Ўғлим билан фахрланаман
Хоразм вилоятида ҳам “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

на русском языке

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида видеомулоқот ўтказилди.

Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида шакллантирилган профессионал миллий армиямиз юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётгани таъкидланди.

Теле-кўприк тарзида ташкил қилинган видеомулоқотда ҳар икки вилоятда ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар ота-оналарига ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳаёти ва у ерда яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ўзи туғилиб ўсган қишлоғи, маҳалласидаги сўнгги янгиликлар, оила аъзолари, дўстлари ва яқинларининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлди.

– Миллий армиямиз сафларига жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлар танлаб олинади, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи Бобуржон Анниёзов. – Мен ана шундай сараланганлар сафида эканимдан фахрланаман. Ҳарбий қисмимизда яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, намунали хизматим билан олий ўқув юртига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномани олишга ҳаракат қиламан.

Тадбирда ҳарбий қисмлар командирларидан намунали хизмат қилаётган аскарларнинг ота-оналарига келган ташаккурномалар ўқиб эшиттирилди. Оналарга эсдалик совғалари топширилди.

– Ўғлим Умарбек Қашқадарё вилоятида йигитлик бурчини ўтаётир, – дейди Қўшкўпир туманидан Ойбиби Собирова. – Ватан ҳимоячилари байрами арафасида ўғлим билан телемулоқот орқали кўришдим. Унинг алпларга хос бўй-бастини кўриб, кўксим ғурурга тўлди. Ўғлимнинг намунали хизмати учун менга берилган ташаккурномани эшитиб, кўзларимга қувонч ёшлари келди. Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашдек шарафли вазифани аъло даражада бажараётган ўғлим билан фахрланаман. Биз, оналарга шундай имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимиздан миннатдормиз.

Тадбирда ҳарбийлар ҳаётидан олинган видеофильм намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида Ватан, она, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР