Тошкентдан Урганчгача поезд орқали 8 соатда етиб бориш имкони пайдо бўлади
«Ўзбекистон темир йўллари» 2016—2017 йилларда узунлиги 396,9 километр бўлган янги «Навоий—Конимех—Мискен» темир йўл йўналишини қуришни режалаштирган. Бу қурилиш ишлари якунланганидан кейин Тошкентдан Урганч шаҳригача бўлган 800 км масофалик йўлни 8 соат ичида босиб ўтиш имконига эга бўлинади. Таққослаш учун, ҳозирда бу йўлни 19 соат давомида босиб ўтишмоқда.

на русском языке

Бу маълумот Хоразм вилояти Транспорт бошқармасининг Қўнғирот минтақаси бўлими бошлиғи ўринбосари Мақсуд Искандаровнинг «Правда Востока» газетасига берган интервьюсида келтирилган.

«Бу йўлнинг асосий қисми саҳролар орасидан ўтади. Қурилиш ишларида 2000 нафардан ортиқ киши ҳамда кўп миқдордаги техник воситалар хизмат қилмоқда», дея аниқлик киритган у.

Унинг айтишича, бу йўл қурилишида энг замонавий усуллар қўлланилиб, унинг мустаҳкам бўлиши таъминланади. Янги йўлда поездлар соатига 100 км тезлик билан ҳаракатланади.

Ўзбекистон президентининг 2015 йил 27 июлдаги қарорига кўра, янги йўналиш Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг салоҳиятини тўлиқроқ ва самаралироқ ўзлаштириш учун қурилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. 2016—2017 йилларга мўлжалланган қиймати 283,1 миллион долларлик биринчи босқичда тепловоз ёрдамида поездлар ҳаракатланиши учун темир йўл участкаси қурилади. Муддати ва қиймати кейинроқ эълон қилинадиган иккинчи босқичда эса Марказий Қизилқумдаги Қулжуқтов ва Ауминзатов тоғ-кон массивлари ресурсларини ўзлаштириш натижасида минтақа энергия билан таъминланиши инобатга олиниб, темир йўл электрлаштирилади.

Янги участка Мискен станциясида «Навоий—Учқудуқ—Султон Увайс тоғи—Нукус» йўналиши билан бирлашиб, шимолий йўналишда юк ташишни тезлаштириш имконини беради.

kun.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР