Қадимги Хоразм давлати
Хоразм Ўрта Осиё ҳудудидаги энг қадимий давлатлардан бири бўлиб, аҳолиси ўтроқ ва кўчманчи қабилалардан иборат бўлган. Унинг ҳудуди Амударёнинг қуйи қисмидан жанубга томон Мурғоб ва Тажан дарёларининг юқори оқимларигача чўзилган.

У ҳақдаги илк маълумотлар “Авесто”, биринчи Доронинг Биҳистун тош битиклари, қадимги юнон муаллифлари, араб географларининг асарларида учрайди. “Авесто”нинг “Яшт” қисмида Хоразм “Минг ирмоқли дарё”, “Кўллар ва ўтлоқдарга бой ўлка” сифатида мадҳ этилади.

Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида шундай ёзади: “Хоразмликлар Хоразмга одамлар жойлаша бошлаганидан тарих олар эдилар. Бу Искандардан 980 йил илгари бўлган эди. Ундан кейин Сиёвуш ибн Кайковуснинг Хоразмга келишидан, Кайхусрав ва унинг наслининг Хоразмга подшоҳлик қилишларидан тарих олдилар. Шу вақтда Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари (устидан) ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан 92 йил кейин бўлди”.

Демак, 3 минг йил олдин ҳам Хоразмда туркий қабилалар яшаган ва давлат тизими бўлган. Милоддан аввалги минг йиллик бошларига алоқадор “Амиробод маданияти”, қуйи Амударё ҳавзасидаги сунъий суғориш иншоотлари тизими (Геродот қадимда Окс (Аму) дарёси бўйлаб 360 дан зиёд сунъий суғориш иншоотлари барпо этилганлигини ёзади) ҳамда дастлабки шаҳарсозлик тимсоли бўлган шаҳар-қалъалар - Қалъалиқир, Кўзалиқир, Жонбосқалъа ва бошқалар Хоразм воҳасидаги қадимий давлатчилик белгиларидир.

Хоразм тарихини чуқур ўрганган машҳур рус олими С.П.Толстов “Қадимги Хоразм” китобида антик Хоразм тарихини тўрт даврга бўлади:

1. Уй-жой деворлари бўлган шаҳристон маданияти (милоддан аввалги VI-IV асрлар)

2. Қанқа (Қанг) маданияти (милоддан аввалги IV аср - милодий I аср)

3. Кушонлар маданияти (милодий II – II асрлар)

4. Кушон-Африғ ўтиш маданияти (милодий Ш-V асрлар)

Бу даврларга оид Амударёнинг ўнг соҳилида 250 дан зиёд, сўл соҳилида 60 та қадимий шаҳар ва қишлоқлар ўрни топилган. Қанқақалъа, Қўшқалъа, Тупроққалъа, Жингилжа, Тошхирмон сингари қалъа ва истеҳкомлар ўрни бунга мисол бўла олади.

Хитойнинг Тан сулоласи даврида (милодий VII-X асрлар) Хоразмда асосан туркий қабилалар яшаган. Таншу солномасида шундай дейилади: “Барча турк элатлари ичида ҳўкиз қўшилган арава фақат шу ерда (Хоразм) учрайди. Бу араваларда савдогарлар турли вилоят ва элатларни айланиб, савдо қилиб юрадилар.” Бу ўринда гап Хоразмнинг савдо-сотиқ билан кун кечирувчи ўтроқ аҳолиси устида кетяпти. Шу билан бирга Хоразм воҳасига яқин чўл ва даштларда кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвадор туркий қабилалар яшаган.

Эрон Ахоманийлари шоҳи Кайхусрав (Кир, Куруш) (милоддан аввалги 558-530 й.) Хоразм ва унга туташ ҳудудларни босиб олган. Хоразм милоддан аввалги 6-5 асрларда Ахоманийлар давлатининг 16-сатраплиги (вилояти) таркибига кирган. Лекин кўчманчи Сак (Массагетлар) қабиласи устига ҳужум қилганида Кайхусрав малика Тўмарисдан енгилиб, ҳалок бўлган. Хоразм ўз мустақиллигини тиклаган. Милоддан аввалги III асрда эса у Қанг давлати таркибида бўлган.

Хоразм тарихининг то африғийлар сулоласи асосчиси Африғгача (305 й.) бўлган даври ҳақида маълумотлар кам. Фақат қадимда Кайхусрав (мил.ав. 1200-1140 й.), Саксафар (мил.ав. 519- 517 й.), Фарасман (мил.ав. 329-320 й.), Хусрав (мил. ав. 320 й.) сингари хоразмшоҳлар бўлганлиги, Фарасман милоддан аввалги 328 йилнинг баҳорида Ўрта Осиёга бостириб кирган македонияли Александр (Искандар) ҳузурига музокара учун совға-саломлар билан келганлиги тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган.

Абу Райҳон Беруний африғийлар сулоласига мансуб хоразмшоҳлардан 22 тасининг номини келтирган. Хоразм давлатининг пойтахти дастлаб Тупроққалъа, 305 йилдан кейин эса Кот (Кос) шаҳри бўлган. Милоддан аввалги 4-3 асрларда Хоразм иқтисодий ва маданий жиҳатдан юксалиб, йирик суғориш каналлари, янги шаҳар ва қалъалар барпо этилган. Ҳунармандчилик, санъат, ички ва ташқи савдо кенг ривож топган. Милодий IV-VIII асрларда Хоразм янги юксалишни бошдан кечирди. Бургутқалъа, Уйқалъа, Қумбосганқалъа каби иншоотлар ана шу даврларда қурилган.

Хоразмнинг Этил (Волга) бўйидан Марказий Осиё орқали Мўғулистон ва Хитойга ҳамда Эронга бориладиган савдо йўллари чорраҳасида жойлашганлиги унинг иқтисодий ва маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этган.

712 йили Хоразмни араблар босиб олган. Халифаликнинг Хуросондаги ноиби Қутайба ибн Муслим хоразмликларнинг тарихий адабиёти ва маданий меросини сақлаб келган олимларни қирғин қилган ва қувиб юборган. Шу сабабли араблар истилосигача бўлган даврдаги ёзма тарихий манбалар деярли учрамайди.

Африғийлар сулоласи вакиллари (Милодий 305-995 й.)

1. Африғ
2. Бағра
3. Саххасан
4. Азҳажамуқ
5. Азкажавар I
6. Сахр I
7. Товуш
8. Хамгари
9. Бўзгар
10. Арсамух
11. Сахр II
12. Сабри
13. Азкажавар II
14. Азҳажамуқ II
15. Шовшафар
16. Турксабоса
17. Абдуллоҳ
18. Мансур ибн Абдуллоҳ
19. Ироқ ибн Мансур
20. Муҳаммад
21. Аҳмад ибн Ироқ
22. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад

Носир Муҳаммад

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР