Меҳр-мурувватдан ёришар диллар
Хоразм вилояти Хонқа тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Умид” мурувват уйида “Кексаларни эъзозлаш – муқаддас бурчимиздир” номли ижтимоий акция ўтказилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват кўрсатиш ва муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизнинг қутлуғ байрамига бағишлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бекзод Ражабов. – Ушбу тадбирлар доирасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури асосида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Партиямиз фаоллари маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бирга ёши улуғ инсонларнинг уйига бориб, байрам билан табрикламоқда, эсдалик совғалари топширмоқда.

Хайрия тадбири давомида бемор кексаларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва бошқа ташкилотлар томонидан моддий-маънавий ёрдам кўрсатилди. Мурувват уйида таниқли шоир-ёзувчилар, санъаткорлар билан бўлган учрашув нуронийларда катта таассурот қолдирди.

– Муассасада истиқомат қилаётган йигирмадан ортиқ онкологик касалликка чалинган кексалар саломатлиги доимий назоратимизда, – дейди “Умид” мурувват уйи директори Қадамбой Қодиров. – Яқинда қурилиб, фойдаланишга топширилган янги бинода яратилган қулай шароит, замонавий тиббий асбоб-ускуналар касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволашда қўл келмоқда. Нуронийларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР