Сайид Муҳаммадхон (1822-1865)
Сайид Муҳаммадхон даврида Хивадаги Қўҳна арк саройидаги кўринишхона қайта тикланган ва унинг шипи, айвон устуни хоразмча нақшлар билан безатилган. 1859-йилда Хиванинг Дишан қалъа қисмида, Нуруллабой боғида янги кўринишхона қуриб битказилган.

Огаҳий “Гулшани давлат” тарихий асарида Сайид Муҳаммадхоннинг хонлик даврини таърифлаган. Сайид Муҳаммадхон хонликни бошқаришда бошқа давлатлар, айниқса, Россия билан муносабатларида ўзини мустақил ва тенг ҳуқуқли давлат ҳукмдори сифатида тутган.

Муҳаммад Аминхоннинг ҳалокатидан кейин Хива хонлиги тахтига бир йилда икки хон келиб кетди, 1855 йилги туркманларнинг тажовузини даф қилган шаҳар аҳли қаттиққўл, мустаҳкам иродали, адолатпарвар ҳукмдорни қўмсарди. Шаҳар аҳли туркманларнинг тажовузидан ва шаҳарни вайрон бўлишидан асраб қолган амалдор Ёқуб меҳтарни ҳурмат қилган. Шу даврда Ёқуб меҳтарни ташаббуси ва жонбозлиги билан тахтга Муҳаммад Раҳимхоннинг 33 яшар ўғли Сайид Муҳаммад тўра ўтқазилади. Унинг ҳукмронлиги бошланишидан олдин қорақалпоқлар Қўнғиротда Хивадан мустақил хонлик ташкил этиб, шу давлат тахтига Зарлиқхон деган қозоқ тўрасини хон кўтардилар. Қўнғиротдаги қолдаули уруғидан чиққан Эрназар Олакўз (1806-1856) бошлиқ қорақалпоқлар 1855 йил ноябрида Хива хонига қарши қўзғолон бошладилар. Қўзғолонни сабаби йилдан йилга солиқларнинг миқдори ошиб бораётгани ва етишмовчилик кучайганини пеш қилиб халқнинг оғирлашган аҳволидан фойдаланиб, уларни хонга қарши курашга дават этдилар. Бундан хабар топган хон Эрназарни Хивага чақиртиради ва боргандан кейин дорга осишга буюради. Аммо у қочишга улгуриб, юртига келгач, қозоқ ва қорақалпоқларни бошқариб турган 60 нафар бийларни тўплайди. Халқ эса бу элпарвар инсонга ишонган ва унинг атрофига бирлаша бошлаганди. Мадад сўраб, Россияснинг Сирдарё чегарасидаги қўшин қўмондони Илекей Султон ва Эрмуҳамад Қосимовларга хат билан мурожаат қилади.

Эрназар Олакўз атрофига барча ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқларни уруғ-қабилалари бирлаша бошладилар. Тўпланганларга манғит Сайипназарбий, қипчоқ Алиуши Қутлибоев, муйтен Қутлимурот, кенегес Эрназар Қобил ўғли бошчилик қиларди. Ўз навбатида туркманлар исёнини бостирган Сайид Муҳаммадхон Қўнғирот хонлигини тугатиш чораларни кўра бошлади. Бийларнинг сотқинлиги натижасида Зарлиқхонни Хивага асир сифатида жўнатдилар. Бу ерда унга масхарабознинг кийими кийдириб, юзига қора куя суртиб, белига ёғоч қилич осадилар ва бошига қағоздан тож кийдирадилар. Шундан кейин ориқ эшакка тескари қилиб миндирилган қорақалпоқлар хони Ичан қалъа кўчаларида айлантирилиб, шарманда қилинганидан сўнг, дорга осадилар.

Хива хони қўшинлари қорақалпоқлар лашкарларига Хўжайли ёнида бўлган жангда қаттиқ зарба бериши ва Эрназарбола билан Сойипназарбийнинг хон тарафга ўтиб кетиши натижасида қўзғолончилар чекинишга мажбур бўлганлар. Натижада Эрназар Олакўз ўз қўл остидаги 723 та хўжалиқдаги одамлари билан кетиб, Қозоқдарёнинг Орол денгизига қуядиган жойида атрофи ҳандақ билан ўралган баланд тепа устида истеҳком қурдиради. 1856 йил 8 июнда Маҳмуд Ниёз ясовулбоши бошчилигидаги қўшин истеҳкомни катта куч билан қуршаб олади, бироқ кучи етмагандан сўнг, Қўнғирот ҳокими Қутлимуродни ёрдамга чақиради.

Шу ўртада қотиллар ёрдамида қўзғолон бошлиғини ўлдириш фикри пайдо бўлади. Желеке Чўнқи деган бир одамга бийлик лавозими ваъда қилинади. У яширин ҳолда қўрғонга кириб, Эрназарни 1856 йил 12 июн куни отади. Ярадор бўлган ботир ўтовга кириб, шу ерда жон беради. Хива қўшинлари қўрғонга бостириб киргач эса, Эрназарнинг жонсиз танасидан бошини кесиб оладилар. Унинг оғаси Искандар ва катта ўғли Хўжа Хивада дорга осилади. Сотқинларга эса лавозимлар ва совға-саломлар улашилади. Хива хони зулмига қарши қорақалпоқлар 8 ой давомида кўрсатган қаршилигига барҳам берилиб, бунда эски тартиб қайта тикланади.

Хондан норози бўлган туркманлар исёнини хон жамшидлар ёрдамида бостиришга эришмоқчи бўлганини эшитган жамшидлар хонлик ҳудудидан чиқиб кетишларини хонга билдирадилар. Хон бу исёнчиларни ҳар иккаласини алоҳида яксон қилиш мақсадида уларнинг ерларига сув етказиб берадиган арна ва каналларни бекитишни, уларнинг соқасида лашкар қўйиб уларни жангсиз хонавайрон қилмоқчи бўлган. 1856 йил июлида Кўҳна Урганч ва Исмамут ота зиёратгоҳи яқинида яшаётган ёвмутлар, Чимбойдаги жамшид уруғи вакилларининг хон ҳукуматига қарши қўзғолонлари авж олиб кетди. Ёвмутлар ҳаракатига Отамуродхон, жамшидларга эса – Маҳтумқулибек бошчилик қиларди. Норозилик ҳаракатларини бостириш учун хон қўзғолончилар устига катта қўшин юбориб, уларнинг қалъа ва қишлоқларини хонавайрон қилдирди. Шу билан бир қаторда исёнчилар ерларига сув бермаслик учун арна ва катта ариқлар - ёпларнинг соқалари кўмиб ташланди. Аммо ушбу зўровонликлар аҳолининг норозилик кайфиятини пасайтира олмади. Ҳижрий 1274 йил (1857) да давлат ишларини назоратда ушлаш ва Ёқуб меҳтарни фаолиятини жиловлаш мақсадида хонликдаги бутун ёзишмалар форс тилидан туркий тилга хонни қатъий фармони ила ўтказилган, кейинчалик кўпгина амалдорларни ўлимига сабабчи бўлганлиги, хон оиласини ҳурматини жойига қўймагани учун, хонликдаги кўпгина бебошликларни сабабчиси бўлганлиги учун дея туҳмат қилиниб Ёқуб меҳтар қатл қилинади. Хонни ҳукми ила Раҳматулло ясовулбоши уни Арк дарвозаси ичида оқасидан ханжар билан уриб қатл қилган, шу оқшом Хивадаги оға-инилари ва Ҳазораспдаги ҳоким иниси ҳам қатл қилинган, Хивада Ёқуб меҳтар томонидан Дешон қалъада Нуруллабой саройига яқин жойда, ҳозирги кичик бозор ўрнида каттагина мадраса барпо қилинган, мадраса 1935 йилда бузиб ташланган.

1858 йилда Муҳаммад Пано исмли арбоб бошчилигида Қўнғиротда халқ қўзғолони бошланди. Муаррих Огаҳийнинг маълумотларига қараганда Муҳаммад Пано ўзбекларнинг балғали уруғидан чиққан Оллабердибекнинг ўғли бўлиб, Хива яқинидаги Каттабоғ қишлоғида яшарди. Унинг тоғаси - Тўрамурод сўфи 1810 йилда Хива хонлари қўшинига қарши урушда ҳалок бўлганди. Тақдирнинг тақозоси билан ер-сувидан ажралган Муҳаммад Пано Қўнғиротга кетиб, у ернинг ҳокими Қутлуғмуродни ўлдирди ва ўзини ҳоким деб эълон қилди.

1859 йил мартда Муҳаммад Пано ёрдам сўраб, Оренбург губернаторига мурожаат қилади. Натижада Орол денгизи ва Амударё дельтасини ўрганаётган капитан А.И.Бутаковга қўнғиротликларга мадад бериш вазифаси топширилади. “Перовск” кемаси ва 2 та баржада келган рус аскарлари июн ойида Қўнғротни қамал қилиб турган хиваликларнинг 10 минг кишилик қўшинига зарба берди. Аммо Муҳаммад Панога бу камлик қилгандек, руслардан бутун Хива хонлигини бўйсундириб беришни талаб қилади. Аммо бу хом хаёл эканлиги, унинг устига ўз ҳукуматидан бундай кўрсатма олмаганлигини айтган руслар Қўнғиротни тарк этадилар.

Кейинги босқичда Муҳаммад Пано норози бўлган мулкдор бийларнинг мол-мулкини тортиб олди, оқсоқолларни ўлдириб, қизларини ёвмутларга берди. Натижада ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ аҳолига кулфатлар келтириб, туркманларга таянган Муҳаммад Панонинг мустақил қорақалпоқ хонлигини тиклаш учун уринишлари таназзулга кетди. Маҳаллий аҳолининг мададидан ажралиб қолган ва ёвмутларнинг чексиз зўравонлигига имкон яратиб берган қўзғолон бошлиғига қарши суиқасд уюштирилади ва у 1859 йил августида ўлдирилади. Хива хони томонидан тайинланган янги ҳоким – Матмурод Қўнғиротнинг хонликка тобе эканлигини тан олади.

Қўзғолон аёвсизлик билан бостирилганлигига қарамай Сайид Муҳаммадхон қорақалпоқлар ерларини бошқариш тизимини ислоҳ қилишга ва уларнинг қисман эркинлигини тан олишга мажбур бўлганди. Илгари бийлар томонидан бошқарилган қорақалпоқ элатлари энди улардан юқорироқ лавозимлар ҳисобланган – оталиқ (Эрназар бола, Сорибий, Оразбий, Момутбий), бегларбеги (Сойипназарбий) ва оға бийга (Эрежеп қипчоқ) бўйсундилди. Оғабий деярлик ярим хон мавқеига эга ўлиб, унинг рухсатисиз бирон бир амалдорнинг Хива хонига мурожаат қилишга ҳуқуқи йўқ эди. Ўнг қирғоқ қорақалпоқлар ерларидаги ушбу бошқарув тартиби 1873 йилгача, сўл қирғоқ ҳудудларда эса 1919 йилгача сақланиб қолди.

Қўнғирот беклигида бўлиб ўтган қўзғолон тарихини ўрганишга кейинги йилларда ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, бу ҳақда академик С.Камалов, С.Сайманов каби қорақалпоқ тарихчилари олиб борган тадқиқотлари халқ харакатининг объектив ва субъектив сабабларини холисона таҳлил қилиш ва янги хулосалар чиқаришга имкон берди. Шу билан бир қаторда, кекса авлод тарихчилари асарларида бироз қарама-қарши фикрлар ҳам учрайди. Хусусан, профессор Отабой Содиқов Муҳаммад Панонинг руслардан мадад олиш учун Оренбург губернатори Кателинга мурожаат қилгани ва академик Муҳаммаджон Йўлдошев қўзғолон бошлиғи 1857 йилда рус полковниги Н.И.Игнатьев билан учрашган вақтида бутун қўзғолончиларни рус фуқароси деб қарашни сўраганлиги ҳақида ёзадилар.

Аммо ушбу тахминлар бироз шубҳалироқ туюлади. Ҳолбуки, Хивага қараб сафарга отланган флигель-адъютант Н.П.Игнатьев 1858 йил 15 майда Оренбургдан чиқиб, Устюрт орқали 28 июнда Қўнғиротга келган. Русларни кутиб олиш учун Қўнғирот ҳокими Қутлуғмуродбий ясовулбоши Маҳмуд Ниёз бошчилигида 100 навкардан иборат фахрий соқчиларни ажратган. Азберган исмли қозоқ бийининг боғида бироз дам олган руслар, 3 июлда яна Хивага қараб йўлга тушганлар.

Н.И.Игнатьев бошлиқ дипломатик миссиясига берилган қуйидаги топшириқлар русларнинг жосуслик маълумотларини тўплашга жиддий киришганлигидан далолат берарди:

Хива, Бухоро ва қозоқ чўллари ҳақида мумкин қадар кўпроқ маълумот йиғиш;
• илгари чизилган хариталарни текшириб, тузатиб чиқиш ва сафар вақтида кундалик юритиш;
• Амударёни ҳар тарафлама ўрганиш ва унинг Каспий денгизига қуйган эски ўзани тўғрисида маълумот тўплаш;
• туркманлар ва уларнинг ҳарбий кучлари, қўшни давлатлар билан алоқалари, бир хонликдан иккинчи хонликка ўтиш йўлларини аниқлаш;
• Ўрта Осиё хонликлари ва уларга қўшни бўлган мамлакатларнинг ҳарбий қудрати ҳақида маълумот тўплаш ва ҳаказо.

Полковник Н.И.Игнатьевга 117 нафар амалдорлар ва олимлар ҳамроҳлик қилишган. Улар орасида Оренбург ҳарбий губернатори дипломатик ёрдамчиси Галкин, Россия Фанлар Академияси аъзолари, шарқшунос П.П.Лерх ва астроном О.В.Струве, этнограф Е.Я.Килевейн, денгиз офицери А.Ф.Можайский, сураткашлар, топографлар бор эдилар.

19 июлда Хивага етиб келган миссия аъзолари Сайид Муҳаммадхон билан музокаралар олиб бордилар. Руслар 1842 йил 27 декабрда Оллоқулихон билан подполковник Г.И.Данилевский имзолаган шартномасидаги Россия ерларига ҳужум қилмаслик, русларнинг савдо карвонларидан олинадиган божларни камайтириш, Амударёда Россия кемаларига эркин сузиб юриш ҳуқуқини бериш ва Хивадаги рус асирларини озод қилиш каби талабларни яна қўйдилар.

Шу вақтда Орол денгизи орқали Амударё дельтасига русларнинг контр-адмирал А.И.Бутаков қўмондонлигидаги “Перовский” ва “Обручев” номли 2 та пароходи ҳам кирган эди. Аммо Қўнғирот ҳокими рус кемаларининг Амударёнинг юқори қисмига ўтказишдан бош тортди. Шу орада русларнинг ноўрин талаблари ва қўзғолонлар бўлаётган Қўнғирот шаҳри яқинига рус кемаларининг келиши хонга ёқмаганлиги сабабли музокаралар натижа бермади. Бухорода ўтказган музокараларида бироз ютуққа эришгач, юртига қайтган Н.П.Игнатьев Хива хонлигини қурол кучи билан эгаллаш таклифини ҳукуматга тавсия этганди.

Ташқи сиёсат соҳасида Сайид Муҳаммадхон Бухоро билан савдо-сотиқ ва дипломатик алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилди. Шу мақсадда Амир Насрулло билан дипломатик муносабатлар яхшиланиб, Бухоро бозорларидан маҳсулотлар сотиб олишни йўлга қўйилди.

Хон халқ қўзғолонлари ва амалдорлар норозиликларни бартараф этиш жараёнида ободонлаштириш ва қурилиш ишларига ҳам эътибор берди. 1860-1863 йилларда Амударёнинг ўнг қирғоғидаги бўз ерларга сув чиқарилиб, янги серҳосил экин майдонлари очилди. Солиқ тизими бироз такомиллаштириб, тўпланган маблағлар харажати устидан назорат кучайтирилди. Хонликдаги меҳтарнинг солиқ дафтарини Маҳмуд девон ва қушбегининг солиқ дафтарини Муҳаммад Ёқуб девон юритарди. Ҳужжатлардаги маълумотлар 23011 хонадон ер солиғи сифатида хазинага 40993 тилла тўлаганлиги ва қазув ишларига 210799 киши жалб қилинганлигини кўрсатади.

Хивадаги Сирчалиёп ёқасида ҳашаматли мадраса қурилиб, ишга туширилди. Хон саройига таниқли шоирлар, тарихчилар, бастакорлар, таржимонлар йиғилди. Араб ва форс тилида ёзилган ноёб асарлар маҳаллий ўзбек тилига таржима қилина бошланди. Шоир Огаҳий Сайид Муҳаммадхоннинг ҳукмронлик даврига бағишлаб “Гулшан уд-давла” номли тарихий асар ёзди.

1863 йил майида Сайид Муҳамадхон ҳаж сафаридан қайтган бир гуруҳ давреш-қаландарлар қаторида Хивага келган венгер туркшунос олими Армени Вамбери билан учрашди. Кейинчалик ўзининг китобларидан бирида А.Вамбери бундай ёзганди: “Хива мевалари шундай яхшики, уларни Эрон ва Туркиядагина эмас, балки бутун Оврўпада ҳам топа олмайсиз, Айниқса, Ҳазорасп олмаси, Хива нашвотиси ва анори, қовунлари ҳатто Россия бозорларида ҳам анча қадрли ва қиммат туради”.

Сайид Муҳаммадхон 1281 (1864-1865) йилда касаллалиги сабабли, 8 йилу 8 ой тахтда ўтиргандан кейин, 43 ёшида вафот қилди.

Муҳаммад Юсуфбек Баёний ўзининг “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида Сайид Муҳаммадхон вафоти тўғрисида тўҳталиб “Сайид Муҳаммадхон ҳазрати қутб авлиё шамсил атқиё Олавуддин хўжа эшон алайҳи раҳманинг жавори файз осорларида Иморат мавзеъида, ўзларининг қуббаи олийларида мадфун бўлдилар”, - деб ёзади. Муҳаммад Раҳимхон соний 1884 йилда она томондан қариндошчилиги бўлган шаббозлик авлиё Сайид Муҳаммад Моҳирўйи жаҳон номига ва ўзи учун отаси Сайид Муҳаммадхон қабрига яқин жойда ҳашаматли бир мақбара қурдирган. Ҳозир бу жойда бир хонада Сайид Муҳаммад Моҳирўйи жаҳон, иккинчи катта гумбазли хонада Сайид Муҳаммадхон, Муҳаммад Раҳимхон соний, Темурғози тўраларни қабрлари бор. Мақбара 2008 йилда Хива туман ҳокимлигини ташаббуси билан қайта таъмирланди. Ҳозирги кунларда Сайид Муҳаммад Моҳирўйи жаҳон мажмуаси сайёҳларни қалбини ром қиладиган сўлим бир гўшага айланган.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР