Хоразм мақол, матал, нақл ва ибораларнинг тарихий илдизлари
Шариат қонун-қоидаларига мувофиқ ҳар бир мусулмон ўз моддий ва жисмоний имкониятларига қараб тўрт мартагача хотин олиши мумкин дейилади. Ушбу қоидага кўра, хонлар бой-зодагонлар, уч-тўрт, ҳатто 8-9 мартагача уйланаверганлар. Айниқса Шарқ мамалакатларида турли миллат, турли табақага мансуб хотин-қизлар билан никохдан ўтиш одат тусига кирган.

“Биз келдик келин кўрмакка”

Шариат қонун-қоидаларига мувофиқ ҳар бир мусулмон ўз моддий ва жисмоний имкониятларига қараб тўрт мартагача хотин олиши мумкин дейилади. Ушбу қоидага кўра, хонлар бой-зодагонлар, уч-тўрт, ҳатто 8-9 мартагача уйланаверганлар. Айниқса Шарқ мамалакатларида турли миллат, турли табақага мансуб хотин-қизлар билан никохдан ўтиш одат тусига кирган.

Чунончи хивалик ўлкашунос Д.Раҳимов, Ш.Матрасуловлар қаламига мансуб “Шоҳ ва шоир қисмати” номли монографияда Ферузхоннинг (1844-1910) беш эмас, ўн эмас, нақд 12 хотини бўлганлиги баён этилади.

Хоннинг биринчи хотини Олмахон, иккинчиси Зиёда, учинчиси қозоқ қизи Кутлуғ бика, тўртинчиси турк қизи Робияхоним, бешинчиси эроний қиз Ширин бика ва ҳоказолар.

Ривоят килишларича, чўл-саҳро кенгликларида туғилиб ўсган қозоқ қизи Қутлуғ бика саройда зерикиб касал бўлиб қолади. Табиблар ёш келин учун саройда ўтов (кийиз наматдан тикланган қора уй) ясаб беришни тавсия этадилар. Хон амри вожиб Ичон қатьада ва Қорақум этакларида қора-уй (чодра) ясатиб унинг ёшликдаги уйидагидек шароит яратиб беради. Ёш келиннинг хасталанганлигини эшитган қариндошлари, дўст-ёрлари уни йўқлаб утовга борсалар, бояқиш чой қайнатиш, таом тайёрлаш учун Қумга тезак теришга кетган бўлади. Ушбу ҳолатдан ҳайратланган мезбонлар “биз келдик келин кўрмакка, келин кетибди тезак термакка” -деган эканлар.

Ушбу нақл-иборанинг келиб чиқиши биргина хон ёки унинг амалдорлари билан боғлиқ деб хулоса чиқариш унчалик тўғри эмас. Чунки чўл, саҳро ҳамда шимолий минтақаларда яшовчи халқлар насл-насабининг келажакда соғлом бақувват яшашларини ўйлаб узоқ-узоқлардаги қавмлари билан қиз бериб-қиз олишни одат тусига киритганлар. Келинларнинг маҳаллий халқ ҳаётига тезда кўника олмай юришлари боис юқоридаги нақл келиб чиқкан деб изоҳланса тўғри бўлади. Чўлда яшовчи халқларда узоқдан келган меҳмонни қиз-жувонлар билан сийлаш урф-одати бўлганлиги элшунос олимлар томонидан аниқланган.

“Урисни минг мақтасанг ҳам кўзи кўк-да”

Ушбу ибора Хива хонлиги Россияга тобе бўлганидан сўнг пайдо бўлган. Манбаларда қайд этилишича, хивалик аслзодалар, савдогарлар рус аёлларига хуштор (иштиёқманд) бўлганлар. 1883 йил баҳор-ёз ойларида Хива хони Муҳаммад Раҳим соний рус подшосининг таклифига мувофиқ Москва Санкт-Петербургга расмий ташриф билан боради ва шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларини, меъморий обидалари, театр, босмахона, музей, лицей ва ишлаб чиқариш корхоналарини томоша қилади.

Иттифоқо кўн-тери фабрикаси цехларини айланиб юрган хон хушбичим рус қизини кўриб, севиб қолади. Қиз ҳам рози бўлади Хон уни Хоразмга олиб келади. Қиз мусулмон қонун-қоидаларига биноан Хонқада хон билан никоҳдан ўтади ва лекин ҳукмдор ажнабий хотинни марказга олиб келишга ботина олмайди. Келинни Хонқадаги уйида қолдиради. Хон ярим йилча Хива билан Хонқа орасида қатнайверишдан зада бўлади. Бунинг устига-устак ёш келин ўзбек тили ва урф-одатларига кўника олмай ўз юрти, ота-оналарини соғиниб йиғлайверади. Шу тариқа Феруз хон ўрис хотинни Санкт-Петербургга жўнатиб юборади.

Хон саройидаги казо-казолар ўрис келинни мақтасалар, кундошлари “Ўзимиздан қўймасин, минг мақтасанг ҳам ўриснинг кўзи кўк-да” деб эътироз билдирганлар.

“Одамнибоши Аллоҳнинг тўпи...”

Ушбу матал Хоразмда сунъий суғориш тарихи, қазув, қочув, дамба қуриш каби деҳқончилик муаммолари билан боғлиқ сарсон- саргардонлик, узоқ манзилларга бориб 12 кунлик мажбурий қазувларда қатнашиб келган авлод - аждодларимизнинг ҳайратланиб айтган сўзининг ифодаланишидир. Аслида матал “Одамнинг боши Аллоҳнинг тўпи, Тошсоқа деган жойларни кўрдик” дейилган.

Тошсоқа - Амударёнинг Ҳазорасп тумани ҳудудидаги тош-тик ёқа қирғоқ соҳилининг номи бўлиб у Оллоқули хон даврида (1825-1842) тоғ жинсларини ўйиб битказилган. Хонликнинг узоқ чеккаларидан Тошсоқа қазувига жалб этилган минглаб бечоралар бир неча ойларга чўзилган мажбурий хизматда бўлганлар. Омон қолганлар Тошсоқа каналини “бало қазув”, одамнинг боши- Аллоҳнинг тўпи, Тошсоқа деган жойларни кўрдик деган тарихий ибораларни тўқиб чиқарганлар.

Хонлик даврларида воҳанинг 100-200 км, узоқ туманларида яшовчи деҳқонларнинг Тошсоқа (сув таксимловчи) канали қурилишида қатнашганлиги уларда ҳайрат ва ифтихор туйғусини уйғотганлиги туфайли ўша тарихий маталнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, дейиш мумкин.

1939-1940 йилларда Тошсоқа канали ҳашар йўли билан қайтадан қурилди. 1969-1979 йилларда Туямўйин сув омбори, Питнак (Дўстлик) шаҳри бунёд этилди. Эндиликда Тошсоқа канали, Туямўйин сув иншооти қурилиши ота-боболаримизнинг яқин ўтмиши тарихи сифатида тилга олинади, холос.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР