўраб олинган, девор ўз навбатида айлана шаклдаги кунгуралар билан ўраб олинган, улар ўртасидаги оралиқ – 30 м.

Шаҳарнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихини ўрганиш мақсадида М.Мамбетуллаев шаҳарнинг бир неча жойида тадқиқот ишларини олиб борди, натижада 10 та қурилиш даври мавжудлиги аниқланди.

Мудофа деворининг етти жойида кесиш ишлари олиб борилиб, натижада девор қурилиши тарихи ойдинлашди.

I–қурилиш даврида икки қаторли девор пахсадан қурилиб, унинг баландлиги – 0,85 м, йўлак кенглиги – 2,50 м. Бу қурилиш даври милоддан аввалги VI-V асрларга оид, II–қурилиш даврида пахса девор устига хом ғиштли девор тикланган, ҳажми (40х40х10 см, 41х41х12 см) йўлак кенглигида ўзгариш сезилмайди, қўш девор кўтарилиши давом этади, ташқи томондан қўшимча девор қурилиши олиб борилган, натижада девор қалинлиги 7 м бўлган (мил.ав. IV-III асрларга оид).

III–қурилиш даври – Хивада маданий ҳаёт юксалади, ғарбий девор марказида арк қад кўтаради, бу ривожланиш милодий IV асргача давом этади. Ташқи томондан деворга қўшимча девор қурилиши давом этиб, унинг қалинлиги 9 метрга етади. Ташқи девордаги кунгурда ҳам таъмир ишлари олиб борилган, натижада тўғрибурчакли кунгур айлана шаклга айланиб қолган. Демак, антик даврда Ичанқалъа савдо ҳунармандчилик маркази бўлиши билан бирга ҳарбий чегара вазифасини ҳам бажарган.

Хазорасп – Хоразм воҳасининг жанубий дарвозаси бўлиб, энг қадимий шаҳарлардан биридир. Ёдгорлик текисликка қурилган, унинг режалаштирилиши тўрт томони тенг (10,8 га), қадимда икки қаторли девор билан ўраб олинган, улар ўртасида кенглиги 2,10 м бўлган йўлак ўтган. Шаҳарнинг жанубий-шарқий бурчагида арк жойлашган (ҳажми 40х40 м). Ёдгорликнинг қурилиш тарихи тўғрисида ягона илмий фикр ҳанузгача мавжуд эмас, бунга археологик қазиш ишларининг энг қадимий маданий қатламгача олиб борилмаганлигидир.

1958–1960 йилларда Хоразм археология-этнография экспедицияси ходимлари, 1997, 2000, 2003 йилларда Хоразм Маъмун академиясининг археология гуруҳи ходимлари Хазораспнинг бир неча жойида тадқиқотлар олиб борилган, афсуски бу тадқиқотлар тугалланмай қолиб кетган.

Девор ва кунгурлар сақланиб қолган, баландлиги турлича, яъни 5-14 м. Жанубий девор маҳаллий аҳоли томонидан бузиб ташланган, бу деворда битта кунгур сақланиб қолган, ғарбий, шимолий ва шарқий деворларда кунгурлар яхши сақланган, улар ўртасида оралиқ 10–55 м.

Шимолий-ғарбий қисми ички қисмидан энг қадимги пахса девор топилди, унда тўғри бурчакли кунгур мавжуд.

Қалъанинг масжид қисмида, шимолий-ғарбий, ғарбий қисмда мудофаа деворини кесиш ишлари олиб борилди. Натижада шаҳарнинг қурилиш тарихини мил.ав. VII аср билан белгилаш имконини берди. Тадқиқотчи Қ.Собиров Бўстон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Симпозиумда қилган маърузасида Хазорасп ёшини милоддан аввалги VII-VI асрларга оидлигини қайд этган эди. Хуллас Хазорасп қалъасида кенг миқёсда тегилмайдиган ер қатламигача археологик тадқиқотни олиб бориш зарур, бу албатта келажакка оид масаладир.

Катқалъа (Шовот) – Шовот туманидаги Беруний номли ширкат хўжалиги Кат қишлоғи ҳудудида жойлашган, режалаштирилиши нотўғри тўғри бурчак, умумий ҳажми 10,8 га, қадимда икки қаторли девор ўраб олган бўлиб, улар ўз навбатида ярим айланали кунгурлар билан кучайтирилган, улар ўртасидаги оралиқ –27 м. Ёдгорлик мил.ав. IV асрда қурилган.

Акшахон – Беруний туманидаги «Озод» фермер хўжалигидаги қумликлар ўртасида текисликка қурилган. Режалаштирилиши тўғрибурчак шаклда, умумий майдони – 45 га, қадимда икки қаторли девор ўраб олган, кенглиги – 6 м. Девор бўйлаб тўғрибурчакли кунгурлар, бурчак қисмида эса тўрт томони тенг кунгурлар жойлашган.

Шимоли-ғарбий бурчакда арк жойлашган, тўғрибурчак шаклда (380х340 м). Дарвоза жануби-шарқий ва жанубий-ғарбий деворда жойлашган, лабиринт билан мустаҳкамланган. Ёдгорликнинг ташқи девори ва кунгури ўрганилди. Ёдгорлик мил.ав. IV – милодий III асрларда Хоразмнинг пойтахти бўлган (подшо Фаразман 1500 отлиқ аскар билан Бақтр шаҳрига А.Македонский ҳузурига шу шаҳардан кетган бўлиши шубҳасиз). Ёдгорлик Қорақалпоғистон ва Австралия олимлари томонидан узлуксиз равишда текширилмоқда.

Бухоро вилоятида антик давр ёдгорликлари

Бухоро вилояти ҳудудида Р.Сулаймонов раҳбарлигида, Бухоро шаҳрининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихини ўрганиш мақсадида А.Р.Мухаммаджонов раҳбарлигидаги археологик гуруҳлар тадқиқот ишларини олиб борди. Натижада Ромиш–I, II, III, Сеталак, Бухоро кенг миқёсда ўрганилди.

Бухоро – Зарафшоннинг Рудизар ва Зарируд исмли икки соҳилида бир-бирига қарама-қарши жойлашган, алоҳида-алоҳида қишлоқлар асосида пайдо бўлган. Шаҳарнинг етти жойида кенг кўламда археологик тадқиқотлар олиб борилган, ундаги маданий қатлам 20 метрдан ошиқ. Девор аввал пахсадан, кейин тўрт томони тенг хом ғиштдан қурилган, тўғри бурчакли кунгурга эга. Шаҳар уч қисмдан иборат, яъни арк, шаҳристон ва шаҳар атрофидан иборат бўлиб, турли тарихий даврда шаклланган.

Шу билан бирга, Козимонтепа, Чордира, Қўшрабод, Арабоп-1, Арабоп-2, Варахшанинг қуйи қатлами, Хўжабўстон, Бештепа ёдгорликлари ўрганилди.

Қашқадарё вилояти ҳудудида антик давр ёдгорликлари

С.К.Кабанов, Р.Сулайманов раҳбарлигидаги археологик гуруҳлар Ерқўрғонда, Тошкент Давлат Миллий университети археология гуруҳи Кешда, М.Тўрабеков раҳбарлигидаги гуруҳ Қарши шаҳрида археологик қазиш ишларини олиб борди. Шу ёдгорликлардан Ерқўрғонда кенг миқёсда археологик қазиш ишлари олиб борилди. Ерқўрғон – Наутака вилоятининг маркази бўлган (А.Македонский шу шаҳарда тўхтаган деган тахминлар бор). Режалаштирилиши айлана шаклда, умумий майдони – 70 га. Антик даврга оид қалъа девори, арк девори ва ибодатхона ўрганилди. Шу билан бирга, Қалъаи- Захоки Марон, Тиллатепа, Касантепа ёдгорликлари ҳам ўрганилган.

Самарқанд вилояти ҳудудида антик давр ёдгорликлари

Я.Ғ.Ғуломов раҳбарлигида Афросиёб экспедицияси Афросиёбда кенг миқёсда археологик тадқиқотларни олиб борди.

Шаҳарнинг мудофаа девори ва ички қисмида қадимий маданий қатлам ўрганилди, натижада ёдгорликнинг қурилиши мил.ав. 2500 йилга оидлиги аниқланди Бу ёдгорликда Ўзбекистон-Германия, Ўзбекистон-Франция археология экспедицияси ходимлари фаолият олиб бормоқдалар. Р.Сулаймонов раҳбарлигидаги археологик гуруҳ Кўктепада археологик қазиш ишларини олиб бориб, қадимий шаҳар эканлигини аниқлади. Шаҳарнинг ҳажми 100 га, арк, ибодатхона, уй, маҳаллалар ўрганилган.

Фарғона водийсида антик давр ёдгорликлари

Фарғона водийсида Ю.А.Заднепровский, Г.Абулғозиева, А.Анорбаев, Б.Матбабаев, Н.Г.Горбунова раҳбарлигидаги археологик гуруҳлар тарихий обидаларда археологик қазиш ишларини олиб бордилар.

Антик даврга оид 20 га яқин ёдгорлик қайд этилган, Хитой ёзма манбаларидаги маълумотларга қараганда, Фарғона водийсида 70 дан ортиқ шаҳарлар бўлган.

Эйлатан – режалаштирилиши тўғри бўлган шаклда, икки қаторли девор билан ўраб олинган, умумий майдони – 200 га. Арк мил.ав IV – III асрларга оид.

Мингтепа – режалаштирилиши тўғри бурчак шаклда, умумий майдони – 40 га. Мингтепа ёки Марҳамат шаҳри икки қаторли девор билан ўраб олинган, девор ўз навбатида тўрт бурчакли кунгурлар билан кучайтирилган, улар ўртасидаги оралиқ 30 – 40 м. Шаҳарни Эршига ўхшатишади.

Кўргантепа – режалаштирилиши тўғрибурчак шаклда (250х230 м), 5,7 га, қадимда девор билан ўраб олинган.

Ахсикент-1А, Ахсикент 1В – режалаштирилиши тўғрибурчак шаклда, умумий майдони 35 га, мил.ав. III – II асрларга оид, қалинлиги 5 м девор билан ўраб олинган.

Эрши – шаҳарнинг жойлашиш ўрни мулоҳазали. Н.Я.Бичурин Эршини Қўқон шаҳри ўрнида, А.Н.Бернштам эса Мингтепа ёдгорлигида деган фикрни билдирадилар. Янги маълумотларга қараганда, Эрши – Эски Ахси деган фикрлар пайдо бўлди. Мил.ав. III–I асрларда Эрши Ахси ўрнида бўлган шаҳар 40 га бўлиб, арк икки қисмдан иборат бўлган Эсгарлик девор билан ўраб олинган, қалинлиги – 5 м, баландлиги – 3 м.

Қува (Кубо) – ҳозирги Қува шаҳри марказида тепалик мавжуд бўлиб, маҳаллий аҳоли ўртасида «Шаҳристон» номи билан маълум. Ёдгорликни Б.А.Латинин, В.Д.Жуков, А.Н.Бернштам, В.А.Булатова, И.Ахроров, Ю.А.Заднепровский, Б.Матбабаевлар археологик жиҳатдан ўргандилар. Ёдгорликни 1956 йилдан Я.Ғ.Ғуломов раҳбарлигидаги археологик гуруҳ ўрганишни бошлаган. Ёдгорликнинг қурилиши милодий I – III асрларга оид бўлиб, пахса девор билан ўраб олинган. Тадқиқотчи Б.Матбабаев шаҳарнинг дастлабки қурилиш даврини мил.ав. V асрга оид эканлиги тўғрисида хулосалар чиқарган.

Сурхондарё вилояти ҳудудида антик давр ёдгорликлари

Эски Термиз – 1936–1938 йилларда М.Е.Массон раҳбарлигида Термиз археология экспедицияси шаҳарни археологик жиҳатдан ўрганиш ишини олиб борди. Унинг «қалъа» қисмида қазиш ишларини олиб борди ва шаҳарнинг ёшини мил.ав. III аср билан аниқлади. 1981 йилдан Археология институтининг археология гуруҳи археологик қазиш ишларини олиб борди. Ш.Рахманов 1993 йилдан эски Термиз мудофаа девори қурилиши тарихини ўрганишни бошлади. Кейинги йилларда Ўзбекистон-Япония археология экспедицияси ходимлари (раҳбари Ш.Пидаев) Эски Термизда археологик қазиш ишларини олиб бормоқда, олинган натижалар шаҳарнинг қурилиш даври мил.ав.V асрга оид эканлигини исботладилар.

Далварзинтепа – Шўрчи тумани ҳудудида жойлашган, тўғрибурчак шаклда, умумий майдони – 30 га, қадимда тўрт томони девор билан ўраб олинган, девор ўз навбатида тўғрибурчакли кунгурлар билан ўраб олинган, улар орасидаги майдон 27–30 м. Ёдгорлик 1967 йил Л.И.Албаум томонидан топилиб, 1970 йилдан бошлаб Г.А.Пугаченкова раҳбарлигидаги Хамза номли санъатшунослик институтининг археологик гуруҳи ёдгорликда текшириш ишларини бошлаб юборди.

1971 йилда Далварзинтепа уй хоналаридан бирида кичик тувакчада олтиндан ясалган 115 та ашёлар топилган. Улар хотин-қизларнинг безаклари, яъни билагузуклар, балдоқ, тумор, турли шаклдаги буюмлардан иборат бўлган. Ёдгорликда Б.А.Турғунов раҳбарлигида Ўзбекистон-Япония экспедицияси ходимлари қазиш ишларини олиб бормоқда.

Зартепа – Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳудудида Шеробод-Термиз йўлининг ўнг томонида 200 м узоқликда жойлашган. Режалаштирилиши тўрт томони тенг, умумий майдони – 16 га. Тўрт томони икки қаторли девор билан ўраб олинган бўлиб, ярим айланали кунгурлар билан кучайтирилган, улар ўртасидаги масофа – 34 м. 1972–1974 йилларда Қ.Собиров раҳбарлигидаги гуруҳ Зартепанинг мудофаа тизимини ўрганиш ишларини олиб бориб, 4 га қурилиш давридан иборат эканлигини аниқлади.

Шаҳарнинг марказида сарой, шарқий қисми деворининг ички қисмида будда ибодатхонаси қолдиғи ўрганилди.

Шаҳарнинг қурилиши мил.ав. I асрда, унинг инқирози эса милодий IV асрга оид бўлган.

Қоратепа – Эски Термиз ҳудудида жойлашган, 1972 йилдан Б.Я.Ставиский раҳбарлигидаги Москва санъатшунослик музейи археологик гуруҳи ёдгорликда қазиш ишларини олиб борди, натижада будда ибодатхонаси топиб ўрганилди.

Фаёзтепа – Эски Термиз ҳудудида жойлашган. Л.И.Албаум раҳбарлигида археологик гуруҳ ёдгорликда қазиш ишларини олиб борди. Натижада будда ҳайкаллари, буддистлар тўпланадиган жой ўрганилди. Бу ёдгорликлардаги Ўзбекистон–Япония давлатлари бирлашган археологик гуруҳи қазиш ишларини олиб боришмоқда, топилган ашёлар бир неча марта Япониядаги кўргазмада намойиш қилинган. Э.Ртвеладзе томонидан Сурхондарё вилояти бўйлаб археологик қидирув ишлари олиб борилиб, 130 дан ортиқ ёдгорликлар вилоят археологик харитасига қайд этилган, уларнинг аксарияти антик даврга оид бўлган.

Шу билан бирга, Халчаён, Хайдаробод, Мирзакўлтепа, Ойсаритепа каби қишлоқ манзиллари археологик жиҳатдан ўрганилган.

Г.А.Пугаченкова Халчаён ёдгорлигида қазиш ишларини олиб бориб, ҳукмдор саройини ўрганди, бу ердан суворийлар, инсонлар ҳайкаллари топилган.

Тошкент вилояти ҳудудида антик давр ёдгорликлари

Вилоят ҳудудидаги тарихий обидаларда Ўзбекистон Фанлар Академияси археология институтининг Ю.Ф.Буряков, М.И.Филанович, К.Абдуллаев, Х.Дуке раҳбарлигидаги археологик гуруҳлари қазиш ишларини олиб бордилар, натижада антик даврга оид ашёлар олинди.

Шоштепа – Салар канали соҳилида жойлашган, тўғри бурчак шаклда 300х150 м, 4,5 га. 1978–1979 йилда ёдгорликнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган аркда қазиш ишлари олиб борилди, натижада III қурилиш даври аниқланди. Археологик ашёларга қараб Шоштепанинг хронологик даври аниқланди.

Шоштепа I - (мил.ав. V – IV асрлар)
Шоштепа II - (мил.ав III – II аср бошлари)
Шоштепа III - (мил.ав II – I асрлар)

Канка – Оҳангарон дарёси соҳилида баландликка тўғри бўлмаган тўғрибурчак шаклда қурилган, умумий майдони 150 га. Қадимда девор билан ўраб олинган. Шимол томон бурчагида арк жойлашган. Девор аввал пахсадан, кейин хом ғиштдан тикланган. Деворда айлана шаклда кунгурлар мавжуд, унинг ҳажми 9 м.

Кавардан – нотўғри тўғрибурчак шаклда, умумий майдони – 75 га. Қадимда икки қаторли девор билан ўраб олинган. Айлана шаклдаги аркка эга. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида антик давр ёдгорликлари жуда кам ўрганилган. Жиззах ҳудудида Замин шаҳари тўғрисида кам маълумотлар бор.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР