Урганчда маданият ва спорт соҳасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Урганч шаҳридаги Огаҳий номидаги мусиқали драма театрида Хоразм вилояти ҳокимлиги Маданият ва спорт ишлари бошқармаси томонидан 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар ва навбатдаги устувор вазифалар бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ва Фуқоралик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур анжуманда шаҳар ва туманлар маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиқлари, бошқарма тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоятда фаолият юритаётган телевидение ва газеталар вакиллари қатнашди.

Матбуот анжуманини вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Шокиржон Мадаминов очиб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида маъруза қилди. Ўз навбатида бошқарма томонидан ўтказилаётган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ журналистларни фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирлади.

Шунингдек, сўзга чиққан бошқарма бош мутахассиси, ёшлар билан ишлаш бўйича масъул ходим Санобар Абдуллаева, вилоят Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий методик маркази директори ўринбосари Ғуломжон Эшчанов, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳамид Сапаев ва бошқалар соҳада бажарилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Хусусан, маърузачилар бошқарманинг ўз олдига қўйган маданият ва оммавий спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқимизнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, асрлар давомида шаклланган юксак маънавиятни, анъана ва урф-одатларни ҳар томонлама ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънан етук инсонларни камол топтириш, санъат турларини юксалтириш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спортни янада омммавийлаштириш, бунинг баробарида ижодкор ва қобилиятли ёшларни излаб топиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни юртимиз довруғини оламга ёядиган инсонлар қилиб тарбиялаш сингари кенг қамровли мақсад ва вазифаларга тўхталишди.

Зеро, Маданият ва спорт ишлари бошқармаси жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва "2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорларини ҳаётга тадбиқ этиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширгани қайд қилинди.

Шу кунгача шаҳар ва туманларда манзилли дастурга асосан, 13 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси тегишли даражада замонавий жиҳоз, асбоб-ускуна ва мусиқа асбобларини билан таъминланди. Айни дамда, ушбу масканларда 4000 нафарга яқин аҳоли, асосан, ёшлар ўзлари севган тўгаракларда касб-кор ўрганишиб, билим ва кўникмаларини юксалтиришяпти. Эътиборлиси, мазкур даргоҳларда кўплаб ишчи ўринлари яратилмоқда. Воҳада жорий йилнинг охиригача ана шундай марказлардан яна 6 таси фойдаланишга топширилиши режалаштирилгани таъкидланди.

Бинобарин, бугунги кунга қадар вилоятда фойдаланишга топширилган 9 та маданият ва истироҳат боғида ҳамюртларимизнинг мириқиб дам олиб, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қурилиш ишлари олиб борилди. Спорт майдончалари, салқин ичимликлар билан савдо қилувчи шохобчалар барпо этилди, кўплаб аттраксион ва кичик ўйин қурилмалари ўрнатилди. Мавжуд фавворалар таъмирдан чиқарилди.

Бошқарма томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини ва кўламини кенгайтириш орқали пуллик хизмат турлари доирасини оширишга ҳам эришилди. 2015 йилнинг 1 декабрига пуллик хизмат кўрсатиш кўрсаткичи 100 % дан ошиб кетди.

Шунингдек, вилоят санъаткорлари республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловларда муносиб иштирок қилишди. Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Мукаррама Турғунбоева, Таваккал Қодиров, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов хотирасига бағишланган кўрик-танловлар, "Зарб-2015”, "Ёшлик завқи”, "Ягонасан муқаддас Ватан” сингари кўплаб нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлишди.

Қолаверса, ўтган вақт давомида Огаҳий номидаги вилоят мусиқали драма театри ва вилоят давлат Қўғирчоқ театри жамоалари ҳам халқимизга манзур бўладиган спектакллар яратиб, томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Бошқарма қошида ташкил этилган "Ёшлар клуби” ҳам ибратли ишларни амалга ошираётир. Клуб аъзоларининг ташаббуси билан "Кексаларни эъзозлаш йили” доирасида "Саломатлигингиз муҳим” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этилиши хоразмлик ёшларнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир. "Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда воҳанинг маданият ва спорт соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан 50 нафардан зиёд фахрийлар бепул равишда УЗИ (ултратовуш диагностикаси) аппарати орқали тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар ташхиси бўйича уларга дори-дармонлар тарқатилиши клубнинг ёрқин фаолиятидан далолат беради.

Ҳозирги кунда воҳада 1600 га яқин жисмоний тарбия ва спорт жамоалари фаолият юритаётган бўлиб, уларда 360 минг нафарга яқин киши спортнинг 32 та тури билан шуғулланиб келади. Шунингдек, 31 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та футболга ихтисослашган мактаб-интернат ҳамда Урганч олимпия захиралари коллежида иқтидорли ёшлар камол топаётир.

Муболаға эмас, кейинги йилларда нафақат республика, умуман, Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда воҳаликлар эътиборга молик натижалар кўрсатишаётир. Дзюдочилар Диёрбек Ўрозбоев, Шаҳзод Собиров, Гулноза Матниёзова, Турсунпошша Нурметова, оғир атлетикачи Фарҳод Собиров, футболчи Жамшид Искандаров, "чарм қўлқоп” устаси Мирзабек Ҳасанов сингари ўнлаб спортчилар халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя этишаётгани кўнгилларга қувонч ва фахр ҳиссини бағишлайди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб олишди. Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д. Бекчанова, Хоразм вилоят телерадиокомпанияси директори Ў. Матқурбонов, "Хоразм ҳақиқати” ва "Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири вазифасини бажарувчиси С. Раҳимберганова ва бошқалар маданият ва спорт соҳасига бағишланган ушбу матбуот анжуманига юқори баҳо беришиб, бундай тадбирларни тез-тез ўтказиб турилиши фойдадан ҳоли бўлмаслигини таъкидлашди.

Икром Худойберганов, mcs.uz