Халфа қўшиқлари халқ руҳини, халқ орзу-армонларини ёрқин акс эттириб, одамлар юрагига таъсир этиб хусусан аёллар томонидан ижро этиладиган санъат тури. Айнан халфа қўшиқлари меҳнаткаш омманинг озодлик ва бахт учун кўрашида мададкор бўлиб, халқнинг дарди айниқса, аёлларнинг ҳаёти, нохаклик, аёлларнинг манфаати куйланган, ғояларни жонли гавдалантириб содда, равшан тил билан куйларга солиб бадиий шаклда тараннум қилган жанрдир.
Ҳар бир махаллий услуб ўз хусусиятлари ва анъаналарига эга. Фақат Хоразм маҳаллий услубига хос бўлган халфачилик санъат тури анъаналари эса узоқ даврлар мобайнида шаклланган бўлиб, улар халқимизнинг турли шароитлардаги турмуши, меҳнат машғулотлари маросим ва урф-одатлар жараёни билан узвий боғлиқ ҳолда юзага келган.
Тарихий манбалардан бизга маълумки, мусиқа санъати кенг доимий ривожланишда албатта, марказий шаҳарлар муҳим аҳамият касб этган. Ўз-ўзидан маълумки, фан, адабиёт санъат ва маданият тараққиётига ҳар томонлама эътибор диққат марказида бўлган. Тошкент, Фаргона, Бухоро, Хоразм ижрочилик мактаблари вужудга келган.
Кексаларнинг берган маълумотига қараганда қадимий даврлардан Хоразмда “Қизил гул” байрами ўтказилган, бу байрамда қўбуз чала олмайдиган, қўшиқ айта олмайдиган, ўйинга тушмаган қиз бўлмас экан. “Қизил гул” байрами XX асрнинг 20- йилларигача баҳор байрами сифатида нишонланган.
Узоқ даврлардан буён Хоразмдаги тўй, сайл, аза маросимларида хотин-қизлар даврасида “халфа”лар санъати ижоди маълум бўлиб келган.
Хоразмда саводхон, гапга чеган, айни пайтда хонандалик қобилиятига эга бўлган зукко аёлларни “халфа” деб юритишади. Ушбу атама арабча сўз бўлиб, унинг маъноси шариат ақидаларини яхши билувчи, ўқимишли киши тарзида шаклланган.
Халфалар фаолиятида ўз маъносини акс эттирувчи хусусиятлари ҳам мавжуд. Чунки, диний мавзуларга оид маълумотларни билиш ва хонандалик қобилияти халфалар ижодида маълум даражада алоқага эга.
Бир вақтлар зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” ни ўқиб уларни хотин-қизлар даврасида тарғиб қилган аёлларни ҳам “қалпа” деб юритишган. Бироқ бу ўқимишли аёллар фақат диний мавзудаги китобларни тарғиб қилиш билан кифояланмасдан, буюк шоирлар асарларини, шунингдек, китобга кўчирилган халқ достонларини ҳам куйга солиб ўқишган ва хотин-қизлар дилини хушнуд қилиб келганлар.
Хоразмда аёл қўшиқчилар “халфа” деб юритилади, улар фақат ашула айтиш билан чекланмаганлар, чунки халфалар санъатнинг кўп турларидан хабардор бўлганлар, улар хотин-қизлар ўртасида ранг-баранг халқ қўшиклари, мумтоз ашулалари, шоирларнинг ғазалларини ва ошиқлик достонларидан парчалар куйлашган, диний мавзуда суҳбатлар қилишган. Халфалар бу даврада асосан халқ достонларини ўқиш билан бирга уларни мусиқа жўрлигида маромига етказиб куйлаб ҳам берадилар.
Қадимий Хоразм халқи Ўрта Осиёда ўзига хос юксак маданияти билан катта из қолдирган. Хоразм санъаткорларининг қадим замонларга бориб тақаладиган нафис санъати кўп асрлар давомида сайқал топиб оммани ўзига жалб қиладиган сеҳрли кучга айланади ва халқ тарихи билан боғлиқдир.
Маълумки, халқ байрамларида оила маросимлари билан боғлиқ тўй ва томошаларда, урф–одатларда ва сайилларда мусиқа жўрлигида қўшиқ, рақслар ижро қилинган. Деярли 3000 йиллик тарихга эга муқаддас “Авесто”китобида (хусусан унинг “Яшта” ва “Виспарт” бўлимларида) қадим Хоразм санъати, тўй ва маросимлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
Хоразмда олиб борилган археология ва этнография экспедициялари натижасида бу ҳудудда эрамиздан аввал VI-V асрдаёқ анъаналар таркиб топганлигига оид маълумотлар мавжуд. эрамиздан аввалги IV аср Жонбосқалъа I-IV аср Тўпроққалъа қўрғонлари ичида оловхона борлиги ва у ерда тантаналар ўтказилганлиги аниқланган. Қадимги Хоразмшохларнинг Афригийлар давригача бўлган қароргоҳи Тўпроққалъада “Шохлар зали”, “Ғалаба зали” “Рақсга тушувчи ниқоблар зали” борлиги аниқланган.
“Рақсга тушувчи ниқоблар зали”да топилган суръатларда созандалар қўлларидаги арфа, икки томони қум соатига ўхшаш ноғора, икки торли дутор акс эттирилган. Ушбу далилларда исломгача бўлган даврда маданият, санъат, куй, қўшиқ, достон ҳам маълум даражада ривожланганлигидан дарак беради.
Ерамизнинг V- VI асрларида Хоразмда турмуш ва сиёсий ҳаёт кескин суръатда ўзгарди. Бу тараққиёт ўша даврдаги Хоразм ҳукумдори суръати туширилган тангаларда ҳам ўз аксини топди. Сиёвушни отга минган тасвири туширилган тангалар исломгача бўлган даврга оид. Сиёвуш тасвирининг олд томонида мусиқачи аёл мутриба санъаткорга хос кийимларни кийиб олган гўзал малика сифатида тасвирлвнган. Тангачалардаги тасвир исломгача бўлган даврда аёллар мусиқа чалиш, қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш санъатларини мукаммал ўрганиб олиб, уни кўпчилик олдида намойиш этганини тасаввур қилишимизга асос бўлади.
Ислом дини кириб келгач Хоразмда мусулмончилик урф одатларига мослашган халфачилик, достончилик ҳамда шу тарзда бизгача етиб келган услублар жорий этила бошланди. Шариат асосларини тарғибот қилувчи ҳар хил қиссалар, қўшиқлар, хикоялар, достонлар номалардан “Бобо Равшан”, “Пайғамбарлар ҳикояти”, “Султонбобо хикояти”,”Мерожнома”, “Юсуф ва Зулайхо”,” Жуҳуд ўғлон” каби мусиқий жихатдан бой достонлар яратилиб кенг тарқалди.
Тарихий манбаларда ёзилишича Афригийлар даври VI-VIII асрларда кўп элатли турк халқларининг ўғиз қабилалари Марказий Осиё текислиги, Сирдарёнинг қуйи оқими ва Орол бўйларида яшаганлар. Кейинчалик ўғиз тиллари тарқалган бўлиб, шу билан биргаликда мусиқа маданиятининг турлари, шунингдек халфа жанри ҳам ривожланади. Хоразмда соз (гармон) тор, сантур, буламон, занг, даф, қайроқ, чолғулари ҳамда уларни номланиши, шу билан биргаликда ”Лазги”, “Садри гусфанд”, “Орази бом”, “Ганжи Қорабоғ”, “Норим-норим” каби Хоразмда хозиргача сақланиб келаётган куй, рақс ва қўшиқлар номлари келиб чиқишининг туб сабабларидан бири Эроний ва Сосоний сулоласи халқларининг тарихан узун маданий яқин алоқалари мавжуд бўлганлигини ифодасидир.
Кейинги даврда Хоразм маданияти ва санъатининг энг юксак ривожланиш даври бўлди, Ал Хоразмий, Ал Беруний, қомусий олимлар Ал Фаробий, Ал Розий, Ибн Сино, Аз Замахшарий, математика илмига асос солган Абу Абдуллох Муҳаммад Хоразмий IX-XIII асрларда яшаб ижод қилганлар ва Хоразм санъати, тўй ва маросимлари ҳақида турли мусиқий жанрлар, мақомлар, чолғучилар ва чолғу асбоблар турлари, уларнинг номлари, ашулачилар ҳақида қимматли маълумотлар қолдирганлар.
Буюк ипак йўли орқали Бухоро, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Астрахан, Русия Ўрта Осиё жумладан Хоразм билан ўзаро алоқалар ривожланди. Савдо–сотиқ, тижорат ишларини ривожлантириш билан биргаликда маданят тараққий эттириш борасида харакатлар бўлди. Абдулғозий Баҳодирхондан кейинги барча хонлар мусиқага иҳлос ва иштиёқ билан қарашганлар Абдуллахон(1854) ғижжак ва танбурда Сайид Муҳаммадхон даврида соз ва суҳбат кечалари уюштириб ўзи ҳам дутор ва ғижжакни ўрганиб чалган.
Муҳаммад Раҳимхон соний Феруз Хоразм адабиёт ва санъатини янада юқори поғанага кўтарди, унинг раҳнамолигида машҳур созанда ва гўяндалар етишиб чиқди. Сайил, байрам ва тантаналарда Ферузхон ашулачи, созанда, бахши, масхарабозлар кўрикини ўтказиб рағбатлантирган. Байрамларда адабиёт ва санъатнинг барча турлари намойиш қилинган ва шу тариқа ривожланган. Хоразм воҳасида айниқса Хивада халфачилик санъати кенг ривож топган.
Хотин-қиз халфаларнинг бир тури пиёла ва ликобчаларни бир бирига уриб ундан чиққан овозга жўр бўлиб куйлаганлар шу билан биргаликда хонанда ва созандалардан иборат халфалар гармон ва доира жўрлигида халқ қўшиқлари, лапарлар, ёр ёрлар, аллалар, достонлардан парчалар ижро қилганлар. XIX аср охири XX аср бошларида хусусан 1895 йилдан бошлаб гармон чолғусини халфалар санъатига қўшилиши билан уларнинг ижоди янада юқори поғанага кўтарилди.
Гармон чолғу асбобининг биринчи ихтирочиси германиялик Фридрих Бушман ҳисобланади. 1828 йилда у гармон асбобини ихтиро қилади, лекин унга чолғу асбоб сифатида қарамайди Бушман ясаган бу ўйинчоқ мусиқа асбоби 1929 йилда Кирилл Демиан қўлига тушади ва у гармонни такомиллаштиради. 1830 йилда Иван Сизов томонидан қайта такомиллаштирилиб Тула гармони номи билан кенг тарқалади. Натижада Россиянинг барча шаҳарлари шунингдек Қозон, Озарбайжон ва бошқа жойларга тарқалиб кетади Хоразмга гармон чолғу асбоби савдогарлар орқали кириб келган.
Гармонни аввал созчи санъаткорлар ижрода қўллашган, кейинчалик гармон халфалар ижодида етакчи ўрин эгаллади. 1936 йилда Хивада гармончи қизлар ансамбли тузилди уни тузишда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Раҳимова Тошкентдан келиб ташаббус кўрсатди. Унда Онажон Сабирова (Анаш халфа) ва Мадрахим Шерозийлар ҳамкорлик қиладилар. Халфачи қизлар ансамбли 1939 йилда Тошкент ва республикамиз бўйлаб гастрол сафарда бўлади Бу ансамблда Онажон Сабирова (Анаш халфа) Сарахон Оллаберганова, Ровия Отажанова, Рейма Хакимова, Ўғилжон Машарипова, Пошшахон Матчанова каби истеъдодли халфалар хизмати катта. Бундан 50 йил кейин Гавҳархоним Раҳимова ташаббуси билан Хивага келиб Озод Зарипов раҳбарлигидаги Хива шаҳар мусиқа мактабида гармончи қизлар ансамбли ташкил қилинди.
Халфа санъатининг ўзига хос қирралари замон талабларига мувофиқ шаклланган ва ривожланган. Хоразм воҳасида илгаридан бери давом этиб келаётган анъанага мувофиқ халфалар ижод қилганлар. Улар устоз шогирд услубида ўз ижодларини биладиган қўшиқ ва достонларни шогирдларига ўргатганлар.