У Авестонинг энг қадимий қисми «Гат» (хат – нома)ни ижод этган. Авесто таркибига кирган билим, маълумотлар қарийиб 2000 йил милоддан аввал 3000 йиллик оҳирлари 2000 йиллик бошларидан то милоднинг бошларигача ўтган даврда юзага келиб, авлоддан-авлодга оғзаки кўчириб олинган, унинг кўп қисми йўқолган, еттидан бир қисми сақланган. Милоддан аввалги 3 асрда Аршакийлар сулоласи даврида тўпланган.
Диншуносликда Авесто уч тарихий қатламга ажратилган: 1. энг қадимий қисми милоддан аввалги 3 минг йилликда вужудга келган Яштлардир; уларда уруғчилик тузумидаги эътиқодлар, кўп худолик тасаввурлари тасвирланган; 2. Гатлар деб аталган қисмидир. Бунда Аҳурамазда номли худо ҳақида уйдирмалар ёзилган. Уни зардушт ёзган деб таҳмин қилинади. 3. Қадимий кўпхудолик ва кейинги яккахудолик ғоялари орасидаги кураш шароитларида эрамиздан аввалги V-асрда ҳар иккисини келиштирган Маздакийлик дини шаклланган. Авесто бу диннинг охирги ва асосий қисмини ташкил этди.
Ҳозирги диншуносликка хос бўлган Авестонинг 6 асрларда Эронда ҳукмронлик қилган Сосонийлар сулоласи шоҳи Хисрав V ҳукмронлиги даврида ёзиб тугатилган, кейинчалик паҳлавий тилига таржима қилиниб асосий текстига кўплаб шарҳлар берилган. Булар «Зенд» номи билан маълум.
Авесто олдин 12 минг мол терисига ёзилиб, хажми ғоят катта бўлгани учун ундан фойдаланиш осонлаштириш ниятида «кичик авесто» яратилди. (Беруний).
VII асрда Сосонийлар давлати парчаланиб, араб босқинчилари, Эрон ва Ўрта Осиёни босиб олгач, Зардуштийлик ҳам зарбаларга учраб, унга ишонувчилар қувғин ва таъқиб остига олингач Авестонинг аксарият бешдан уч қисми йўқолган ва унитилган. Авестода бу диннинг диний- фалсафий тизимининг қоида дастурлари баён этилган. У қадимий аждодларимизни дунёқараш, ҳуқуқий, ахлоқий, тамойил қоидаларини ўз доирасига олган. Унда табиат фалсафаси, космогония, тарих, этика, медиöинага доир материаллар, билимлар ёзилган. Яна унда шоҳ, олий табақа, қулдор, қул, диндорлар ва диний урф-одатлар катта ўрин олган. Ҳоким ва золимлар улуғланган; руҳонийлар муқаддас одамларни ҳамма ҳурмат қилиши керак деб даъво қилинган.
Хулоса шуки, Авесто Зардуштийликнинг муқаддас ёзуви ҳисобланган, 2000 йил давомида яратилган 5 дан 3 қисми йўқолиб кетган у якка ҳудоликни тарғиб этган, оловга сиғинмаслик, фақат уни асраш ва эъзозлашни тавсия этган.
Авесто зардуштийликнинг асосий манбаси ва муқаддас китоби ҳисобланади. У Апастак, Овисто, Овусто, Авесто, Авасто каби шаклларда ҳам ишлатиб келинган. Авесто Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг исломгача даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятини ўрганишда муҳим ва ягона манбадир. Унинг таркибидаги материаллар қарийб икки минг йил давомида вужудга келиб, авлоддан-авлодга оғзаки тарзда узатилиб келинган. Зардуштийлик дини расмий тус олгунига қадар Авестонинг бўлаклари Турон ва Эрон замини халқлари орасида тарқалган. Ушбу – Ахура-Мазданинг Зардушт орқали юборилган илоҳий хабарлари деб ҳисобланган бўлаклар турли диний дуолар, мадҳиялар сифатида йиғила бошланган. Булар Зардуштнинг ўлимидан кейин китоб ҳолида жамланган ва «Авесто» – «Ўрнатилган, қатъий қилиб белгиланган қонун-қоидалар» деб ном олган. Бу қадимий ёзма манба бизгача тўлиқ ҳолда етиб келмаган. Авесто ҳақида Абу Райҳон Беруний (в. 1048 й.) шундай ёзади: «Йилнома китобларида бундай дейилган: подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида [Авестонинг] 12 минг қорамол терисига тилло билан битилган бир нусхаси бор эди. Искандар оташхоналарни вайрон қилиб, уларда хизмат этувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборди. Шунинг учун ўша вақтда Авестонинг бешдан учи йўқолиб кетди». Авестонинг Александр Македонский томонидан Грецияга олиб кетилгани, зарур жойларини таржима эттириб, қолганини куйдиртириб юборгани, 12 минг қорамол терисидаги тилло матн ҳақида (ат-Табарийда – 12000 пергамент) кейинги даврларда яратилган зардуштийлик адабиётида («Бундаҳишн», «Шаҳриҳои Эрон», «Динкард»; IX аср, «Арда Вираф-намак»; IX аср, «Тансар хатлари», ал-Масъудийнинг «Муруж аз-заҳаб», «Форс-нома» ва бошқаларда) маълумотлар бор. Бу асарларда юнонлар оташхоналарни вайрон қилганлари, ибодатхоналар бойликларини талон-тарож этганлари, дин арбобларини ўлдириб, асир олиб кетганликлари ҳақида ёзилади. Ҳозир бизгача етиб келган Авесто, Берунийнинг ёзишича, аслининг бешдан икки қисми холос. У «Авесто 30 «наск» эди, мажусийлар (зардуштийлар) қўлида 12 наск чамаси қолди» деб ёзган. Ёзма манбаларга кўра, ҳақиқатан ҳам Авестони мўбадлар авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга олиб ўтиб, асрлар оша сақлаганлар. Бунинг сабаби мўбадлар мағлуб халқлар (Яқин ва Шарқ халқлари) ёзувини ҳаром ҳисоблаб, муқаддасхабарни унда ифодалашга узоқ вақт журъат этмаганлар. Даставвал (мил. II ёки III асрларида), Аршакийлар даврида Авесто қисмларини тўплаш бошланган. Кейинчалик, Сосоний Ардашер Попакон (227-243) даврида, айниқса, Шопур (243-273) даврида астрология, табобат, риёзиёт ва фалсафага оид қисмлари ёзиб олиниб, ҳамма қисмлари тартибга келтирилган, сўнг бу асосий матн тўлдириб борилган. Авестонинг ана шу тўлдирилган нусхасининг икки тўлиқ қўлёзмаси Ҳиндисонда сақланади – бири Мумбайда, зардуштийларнинг маданий маркази бўлмиш Кома номидаги инситутда, иккинчиси – Калкуттадаги давлат кутубхонасида. Авестонинг энг қадимий қисмларида Зардушт туғилган ва ўз фаолиятини бошлаган юрт ҳақида маълумот берилган. Унда айтилишича, «бу мамлакатнинг кўп сонли лашкарларини ботир саркардалар бошқарадилар, баланд тоғлари бор, яйлов ва сувлари билан гўзал, чорвачилик учун барча нарса муҳайё, сувга мўл, чуқур кўллари, кенг қирғоқли ва кема юрар дарёлари ўз тўлқинларини Иската (Скифия), Паурута, Моуру (Марв), Харайва (Арея), Гава (сўғдлар яшайдиган юрт), Хваразм (Хоразм) мамлакатлари томон элтувчи дарёлари бор». Шубҳасиз, «кенг қирғоқли, кема юрар дарёлар» бу Амударё ва Сирдарё бўлиб, Авесто тасвирлаган мазкур шаҳарлар Ўрта Осиё шаҳарларининг бу икки дарё қирғоқларида жойлашганларидир. Шунга асосланиб, биз Зардуштнинг ватани, зардуштийликнинг илк макони ва Авестонинг келиб чиқиш жойи деб – Хоразм, тарқалиш йўналиши деб – Хоразм-Марғиёна-Бақтрияни айта оламиз. Авестонинг «Ясна» китобида баён этилишича, Зардуштнинг ватандошлари унга ишонмай, унинг таълимотини қабул қилмаганлар. Зардушт ватанни тарк этиб, қўшни давлатга кетади, у ернинг маликаси Хутаоса ва шоҳ Кави Виштаспанинг хайрихоҳлигига эришади. Улар Зардушт таълимотини қабул қиладилар. Натижада қўшни давлат билан уруш бошланиб, Виштаспа ғалаба қозонади. Шундан сўнг бу таълимот халқлар ўртасида кенг тарқала бошлаган. Кейинги давр ривоятига кўра, Шоҳ Кави Виштаспа фармонига билан Авесто китоби ўн икки минг мол терисига ёзиб олиниб, оташкадага топширилган.
Авестонинг таркибий қисмлари. Авесто зардуштийлик муқаддас китобларининг мажмуидир. У – мураккаб тўплам. Авестонинг сақланиб қолган тўртта китобидан биринчисининг номи «Видевдат» (ви-даеводатам – «Девларга қарши қонун») деб аталади. Ушбу китоб Авестонинг сақланиб қолган китоблари орасида энг мукаммали ҳисобланади. У йигирма икки боб бўлиб, боблари фрагард деб номланган. Фрагардларнинг маъноси, вазифаси, услубий тузилиши турлича: биринчи фрагард – одамлар яшайдиган барча юртларни Ахура-Мазда қандай яратгани тўғрисида бўлиб, улар орасида Хоразм, Сўғд, Марғиёна, Бахди (Балх) ва бошқалар бор; иккинчи фрагардда Жамшид подшолиги – касаллик, ўлим, азоб-уқубатлар бўлмаган замон ҳақида, яъни инсониятнинг олтин асри ҳақида гап боради; учинчи фрагард деҳқончиликнинг савобли шарофатлари ва ҳ.к. ҳақида. Шунингдек, Видевдатнинг бошқа фрагардларидан Зардушт билан Ахура-Мазданинг савол-жавоблари ва мулоқотлари ҳам ўрин олган. Иккинчи китоб «Ясна» деб аталиб, Авестонинг эътиборли бўлими саналади. Ясна – яз ўзагидан бўлиб, «сажда, топинч, намоз» маъноларини ифодалайди. Ясна 72 бобдан иборат бўлган. Боблари ҳа, ҳаитий деб аталган. Ҳар бир ҳа зарур ўрнига қараб маросимларда, ибодатларда коҳинлар томонидан ўқилган, қавмлар унга эргашиб ибодат қилганлар. Ясна китоби (наск) таркибига Зардушт ўзи ижод қилган тарғибот шеърлари ҳам кирган. Улар Яснанинг 28-34, 43-46, 47-50, 51, 53 – жами бўлиб, 17 та ҳасини ташкил қилади. Зардушт шеърлари илмий адабиётда гаталар деб атаб келинади. Ҳа «башорат» демакдир. Яснанинг 35-42-ҳалари айниқса, юксак қадрланган. Бу етти ҳа Ҳаптанхати Ясна – «Етти боб Ясна» деб номланган. Улар орасида оловнинг муқаддаслиги ҳақида боб бўлиб, зардуштийлик урф-одатлари орасида оловга эътиқод қилиш, диннинг эса «оташпараслик» деб аталиши шунга боғлиқ. Бинобарин, олов Ахура-Мазда нурининг қуёшда намоёнлиги ва унинг ердаги зарраси деб ҳисобланган. Олий ҳақиқат Арта ҳам оловда ўз ифодасини топган. Олов ҳақни ноҳақдан, энг олий гуноҳ ҳисобланмиш ёлғонни росдан ажратиб берган. Ёлғон эса чин эътиқодга хиёнат деб қораланган. Арта сўзи фонетик ўзгариб, дастлаб атар, ҳозир эса оташ шаклида ишлатилиб келмоқда. Учинчи китоб «Висперед» деб номланган. У 24 бобдан ташкил топган ва ҳар бир боб алоҳида карде деб аталиб, маъбудлар шаънига ўқилган дуолар ва ибодат устида уларга мурожаатлар ҳамда оламни билишга доир панд-насиҳатлардан иборатдир. Уни ибодат намозлари йиғиндиси ҳам дейишади. Айни пайтда у Яснага қўшимча ҳисобланади. Тўртинчи китоб «Яшт» (гимн) деб аталади. У Авестонинг энг қадимий қатлами бўлиб, 22 бобдан иборат. Ҳар бир боб Ахура-Маздадан бошлаб, у яратган ва унинг маълум вазифаларини бажарувчи маъбудлар шаънига айтилган мадҳиялардан иборат. Авестонинг бизгача етиб келмаган китобларидан баъзи қисмлари унинг йиғма парчалар тўплами «Хўрдак Авесто» китобида жамланган. Масалан, Эхрпатастан китобидан мўбадлар (коҳинлар) учун қонун-қоидалар, диний бошқарув тизимига хос маълумотларга оид қисмлари, Нирангастан – диний-мавсумий, ижтимоий маросимлар тартиб-қоидалари қисми, 20-наскда жоннинг у дунёдаги аҳволи ҳақидаги қисми ва бошқалар шу китобда сақланган. Авесто ҳақида энг муҳим манба IX асрга оид «Динкард» (дин амаллари) асаридир. Унда Авестонинг 21 китоби тўла таърифлаб берилган. Бу таърифлар савобли ишлар йўриқномаси, диний маросимлар ва расм-русумлар қоидаси; зардуштийлик таълимоти асослари; дунёнинг Ахура-Мазда томонидан яратилиши; охират куни ва ундаги ҳисоб-китоб; фалакиёт; ижтимоий-ҳуқуқий қонун-қоидалар; Зардуштнинг туғилиши ва болалиги; ҳақ йўлини тутиш; жамият аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқлари; девлар, жинлар каби ёвуз кучларга қарши ўқиладиган дуолар, амаллар ва бошқалардан иборатдир. Зардуштийлик дини ҳақида француз олими Анкетил-Дюперрон жуда қимматли маълумотлар қолдирган. Масалан, Анкетил-Дюперрон 1755 йилда Ҳиндистонга илмий сафар қилиб, у ердаги зардуштийлар орасида уч йил яшаган, уларнинг ибодатлари, урф-одатларини яхши ўрганган ва Авестони француз тилига таржима қилган. Уч жилдлик таржима 1771 йилда нашр этилган. Айни пайтда, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, олимларимизнинг фикрича, Авесто Ғарбий Европа, Эрон ва Ҳиндистон тиллари орқали бизга етиб келгани учун ундаги номлар, атамалар аксарият ҳолларда аслига тўғри келмайди. Авестода туркона жиҳатлар кам қолган. Зартуштийликни ўрганиш ҳозирги кунларда ҳам фаол олиб борилаяпти. Таъкидлаш керакки, бу соҳадаги тадқиқотлар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки миллий қадриятлар ва кўп қатламли диний тажрибада мазкур диннинг тутган ўрни беқиёсдир.