Мутафаккирлар. Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий (783–850)
Буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад Хоразмий VIII асрнинг охири ва IХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этди. Дунё фанига ғоят катта ҳисса қўшди. Алгебра фанининг асосчиси бўлди.

Хоразмий Хоразм ўлкасида туғилиб, ўсди. Адабиётларда 783 йил унинг туғилган йили деб қабул этилган. У дастлабки маълумот ва турли соҳадаги билимларни, асосан, ўз юртида, Марказий Осиё шаҳарларида кўпгина устозлардан олган, деб билиш мумкин.

Қадимги Хоразмда астрономия жуда ривожланган, хоразмликлар осмон “сирлари”ни арабларга қараганда анча яхши билганлар.

Хоразмийнинг бизгача етиб келган асарларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, у юнон, ҳинд ва эрон астрономияси ва математикасини яхши билган.

Халифа Маъмун даврида Бағдодда Марказий Осиё ва Хуросондан келган бир гуруҳ йирик олимлар ижод этган. Улар орасида Хоразмий билан бир қаторда Яҳё ибн Абу Мансур, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад ал-Марвазий, Холид ибн Абдулмалик Марваррудий, Ал-Аббос ал-Жавҳарий ва бошқа олимлар бор эди. Бағдодда Маъмун отаси томонидан асос солинган илмий марказ –“Байт ул-ҳикма” фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириб, унинг қошида иккита йирик расадхона: биринчиси 828 йилда Бағдоднинг Шаммосия маҳалласида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тоғида 831 йилда барпо этилади. Иккала расадхонанинг ҳам фаолиятини Марказий Осиё ва Хуросондан келган олимлар бошқаради. Хоразмий бу илмий марказнинг мудири сифатида унинг фаолиятини кузатиб туради. Марвлик Яҳё ибн Абу Мансур Бағдоднинг Шаммосия маҳалласидаги расадхонанинг асосчиси ва раҳбари бўлди. Расадхонадаги ишлар ҳақида у “Байт ул-ҳикма”нинг мудири Хоразмийга ҳисобот бериб турарди. Яҳё 831 йили вафот этганидан сўнг Хоразмий бу расадхонани ҳам бошқаради ва у ердаги кузатишларда фаол қатнашади. Хоразмий билан Бағдодга, кейинчалик “Маъмун академияси” деб танилган “Байт ул-ҳикма”да Сурия, Ироқ, Эрон ва бошқа ерларидан келган мутафаккирлар ҳам ишлаган. Бироқ улар орасида Марказий Осиёликлар салмоқли ўринни эгаллаган.

Хоразмий ана шундай илмий муҳитда яшаб ижод қилди ва 850 йилда Бағдодда вафот этди.

Хоразмий қаламига мансуб 20 дан ортиқ асарларнинг фақат 10 таси бизгача етиб келган. Булар “Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб” – алгебраик асар, “Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб” ёки “Қўшиш ва айириш ҳақида китоб” – арифметик асар, “Китоб суратул-арз”– географияга оид асар, “Зиж”, “Астурлоб билан ишлаш ҳақида китоб”, “Астурлоб ясаш ҳақида китоб”, “Астурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида”, “Китоб ар-руҳома”, “Китоб ат-тарих”, “Яҳудийларнинг тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола”.

Хоразмийнинг арифметик рисоласи ҳинд рақамларига асосланган ўнлик позицион ҳисоблаш системасининг Европада, қолаверса бутун дунёда тарқалишида буюк аҳамият касб этди. Европага ҳинд рақамлари араблар орқали ўтганлиги учун улар “араб рақамлари” деб аталади ва ҳозир ҳам шундай деб аталиб келинмоқда. Европаликлар узоқ вақтгача ҳинд рақамларига асосланган ҳисоб тизимини “алгоризми” деб атаб келдилар. Фақат ХVI аср ўрталаридагина бу ном “арифметика” ибораси билан алмаштирилади. Шундан кейин то ҳозирги кунгача “алгоризм” ёки “алгоритм” деганда ҳар қандай мунтазам ҳисоблаш жараёни тушуниладиган бўлди. Бу ибора билан Хоразмийнинг номи фанга абадий кириб қолди. Хоразмийнинг алгебраик рисоласининг тўлиқ номи – “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала”. Рисоланинг номидаги “ал-жабр” ва “ал-муқобала” сўзлари “тўлдириш” ва “рўпара қўйиш” –ўрта аср алгебрасининг иккита асосий амалини англатади. “Алжабр” сўзи лотинча транскрипсияда “алгебра” бўлиб, Хоразмий асос солган янги фаннинг номи бўлиб қолди.

Хоразмийнинг алгебраик рисоласи уч қисмдан иборат: 1) алгебраик қисм, бунинг охирида кичик бир бўлим – савдо муомаласидаги боб келтирилади; 2) геометрик қисм, алгебраик усул қўлланиб ўлчаш ҳақида; 3) васиятлар ҳақидаги қисм. Хоразмий уни алоҳида ном билан “Васиятлар китоби” деб атаган. Хоразмий алгебраси –бу сонли квадрат ва чизиқли тенгламаларни ечиш ҳақидаги фандир. Хоразмий асос солган алгебра фанини ундан кейинги Шарқ олимлари муваффақиятли ривожлантирдилар. Хоразмийнинг бошқа асарларидан фарқли ўлароқ, унинг алгебраик рисоласининг учта қўлёзмаси сақланган. Улар Кобулда, Мадинада ва Оксфорд университетининг Бодлеян кутубхонасида сақланади. Хоразмийнинг энг йирик астрономик асари унинг “Зиж”идир. Олим бу асарини 830 йил атрофида ёзган. Хоразмийнинг “Зиж”и 37 боб, 116 жадвалдан иборат. Хоразмий “Зиж”и халифаликдаги дастлабки астрономик асарлардан эди. Асар ёзилиши билан олимларнинг диққатини ўзига жалб этди. Унга Хоразмийнинг замондошларидан Фарғоний, Ҳошимий ва бошқалар юксак баҳо беришган. Абу Райҳон Беруний бу “Зиж”ни шарҳлашга учта асарини бағишлаган. Тадқиқотчилар якдиллик билан таъкидлашича, Хоразмийнинг бу асари унинг арифметик ва алгебраик рисолалари каби бундай асарларга эҳтиёж туғилган пайтда юзага келади ва бу асари билан олим астрономик асарлар ёзилиш услубини стандартлаштирди, бу стандарт эса то Улуғбек “Зиж”игача ўз кучини сақлади. Хоразмийнинг “Зиж”и география соҳасидаги буюк кашфиётларга ҳам алоқадор бўлди. Географияни иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда биринчи марта Хоразмий баён қилади. У ернинг маъмур, яъни инсонлар яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратади. Хоразмийнинг географик рисоласи ўрта асрлардаги энг биринчи географик асар эди. Шунинг учун унинг иқлимлар назарияси кейинги даврларда географиянинг ривожланишида катта аҳамият касб этди. Хусусан, унинг иқлимлар назарияси Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари бўйича ўрганишни осонлаштирди.

Хоразмийнинг юқорида келтирилган асарлариёқ у фаннинг қатор тармоқларининг асосчиси бўлганлигини кўрсатади. Унинг ғоялари математика ва астрономиянинг оёққа туриши ва ривожланишига сабаб бўлди. Ҳозирги даврда унинг хизматлари жаҳон афкор оммаси томонидан эътироф этилган.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ
© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011
© www.shosh.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР