Хоразм воҳасига ташриф буюрган ўрта аср сайёҳлари ва уларнинг асарлари
Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муъжам ал-булдон” (Мамлакатлар қомуси) асари қомусий характерга эга бўлиб, унда Ўрта Осиё, хусусан, Хоразм воҳасига оид қимматли маълумотлар мавжуд.

Хоразмшоҳлар давлати фаолиятига оид материаллар ўрта аср манбаларида у ёки бу кўламда ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Хоразм тарихига оид ўрта асрларда яратилган нодир қўлёзмалар: жумладан, Ибн ал-Асирнинг (1160-1234) “Ал-комил фи-т-тарих” (“Муфассал тарих”) асари Шарқ мамлакатлари ҳалқлари, шунингдек, Ўрта Осиё халқлари тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади. Асар 12-жилддан иборат бўлиб, дунёнинг “яратилиши”дан то 1231йилга қадар Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеаларни йилма-йил баён этиб беради. Асарнинг VII-XII жилдлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, 924-1231 йиллар орасида Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Ўрта Осиё ва Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеаларни ўз ичига олади ва асосан, қўлёзма манбалар, шунингдек, воқеалар гувоҳлари берган ахборот ҳамда муаллифнинг шахсий кузатувлари билан тўпланган аниқ маълумотлар асосида ёзилган.

Асарнинг, айниқса мўғуллар истилосига бағишланган XII жилди алоҳида аҳамиятга эга ва Ўрта Осиё ҳамда Шарқ мамлакатларининг XIII асрнинг биринчи чорагидаги ижтимоий-сиёсий тарихини ўрганишда асосий манба вазифасини ўтайди. Шунингдек, муаллифнинг “Тарих ал-баҳир фи-д-даула ал- атабикийа” китобида Отабеклар давлатини ёритиш жараёнида Хоразмшоҳлар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтиради.

Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муъжам ал-булдон” (Мамлакатлар қомуси) асари қомусий характерга эга бўлиб, унда Ўрта Осиё, хусусан, Хоразм воҳасига оид қимматли маълумотлар мавжуд. Асарда, жумладан, Хоразм географияси ва унинг мўғуллар истилосигача бўлган даври тарихи, маданий ҳаёти (таниқли шахслар, уларнинг фаолияти) тўғрисида ҳикоя қилувчи қимматли маълумотлар тўпланган.

Асардаги Хоразм воҳасига оид маълумотлар Хоразмнинг шаҳар ва қишлоқлари, уларнинг географик ўрни, иқлими, сувлари ҳақида маълумот беради. Муаллифнинг яна бир асари “Муъжам ал-удабо” (“Адиблар луғати”) асарида эса замонасига қадар яшаб, ижод этган минг нафардан ошиқроқ Шарқ адиб ва шоирларининг таржимаи ҳоли ва асарларидан намуналар берилган. Шулар қаторида хоразмлик ўн тўққиз нафар адиб ва шоирнинг ҳаёти ҳамда ижодий фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Рашидуддин ибн Фазлуллоҳ ибн Имодуддавла Абу-л-хайр ал-Ҳамадоний (1247-1318)нинг жаҳон тарихини ўз ичига олган “Жомеъ ут-таворих” (“Тарихлар мажмуаси”) унинг қаламига мансуб асарлар жумласидандир.

Олимнинг бизнинг давримизгача тўла тарзда етиб келган бирдан-бир асари шу “Жомеъ ут-таворих” бўлиб, у ўрта аср тарихшунослигининг ўзига хос ноёб асари ҳисобланади. Асар ўрта аср Шарқ тарихчилигида янги анъанани бошлаб берган асардир. Маълумки, Рашидуддиндан аввал ўтган, шунингдек, ундан кейинги даврларда яшаб ижод этган тарихчиларнинг кўпчилиги умумий тарих деганда, фақат мусулмон мамлакатларининг тарихини тушунганлар. Рашидуддин эса, улардан фарқли ўлароқ, умумий тарих деганда, Шарқ мамлакатлари билан бир қаторда, Ғарб мамлакатлари, Хитой ҳамда Ҳиндистон тарихини ҳам назарда тутди; Шарқ мамлакатлари тарихини жаҳон тарихининг бир қисми деб ҳисоблади.

Бу асар уч қисмдан иборат:

1) мўғуллар ва улар асос солган давлатлар (Улуғ юрт, яъни Мўғулистон); Элхонийлар давлати ҳамда мўғуллар асоратига тушиб қолган мамлакатлар;

Шимолий Хитой, Ўрта Осиё ва Яқин ҳамда Ўрта Шарқ мамлакатлари халқларининг мўғул истилосигача бўлган қисқача тарихи;

2) Шарқ мамлакатлари халқларининг исломиятдан аввалги тарихи; Араб халифалиги ва унинг таркибида ташкил топган давлатлар (Ғазнавийлар империяси, Салжуқийлар давлати, Хоразмшоҳлар давлати ва б.); Хитой, қадимги яҳудийлар, франклар, Рим империяси ва Ҳиндистон тарихи;

3) Ер курраси ҳамда етти иқлим мамлакатларининг географик ҳолати ҳақида маълумот беради.

Асарнинг айниқса, турк-мўғул халқлари тарихини ўз ичига олган қисми Марказий Осиё халқлари тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Асарнинг Ўрта Осиё, Эрон ва Кавказорти халқларининг XIII аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид қисмлари ҳам бениҳоят қимматлидир.

Абу Наср Муҳаммад ибн Абду-л-Жаббор Утбий (тахм. 961-1077 ёки 1036 йй.)нинг “Тарихи Яминий” (“Ямин уд-давла тарихи”) асари Сабуктагин ва Султон Маҳмуд даврида Ғазнавийлар империяси таркибига кирган Афғонистон, Хуросон, Хоразм ва Мовароуннаҳрнинг 975-1021 йиллардаги ижтимоий-сиёсий тарихини баён этувчи ҳамда қорахонийларнинг Мовароуннаҳрни босиб олиши (992-996 йиллари) ҳақида маълумот беради. “Тарихи Яминий” асари бениҳоя қимматлидир. Асарда ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, тўхтовсиз давом этаётган урушлар, зулм, турли-туман солиқлар туфайли азоб чекаётган меҳнаткаш халқларнинг оғир турмушига оид маълумотлар берилган.

Низомулмулк (Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ибн Исҳоқ ат-Тусий) (1018-1092 йй.) давлатни идора қилиш масалаларига бағишланган “Сиёсатнома” (ёки “Сияр ал-мулук” - “Подшолар ҳаёти”) номли асари билан ном қолдирган. Бу асар 51 бобдан иборат бўлиб, унда марказий давлат аппаратининг тузилиши ва молиявий ҳисоб-китоб ишлари, қўшиннинг тузилиши, юқори давлат мансаблари ва уларга тайинлаш тартиби, қабул маросимлари ва уларни тайёрлаш ҳамда ўтказиш тартиби, мансабдорларнинг фаолияти устидан назорат қилиш каби умумдавлат масалалари ўртага қўйилган.

Асарда Ўрта Осиё ва Ўзбекистон тарихи ҳақида ҳам муҳим ва қимматли маълумотлар бор. Сомонийлар даврида турк ғуломларининг давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, Туркистон хонлари (Қорахонийлар) саройида хизмат қилувчи ходимларнинг маиший аҳволи, Сомонийлар хизматида бўлган амирларнинг унвонлари, Хоразмшоҳ Олтинтош (1017- 1032) билан Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг вазири Аҳмад ибн Ҳасан ўртасидаги ёзишмалар шулар жумласидандир. Асарда, бундан ташқари, карматлар, ботинийлар ҳаракати, Муқанна қўзғолони ҳақида ҳам айрим диққатга сазовор маълумотлар мавжуд.

Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий (? - 1249) Ўрта Осиё, Ўзбекистон, Кавказ, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан мўғул истилоси давридаги (1220-1231 йй.) ижтимоий-сиёсий аҳволидан баҳс юритувчи “Сийрат ас-султон Жалол ад-Дин Менкбурни” (“Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва тафсилоти”) қимматли китоб ёзиб қолдирган.

“Сийрат ас-султон” асари эсдалик тарзида ёзилган асар бўлиб, муқаддима ва 108 та бобдан иборат. Асарнинг I-IV бобларида мўғул-татарлар, Чингизхоннинг келиб чиқиши, Чингизнинг хон бўлиб кўтарилиши ва унинг Мўғулистон ва Шимолий Хитойни бўйсундириши масалалари қисқача баён этилган. V-XXII боблар Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. XXIII бобдан бошлаб китобнинг то охиригача мўғул истилоси ва Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ўз юртини шармандаларча ташлаб қочиши; султон Жалолиддиннинг ҳаёти ва унинг мўғул истилочилари билан олиб борган қаҳрамонона кураши, унинг Озарбайжон ҳамда Ироқдаги фаолияти ва ниҳоят, фожиона ҳалокати ҳикоя қилинади.

“Сийрат ас-султон” асарининг, айниқса, 1224-1231 йиллар воқеаларини ўз ичига олган боблари ноёб ва муҳим илмий қимматга эга, чунки баён этилган воқеаларнинг кўпчилигида муаллифнинг шахсий иштироки кўриниб турибди.

Низоми Арузи Самарқандий (XI асрнинг 90 йилларида туғилган - ?)нинг “Мажмаъ ал-ғароиб” (“Ажойиботлар мажмуаси”) ёки “Чор мақола” номи билан машҳур бўлган асар муаллифидир. Асар 1156 -1157 йилларда ёзилган бўлиб, тўрт қисмдан иборат: 1) дабирлар (котиблар) ва дабирлик ҳунари ҳақида; 2 ) шеърият илми ва шоирнинг қадр-қиймати хусусида; 3) сайёралар ҳақидаги илм ва мунажжимлар ҳақида; 4) тибб (медицина) илми ва табибларга панд-насиҳатлар.

Биринчи қисмда қорахитойлар билан Султон Санжар ўртасида 1141 йилнинг 9 сентябрида Самарқанд атрофида бўлган уруш, қорахитойлар билан Хоразм, шунингдек, Султон Маҳмуд Ғазнавий билан Мовароуннаҳр ҳукмдори Қорахоний Буғрохон Муҳаммад (1033-1056 йиллар атрофида вафот этган) ўртасидаги сиёсий муносабатлар, қорахитойлар истилоси арафасида Бухоро садрларининг умумий аҳволи ҳақида қисқа, лекин қимматли маълумотлар келтирилган.

Асарнинг иккинчи қисмида, қорахонийлар даврида Мовароуннаҳрнинг адабий ва маданий ҳаётига оид маълумотлар бор. Хуллас, бу асар Ўзбекистоннинг Х-XI асрлардаги ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётини ўрганишда маълум аҳамиятга эга бўлган манбалардан бири ҳисобланади.

Абу Саъид Абдулхай ибн Заххок ибн Маҳмуд Гардизий (XI аср)нинг “Зайн ул-ахбор” (“Тарихлар безаги”), асосан қадим замонлардан исломиятдан аввал ўтган қадимги Эрон подшолари давридан то 1041 йилгача, яъни ғазнавийлардан Султон Мавдуд (1041-1051 йй.) билан Султон Муҳаммад (1030-1031; иккинчи марта 1041 й.) ўртасида, яъни 1041 йили Диноварда бўлган урушгача Хуросонда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Асарда, айниқса, Хуросоннинг араб истилосидан 1041 йилгача бўлган тарихи бошқа асарларга қараганда кенгроқ ёритилган. Асарда румликларнинг маданияти, турли ҳалқларнинг диний маросимлари ва йил ҳисоблари, Ўрта Осиёнинг туркий аҳолиси ва Ҳиндистон ҳақида деган боблардан иборат. Гардизийнинг ушбу асари Хуросон ва Ўрта Осиёнинг араблар истилосидан то XI асрнинг ўрталаригача бўлган сиёсий тарихини ўрганишда муҳим ўрин тутади.

Фахриддин Муборакшоҳ Марварудий. (XII аср иккинчи ярми XIII аср бошлари). Ўзининг машҳур “Тарихи Муборакшоҳ” (“Муборакшоҳ тарихи”) асарини ёзган.

Асар 136 қисм (шажара)дан иборат бўлиб, унда Муҳаммад пайғамбар, хулафайи Рошидин (Абубакр, Умар, Усмон, Али), ансорлар, саҳобалар, Сурия ҳукмдорлари, Яман подшолари, Ғассонийлар, арабларнинг “жоҳилият” замони, яъни исломиятдан аввал ўтган шоирлар, саҳобалар орасидан чиққан шоирлар, Ажам подшолари (Пешдодийлар, Кайёнийлар, Ашконийлар, Сосонийлар), Уммавийлар, Аббосийлар, Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар ва Ғурийлар тарихи баён этилган.

Асарнинг биз учун қиммати шундаки, унда Туркистоннинг сарҳадлари ва Туркистонда ишлаб чиқариладиган мол ва матолар, уларнинг хорижий мамлакатларда эътибор қозонган навлари, турк қабилалари ва уруғлари, уларнинг тили ва маданияти (ёзувлари, урф-одатлари) ҳақида бой далилий

маълумотлар келтирилади.

Абул-Фазл Байҳақий (995-1077) “Тарихи Оли Маҳмуд” (“Султон Маҳмуд хонадонининг тарихи”) ёки “Жомеъ фи тарихи Оли Сабуқтакин” (“Сабуқтакин хонадони тарихидан ҳикоялар мажамъси”) номли асарлари

билан машҳур “Тарихи Оли Маҳмуд” асари 30 жилддан иборат бўлган. Лекин бизгача унинг кичик бир қисми етиб келган холос. Бу қисмлар Султон Масъуд (1030-1041) ҳукмронлиги даври тарихини ўз ичига олган ва “Тарихи Масъудий” номи билан ҳам маълум. “Тарихи Масъудий” муаллиф ўзи кўрган ва ишончли кишилардан эшитган маълумотлар, шунингдек, ҳукумат маҳкамаларида сақланаётган расмий ҳужжатлар асосида ёзилган. Асар далилий ҳужжатларга бойлиги, воқеаларнинг чуқур ва атрофлича баён этилиши ва ниҳоят, зўр бадиий маҳорат билан ёзилганлиги билан бошқа тарихий асарлардан фарқ қилади. Асарда Султон Маҳмуд даврида Ғазнавийлар салтанатининг ижтимоий-сиёсий аҳволига кенг ўрин берилган. Бундан ташқари асарда Саффорийлар, Сомонийлар, Салжуқийлар тарихига оид муҳим маълумотлар ҳам бор. Айниқса, Ғазнавийлар билан Хоразм, Салжуқийлар ҳамда Қорахонийлар давлати ўртасида бўлган сиёсий муносабатлар ҳақида қимматли маълумотлар кўп.

Алоуддин Отамалик Жувайний (1226-1283) Мўғулистон, Ўрта Осиё, Ўзбекистон ҳамда Эроннинг XIII асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихидан ҳикоя қилувчи “Тарихи Жаҳонкушой” (“Жаҳонгир (Чингизхон) тарихи”) номли шоҳ асари билан шуҳрат топди. Асар 1260 йилда ёзиб тамомланган.

Асар уч қисмдан иборат: 1) Мўғуллар; уларнинг Чингизхон (1246-1249) давригача, шунингдек, Жўчихон, Чиғатойхон ва авлодларининг тарихи; 2) Хоразмшоҳлар ва Хуросоннинг мўғул ҳукмдорлари давридаги (1258 йилгача) тарихи; 3) Эроннинг 1256-1258 йиллардаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, шунингдек, Исмоилийларнинг диний-ҳарбий уюшмаси ва Исмоилийлар давлати (1090-1258 йй.) тарихи.

Ўрта Осиё ва Ўзбекистон тарихи учун бу асарнинг I-II қисмлари алоҳида қимматга эга. Асарнинг Хоразм ва Хоразмшоҳлар тарихига оид (II қисм), Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистон тарихи, шунингдек, Мўғулистон ҳақидаги хабарлар асосан муаллифнинг бу мамлакатларга қилган саёҳатлари вақтида тўпланган маълумотлар асосида ёзилган.

Ҳамдуллоҳ Қазвиний (ибн Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Наср Муставфийи (1281-1350)нинг “Тарихи гузида” (“Сайланган тарих”) умумий тарих йўналишида ёзилган бўлиб, унда қадим замонлардан то 1330 йилгача Эрон ва қисман Ўрта Осиёда бўлиб ўтган воқеалар баён этилган. Асар муқаддима (фотиҳа) ва олти бобдан иборат: 1) пайғамбарлар ва авлиёлар; 2) исломиятдан аввал ўтган Эрон подшолари; 3) Муҳаммад пайғамбар, халифайи Рошиддин, Уммавийлар ва Аббосийлар тарихи; 4) Аббосийлар даврида Эрон, Афғонистон ва Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган сулолалар: (Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Ғурийлар, Дайламийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Мўғуллар ва б.); 5) исломият даврида ўтган шайхлар, олимлар ва шоирлар; 6) Қазвин шаҳрини тарихи.

Асар Эрон, Ўрта Осиё ҳамда Ўзбекистоннинг XIII-XIV асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Жамол Қаршийнинг “Ал-Мулҳақот би-с-Суроҳ” (“Суроҳ луғатига илова”) асари ҳам нодир асарлар сирасига киради. Унда Хоразмшоҳлар давлати тарихи, Чингизхон истилоси ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд. Фахриддин Абу Сулаймон Довуд ибн Абу-л-Фазл Муҳаммад Банокатий( ? - 1330)нинг жаҳон тарихини ўз ичига олган “Равзат ули-л-албоб фи таворих ал-акобир ва-л - ансоб (“Акобирлар ва асил (кишилар”) тарихи хусусида оқиллар боғи”) номли асари билан машҳур бўлди. Асар муқаддима ва тўққиз қисмдан иборат: 1) Одам Атодан то Мусо пайғамбаргача ўтган даврда яшаган пайғамбарлар; 2) Қадимий Эрон подшолари; 3) Муҳаммад пайғамбар, халифайи Рошиддин, имомлар, Уммавия ва Аббосия халифалари даври; 4) Аббосийлар билан ҳамаср бўлган сулолалар (Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар ва б.); 5) яҳудийларнинг пайғамбарлари ва подшолари; 6) христианлар ва франклар тарихи; христианларнинг дини ва эътиқоди, Арманистон ва франк мамлакатларининг географик ҳолати; 7) Ҳиндистон тарихи, ҳиндларнинг дини ва эътиқоди; 8) Хитой тарихи ва унинг географик ҳолати; хитойларнинг дини ва урф-одатлари; 9) Мўғулларнинг тарихи ва уларнинг истилочилик юришлари. Хуллас, Банокатийнинг мазкур асари Ўрта Осиё ва Ўзбекистоннинг XIII-XIV асрнинг биринчи чорагидаги тарихи, географик ҳолати ва аҳолисининг турмушини ўрганишда муҳим манбалардан ҳисобланади.

Мирхонд (Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурхонуддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Маҳмуд ал-Балхий) (1433-1498)нинг “Равзат ус-сафо фи сийрат ал-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо” (“Пайғамбарлар, подшолар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи”) номли асари бўлиб, унда дунёнинг яратилишидан то 1523 йилга қадар Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтган ижтимоий- сиёсий воқеалар кенг баён этилган бўлиб, Хоразмшоҳлар давлатининг турли жиҳатлари баён этилади. Асар муқаддима, хотима ва етти жилддан иборат. Биринчи жилдда дунёнинг “яратилиши” то Сосоний Яздижурд III (632-651) давригача ўтган тарихий воқеалар; иккинчисида Муҳаммад пайғамбар ва халифайи Рошидин даврида бўлиб ўтган воқеалар; учинчи жилдда ўн икки имом тарихи; тўртинчи жилдда Аббосийлар билан замондош сулолалар; Уммавия ва Аббосия халифалари; бешинчи жилдда Чингизхон ва унинг авлоди; олтинчисида Амир Темур ва унинг замонидан то Султон Абу Саид ўлими(1469 й.)гача бўлиб ўтган воқеалар; ва ниҳоят, асарнинг еттинчи жилдида Султон Ҳусайн ва авлодининг тарихи (1523 йилгача) баён этилган. Асарнинг I-V жилдлари компиляция бўлиб, мустақил аҳамиятга эга эмас. Унинг сўнгги қисмлари, хусусан, VI жилднинг бир қисми ва VII жилд асл нусха бўлиб, XV асрнинг иккинчи ярми тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга.

“Мужмал ат-таворих ва-л-қиссас” муаллифи номаълум. Қисқа тарзда ёзилган умумий тарихга оид асар. Қадим замонлардан (исломиятдан аввал ўтган Эрон подшолари замонидан) то ўғузлар томонидан Султон Санжарнинг асир олиниши (1153 йили) ва Нишопурнинг вайрон этилишигача бўлган давр ичида Эрон ва қисман Осиёда юз берган ижтимоий- сиёсий воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Асар 1153 йилдан кейин ёзилган. Асарнинг илмий қиммати шундаки, унда туркий халқлар, уларнинг келиб чиқиши ҳақидаги ривоятлар, туркларнинг ватанларидан бири Иссиқкўл ҳақидаги бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотлар келтирилган.

Бу асарлар умумий тарих йўналишида ёзилган бўлиб, Хоразм тарихига оид маълумотлари ҳам бор. Мавзунинг манбаси бой. Давлатчилик тарихини ёритиш учун турли тилларда битилган тарихий асарлар ҳам кўп. Уларда жамланган ҳужжатлар, маълумотлар Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбекларнинг давлатчилиги қадимий тарих ва узоқ тараққиёт йўлига эга эканлигидан далолат беради.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР