IX-XII асрлaрдa яшaб ижoд қилгaн Ўртa Oсиёлик буюк aллoмaлaр вa улaрнинг жaҳoн цивилизацияси ривoжигa қўшгaн ҳиссaлaри
IХ-ХII асрлар Ўрта Осиё халқлари тарихида моддий ва маънавий ҳаётнинг ривожланишида олдинги даврларга нисбатан кескин юксалиш йиллари бўлди.

Маъмун академиясида Моварауннаҳрлик олимлар. Хорун ар-Рашид ташаббуси билан Бағдодда илмий Марказ-Академия («Байт ул-Хикма»)-ташкил этилиб, унга барча мусулмон ўлкалари, жумладан Ўрта Осиёдан ҳам олим ва фозиллар тўпланди. Бу марказда Моварауннаҳр ва Хуросондан келган Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Марвозий, Марварудий, Жавҳарий каби олимлар Бағдод академиясини жаҳонга машҳур бўлишида катта ҳисса қўшдилар. Моварауннаҳрда араб ҳалифалигини ҳукмронлигини ўрнатилиши ҳамда ислом динининг кенг ёйилишининг ижобий томонларидан бири шуки, Бағдоддаги илмий академиядан ўрнак олиб Хоразмда ҳам X асрда Маъмун академияси вужудга келди ва унинг аъзолари бўлмиш ўз даврининг олиму-донишмандлари ўз ижодлари билан Моварауннаҳрни дониши оламга ёйдилар. Шунингдек ўлкамиз ҳудудидан ислом дунёсининг энг мўътабар шахслари, ҳадисшунослари етишиб чиқдиларки, уларнинг номи Ҳозирги кунгача ҳам дунёвий, ҳам тасаввуф илмининг юқори поғоналарида турибди.

Хоразмда Маъмун академияси. Маълумки, узоқ ўтмишга эга бўлган Ўрта Осиё халқлари тараққиёти тарихи ўз бошидан турли воқеаларни, юксалиш ва орқага кетиш даврларини бошдан кечирди. Шубҳасиз, бу даврларнинг барчаси тарихда ўзининг маълум изини қолдирди. Хусусан илм-фан маданиятимиз тараққиётида IX—ХII асрлар даврининг ўрни беқиёсдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шах Маъмун ибн Муҳаммад Х аср охирларида жанубий ва шимолий қисмларга бўлинган Хоразмни ягона бир марказга бирлаштирди. Маъмун айниқса пойтахт Гурганчни Шарқнинг энг йирик илмий-маданий марказларидан бирига айлантирди. Маъмун Гурганчда «Байтул хикма» (Донишмандлар уйини) ташкил қилди. У Маъмун академияси деб ҳам аталди. Бу масканда улуғ мутафаккирлар Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Ибн ал-Ҳаммар, Абу Сахл Масихий, Ибн Ирок, Аҳмад Фарғонийлар ижод қилдилар. Шунингдек улар орасида Шарқнинг кўпгина мамлакатларидан келган улуғ алломалар ҳам бор эди.

Ўрта Осиёлик мутафаккир олимлар ҳақида маълумотлар.

Абу Абдулло Муҳаммад Ибн Мусо ал - Хоразмий. (783-850йй) Буюк мутафаккир ва олим ал-Хоразмийнинг арифметика ва алгебрага доир «Китоб ал-жабр вал мукобала» (Тўлдириш ва қарама-қарши қўйиш ҳақида китоб) асари математика фанида янги даврни бошлаб берибгина қолмай, балки унинг кейинги асрлардаги тараққиётига ҳам катта асос бўлди. «Ҳинд арифметикаси ҳақида китоб» асари туфайли аввал Шарқ халқлари, сўнгра эса Европа халқлари ҳам Қадимий Ҳиндистоннинг катта ютуғи-ўнли позицияси ҳисоблаш системаси билан танишдилар. (XII асрда лотин тилига ўгирилган). Ал-Хоразмийнинг «Китоб сурат ал-арз» (ернинг сурати) асари географияга, «Астрономик жадваллари» астрономияга оид бўлиб, улар муаллифнинг номини жаҳонга ёйди. Шунингдек, «Куёш соатлари тўғрисида рисола», «Тарих рисоласи», «Устурлаб ҳақида рисола», «Мусиқа рисоласи» сингари ажойиб асарлари олимга катта шухрат келтирди, унинг номини абадийлаштирди. Ал-Хоразмийнинг «Ал-жабр вал муқобала» асари кейинчалик Европада «Алгебра» деб юритила бошланди. Унинг астрономияга оид асари эса фақат Шарқда эмас, балки Ғарбда ҳам асрономия фани ривожида катта роль ўйнади.

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Ал-Фарғоний. Ал-Фарғонийнинг таржимаи ҳолига доир маълумотлар тарихда кам сақланиб қолган. 861 йилда вафот этган. Астрономия, математика, геодезия, гидрология фанларининг билимдони Бағдод ва Дамашқдаги расадхона қурилишларида фаол қатнашди ва у ерда Птолемейнинг «Юлдузлар жадвалидаги» маълумотларни текшириш ишларини олиб борди. Ал-Фарғоний астрономияга оид «Астрономия негизлари» асарида астрономияга оид билимларни тартибга солди, ўзининг янги натижалари билан бойитди. Ўша давр анъанасига мувофиқ мамлакатларни етти иқлимга бўлиб урганди. Куёш соатларини. баёнини берди, астрономик асбоблари яратди. Фарғонийнинг бу асари Н.Коперник даврига қадар Европада астрономия фанидан асосий қўлланма сифатида фойдаланилди.

Абу Наср ал-Форобий (873-950 йй). Ўтрорда туғилган, бошлангич маълумотни Шош, Бухоро, Самарқандда олган сўнг Бағдодда узоқ яшаб, замонасининг олимлари билан илмий мулоқотда бўлган. Илмнинг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ рисолалар ёзган. Мусиқа назариясига бағишланган «Мусиқа хақида катта китоб» номли машҳур асари бу соҳа тарихига бағишланган энг дастлабки тарихий манбалардан биридир. У серқирра, қомусий олимдир.

Абу Райхон Беруний (973-1048 йй). Хоразмда таваллуд топган бу мутафаккир, серқирра олим астрономия, тарих, тиббиёт, риёзиёт, жуғрофия, геодезия, метеорология, этнография, фалсафа, филологияга оид 150 га яқин асарлар яратган. Бу асарлар Беруний номини жаҳонга таратди. Шунингдек, унинг хикоялар, шеърлар битганлиги хам маълум. Беруний ўрта асрда биринчи бўлиб глобус яратди. У араб, форс, ҳинд туркий тилларни мукаммал билган. Унинг «Фармоканазия», «Геодезия», «Ҳиндистон», «Минерология», «Маъсуд қонуни», «қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарлари ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган. Махмуд Ғазнавий саройда ҳам хизматда бўлган. У Ибн Сино билан ҳам замондош эди.

Абу Али Ибн Сино (980-1037 йил) У фалсафа, мантиқ рухшунослик, адабиётшунослик, шеърият, мусиқа, геология, минерология, физика, математика, тиббиёт, астрономияга оид юзлаб асарлар яратди. Абу Алининг илмий қизиқишлари доираси шу қадар кенг бўлганки, унинг 40 дан зиёд тиббиётга, 30 га яқин астрономия ва табиатшунослик фанларига, 185 та фалсафа, мантиқ ва илоҳиётга бағишланган асарлар яратгани маълум.

IX-XII aсрлaрдa aдaбиёт, мeъмoрчилик вa дин рaвнaқи. Ўртa Oсиёлик буюк ислoмшунoс мутaфaккирлaр.

Бухорода қурилган Исмоил Сомоний қабри устига пишиқ ғишт билан қурилган гўзал мақбара. Бу бино тўртбурчак шаклида бўлиб, томи гумбаз қилиб ёпилган. Тўртбурчакдан найзали равотлар ёрдами билан саккиз қиррали шаклга ўтилган. Шу билан бирга бу бино тўрт фасадлидир. Унинг тўртала томони ҳам бир хил, олд томонидек безатилган. Оддий қилиб айтганда, бинонинг олди, ёни ва орқа томони йўқ. Ҳамма томони бир хилда безатилган. Исмоил Сомоний мақбарасини қуришда ва безатишда араблардаги ўша давр учун хос бўлган меъморий хусусиятлардан ҳам кўп фойдаланилган. Масалан, бинонинг ташқи бурчакларига устунлар ўрнатиш. Бино ичидаги бундай шакддаги, шунингдек, думалоқ манзарали майдонлар ҳам исломгача бўлган ёдгорликларда учрайди.

IХ-Х аср меъморчилигининг ривожланиш йўлларининг сакланиб қолганлигини кўплаб масжидлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ёзма манбаларда қайд қилинишича, сомонийлар давридаги кўпгина масжидлар ўз вақтида арабларгача бўлган ибодатхоналарнинг масжидга мослаштириш асосида қурилган. Улар бир хонали бўлиб, масжиднинг томлари устунга таяниб турган. Масжидларнинг томи одатда гумбаз шаклида бўлган. Масжидларда, айниқса, меҳроблари шаклли, ёзувли қилиб қирқилган ғиштлар, ўйма ганчлар ва ҳатто тилла сувлар билан безатилган Бу даврга оид масжидлар тўғрисида сўз юритилганда, Бухородаги Мағоки Атторон, Пойканд масжиди, Термиздаги Чорустун, Шаҳристондаги Чилдухтарон масжидларини қайд қилиш мумкин. Бу ёдгорликлар Ўрта Осиёда диний меъморчиликнинг ривожланиш йўлларини кузатиш имкониятини берди. Наршахийнинг ёзишича, амир Наср ибн Аҳмад Бухоро Регистонида ўзи учун катга сарой қурдирган ва унинг қурилишига кагга маблағ сарфлаган. Бу сарой ғоят гўзал бўлган. Саройнинг олдида эса девонлар учун бинолар қурилган. Амир ва ҳокимлар саройи Нишопур, Марв, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ҳам бўлган. Бу саройлар ўзларининг катталиги ва гўзаллиги билан ажралиб турган. Кўп ҳолларда бундай саройлар кушманзара жойларда, боғлар ичида бунёд этилган.

Юсуф Хос Ҳожиб (XI аср) Боласогумда туғилган йирик адиб Юсуф Хос Ҳожибнинг машҳур «Қудадғу билиг» (Саодатга йўлловчи билим) асари туркий халқларнинг бизгача етиб келган биринчи бадиий асари эканлиги билан ҳам қимматлидир. Муаллиф 6407 байт орқали марказлашган феодал давлатни идора қилиш йўллари, сиёсати ҳамда халқларнинг расм-русумлари ва аҳлоқ қонун-қоидаларини ушбу асарда мужассамлаштирган. «Қутадғу билигда» соғликни сақлаш, доришунослик ва умуман табобатга оид байтлар ҳам кўп учрайди.

Аҳмад Югнакий (ХIIаср II ярми-ХIII аср бошлари) Самарқанд яқинидаги Югнак қишлоғида туғилган Югнакийнинг айниқса «Хиббат ул- ҳақойик» (ҳақиқатлар ҳадиси) асари жуда машҳур бўлиб, муаллифга шон-шуҳрат келтирган. Асарда асосан инсонга хос бўлган фазилатлар баён этилган.

Абу Абдулло Рудакий (884-954 йиллар) Форс тожик адабиётининг буюк устози. Самарқандга яқин Рудек қишлоғида туғилган. Унинг шеърий мероси ниҳоятда бой ва ранг баранг. Унинг қаламига мансуб «Калила ва Димна», «Даврони офтоб», «Синдбоднома» каби поэмалардан парчалар сақланиб қолган.

Абу Мансур Муҳаммад Дакикий (942-1020 йиллар) X асрнинг Рудакийдан кейинги энг машҳур шоирларидан манбаларга қараганда Самарқандда туғилган. Сомонийлар саройида яшаган. Биринчи бўлиб «Шохнома» ёзишни бошлаган. Лекин фақат маълум бир қисмини ёзишга улгурган ва тасодифий воқеа билан вафот этган. Ундан 1209 байт сақланиб қолган. Дакикий мусиқа илмини ривожига ҳам катта ҳисса қўшганлиги ҳақидаги манбалар ҳам мавжуд.

Абулкосим Фирдавсий (942-1020 йиллар). Эроннинг Туе шаҳрида туғилган. Араб ва форс адабиётини яхши билган. Бутун умрини Эрон шохларининг афсонавий қаҳрамонларига бағишланган катта эпик асар «Шохнома» ни яратишга сарфлаган. Асар дунёни кўпгина тилларида нашр қилинган. Фирдавсий ўз «Шохнома» си билан ўзига абадий ҳайкал яратиб кетган ва авлодлар ташаккурига сазовор бўлган.

IX-XII асрлар Марказий Осиё маданияти ривожига назар ташлар эканмиз, бу даврда тасаввуф (софизм) таълимотлари маданиятнинг, маънавиятнинг барча томонларига кириб борганлигини кузатиш мумкин. Сўфизм шахсий эркинлик, ўз ҳоҳиши билан тозаланиб Оллохга руҳий маънавийликка сингиш орқали эришишга асосланади. Тасаввуфда рухни камолотга ва уни сўнгги мақсади - Оллохга эришув йўллари 4 босқичдан иборатдир: 1) Шариат. 2) Тариқат. 3) Маърифат. 4) Ҳақиқат.

Сўфизм назариётчилари, олимлари ўз даврининг билимини пухта эгаллаган, илмлардан хабардор, билимдон-мутафаккирлар бўлган. X асрдан бошлаб суфизм ғоялари Ўрта Осиё шаҳарларида ҳам тарқала бошлаган. Виз қуйида ушбу йўналишга содиқ қолган ҳолда ўз ижодлари билан дунёга танилган баъзи мутафаккирлар ҳақида фикр юритамиз.

Аҳмад Яссавий (1105-1165 йиллар) Ясси (Туркистон шаҳрида руҳоний шаҳрида туғилган.) Отаси Иброхим Саъй Ром шаҳрида кўп йиллар шайхлик қилган. Аҳмад Яссавий асли келиб чиқиши Тошкентдан бўлган машҳур турк машойихи Арслонбоб Тошкандийдан тахсил олган. Унинг вафотидан сўнг Юсуф Ҳамадонийдан илм ўрганган. Яссавийдан бизгача етиб келган ягона мерос - бу унинг «Девони хикмат» идир. Унда Яссавийнинг сермазмун хикматлари, муножатномаси, «Фақрнома». рисоласи ўз аксини топган. Аҳмад Яссавий тасаввуфда Яссавия тарикатига асос солди.

Сулаймон Бакиргоний (1186 йилда вафот қилган). Аҳмад Яссавийнинг муносиб шогирди, унинг ишини давомчиларидан биридир. Хоразмнинг Бакиргон деган жойида туғилган. Туркий халқлар орасида ҳаким ота лақаби билан ҳам машҳур бўлган. Унинг дин ва тасаввуф, ишқ ва аҳлоқдан сабоқ, берувчи асарлари бутун Туркистон ҳудудларида севиб ўқилган. Унинг «Бакирғон китоб» номли йирик асари кейинги йилларда ўзбек китобхонларига ҳам етиб келди.

Нажмиддин Кубро (1145-1221 йиллар). Шоир ва олим. Ўрта Осиёдаги йирик суфийлик оқими - Кубравиянинг асосчиси. Хивада туғилган. Ўрта ва яқин Шарқ ўлкаларига, Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон ҳудудларига кенг тарқалган оқимдир. У ўзининг қатор рисолаларида Кубравия биродарлиги қоидаларини ишлаб чиқарган Нажмиддин Кубро 76 ёшида Урганчга ҳужум қилган Мўғулларга қарши лашкар тўплаб чиқиб халқни ҳужумга бошлаб борган. Ислом динининг мамлакатда асосий дин сифатида тан олиниши, бошқа диний эътиқодларнинг оёқ-ости қилиниши, меҳнаткаш халқ оммаси турмуш тарзининг оғирлашиши улар орасида уларни юлатишга, оғирлигини енгил қилишга ёрдам берувчи ғояни қидиришга мажбур қила бошлади. Бу ғоя тасаввуф ғояси бўдди.

Имом Исмоил ал-Бухорий (810-869 йй.) Буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорий ҳаёти давомида 600 минг ҳадис тўплаб, улардан 7275 ҳадисни ўзининг 4 жилдлик «Ишонарли тўплам»ига киритди. Ислом дунёсининг йирик олими, ҳадисшуносликда энг юқори поғонага чиққан Имом Исмоил ал-Бухорийнинг 1205 йиллиги 1998 йил халқаро миқёсда тантанали нишонланди ва у вафот этган Самарқанд атрофидаги Челак шаҳрида ниҳоятда хашаматли зиёратгоҳ қурилди. Бу ерга жаҳоннинг турли жойларидан минглаб одамлар зиёратга келмоқдалар.

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-894йй) Ислом дунёсида машҳур бўлган ҳадисчи олим Имом ат-Термизий Термиз яқинидаги Буг қишлоғида туғилган. 26 ёшидан бошлаб Самарқанд, Бухоро, Хижоз, Ироқ, Нишопур шаҳарларида машҳур мухаддис олимлар билан учраша бошлади. Унинг буюк ҳадисчи олим бўлиб, етишишида Имом Исмоил ал-Бухорий устозлиги катта ўрин тутади. Умрини ҳадислар тўплашга бағишлаган Ат-Термизийдан катта илмий мерос, жумладан: «Китоби ал-Жомъе ас-сахих», «Китоб ул илм», «Китоби ат-Тамойили ан-Набавий», «Китоби аз-зухл», «Китобул исми вал хуна» каби асарлар қолган.

Бурхониддин Марганоний. (1197 йилда вафот қилган). Тўлиқ исми Бурхониддин Маргиноний Ибн Абу Бакр ал-Фарғоний ал-Риштоний. Бурхониддин фиқх илмига (дин, шариат ҳақидаги фан) оид бир нечта рисолаларни «Бидоятул мубтадий» (илмга-киришувчи дастлабки асос) «Ал мазид» (зиёда қилиш) «Китобул фароиз» (фарзлар ҳақида китоб) ва бошқа асарларни ёзиб олдирган. Бурхониддин Маргинонийнинг «Хидоя фи фуруъ ал-фукх» (Фикх соҳалари бўйича қўлланма) асари 56 китобдан иборат бўлиб, бу асар шариат кодекси деб аталади

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР