Маҳмуд Замахшарий (1075-1144)
Алломанинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий бўлиб, у ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27-куни (1075 йил 19 март) Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган. Отаси кўп вақтини Қуръон тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказар, Замахшардаги масжидлардан бирида имомлик ҳам қилган.

Оғир иллат туфайли аллома ёшлигидан оқсоқ бўлиб қолади ва шундан сўнг отаси уни оғир меҳнатга мажбурламай, мадрасага беради. Замахшарий илмга бўлган зўр иштиёқи туфайли араб тили ва адабиёти, диний илмлар ва хаттотликни пухта эгаллайди.

Унинг буюк олим бўлиб етишишида устозларининг ҳам ҳиссаси беқиёс. Хусусан, Абу Мудар ибн Жарир ад-Даббий ал-Исфаҳонийдан тил, луғат ва адабиётдан таълим олган. Бағдодда шайхулислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Соад аш-Шаққоний, Абу Хаттоб ибн Абул Батарлардан ҳадис илмини ўрганган бўлса, Маккада наҳв ва фиқҳ бўйича Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ал-Ябирий ал-Андалусий, шайх ас-Садид ал-Хайятийлардан сабоқ олган. Луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб абн ал-Ходар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганган.

Олим кўп асарларини Маккадалигида ёзган. Ҳаётида чуқур из қолдирган бу заминда Замахшарий беш йилга яқин яшаган. Алломанинг Жоруллоҳ (Аллоҳ қўшниси) деган шарафли таърифга сазовор бўлиши шундан. Ислом оламида йирик олим даражасига кўтарилган Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа шаҳарларида ҳам жуда кўп шогирдлари бўлган. У қариндош-уруғларининг қийин-қистовларига қарамасдан, уйланмаган. Буюк аллома ҳижрий 538 йилда арафа кечаси (1144 йил 14 апрел) Хоразмда вафот этган.

Замахшарий араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жўғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асарлар ёзган. Жумладан, унинг «Муфассал» асари араб тили грамматикасига оид китоб бўлиб, нафақат Шарқ, балки Ғарбда ҳам жуда машҳур эди. Айнан шу асар туфайли олимлар: «Агар шу турк (Замахшарий) бўлмаганида эди, араблар ўз тиллари наҳви (грамматика)ни унутиб юборган бўларди», деб айтишган.

Олимнинг «Муқаддамул адаб» асари тилшуносликка, «Асосул балоғат» китоби нутқ маданиятига, «Атвоқуз заҳаб фил Мавоиз вал хутаб» рисоласи дидактикага, «Рабиул аброр ва нусусул ахёр»и адабиёт, тарихга бағишланган.

Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит танзил ва уюнил ақовил фи вужуҳит таъвил» асарини алоҳида тилга олмасликнинг иложи йўқ. Асар Қуръоннинг шарҳи, яъни тафсирдир. Асарнинг ёзилиш тури мураккаблигига қарамай, бутун жаҳонда катта шуҳрат қозонган. Ҳатто шу кунларда ҳам Қоҳирадаги «Ал-Азҳар» университети талабалари «Ал-Кашшоф»ни алоҳида ўқув курсида ўрганадилар. Чуқур билими, зукколиги ва бошқа сифатлари туфайли аллома «Араб ва ажам устози», «Хоразм фахри» дея тилга олинади.

qadriyat.uz
“Ирфон” тақвимининг 2010 йил, 4-сонидан олинди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР