Зардўшт ва унинг таълимоти
“Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган.

Эр.авв. IX-VIII асрларда Осиёнинг марказий қисмида шундай бир ёруғлик пайдо бўлдики, бу нарса инсоният тараққиётига ўзининг таъсирини сезиларли даражада кўрсата олди. Шарқий Эрон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи қадимий қабилаларнинг ижтимоий тузуми ўзгараётган ва диний қарашлари ҳамда жамиятда рўй бераётган табақаланиш давом қилаётган бир пайтда Турон пасттекислигида Амударё бўйларида янги ғоя, янги фикрлар ва янги таълимот вужудга келди. Бу таълимот ўлкада шаклланган кўп худолик ва ошиқча сарф-харажатларга, атроф-муҳитни ифлосланишига ҳамда инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутган жонли ҳайвонларни қириб кўп-кўп қурбонликлар қилинишига қарши тура оладиган таълимот эди. Бу таълимотга амал қилган инсон (Эзгу фикр, Эзгу калом (сўз), Эзгу амал) бутун ҳаёти давомида ана шу учликни қалбига жо қилиши жоиз ҳисобланган. Ушбу таълимотни асосчиси Зардўшт бўлиб, у ўз таълимотини жамиятда яшовчи ҳар қандай синф вакиллари орасида қўрқмасдан тарқатиб ўзини ҳақлигини исботлай олган. Берунийнинг гувоҳлик беришича, Зардўшт македониялик Александрнинг Марказий Осиёга келишидан 258 йил илгари дунёга келган. Лекин кейинги изланишлар, айниқса гатларни (Авестодаги шеърий матнлар) анализи, улардаги ўша давр табиий шароитлари ва воқеаларини тасвирланишидан келиб чиқиб, олимлар Зардўштни эр.авв.VIII асрнинг охирида дунёга келганини ва VII асрнинг охирги чорагида дунёдан ўтганлигини тасдиқлашади. Унинг асосий номи Заратуштра бўлиб “Сариқ туя соҳиби”, “Заррин ёруғлик эгаси” деган маъноларни англатади. У Қуйи Амударё ҳавзасида яшовчи машҳур Спитама уруғидан бўлиб (тўғрироғи Сипийтмон- “Авесто”да сипийтома. Пайғамбар Зардўшт оиласи шу ном билан юритилган. Сипийтмон пайғамбар Зардўштни тўққизинчи бобосининг номи бўлиб, паҳлавий тилида “оқлик” маъносини англатади, баъзи авестошунос олимларнинг фикрича “Сипийтмон” пайғамбарнинг болаликдаги исми, Зардўшт исми эса пайғамбарликка эришгандан кейин берилган дейишади) у уруғ орийлар уруғи иттифоқига кирган. Унинг отасини номи Пуришасп бўлиб, уруғ кохинлардидан бўлган. Онаси исми Дугова бўлиб, у ҳам Спитама уруғидан бўлган Фарохоманинг қизи бўлган. Зардўштни ёшлигидан отаси чўпон Барзин-курушга шогирд қилиб беради. У 15 ёшигача ҳар ҳил худоларга сиғинувчи орийлар уруғида кенг тарқалган яштларни ёдлаб олади. У 23 ёшига етганида уруғ-қабилалар орасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабаби уларнинг ҳар ҳил худоларга сиғинишлиги эканлиги ва халқнинг аҳволи оғирлиги эса уларнинг ҳар ҳил худоларга кўплаб қурбонликлар қилишлиги ва ҳатто қурбониликка одамларни ҳам ишлатилишлиги эканлигида деб билади. Шундан кейин у фақат битта худога, яъни Аҳура – Маздага (Аҳура – “бутун оламларнинг эгаси”, “кучли”, Мазда – “ақл-идрок”, “донишмандлик”) сиғинишни ва унинг кўрсатмалари бўлган Авестога амал қилишни тарғиб қила бошлайди. Лекин уни бу даъватларини қабиладошлари совуқлик билан кутиб олишади. Асрлар давомида кўп худоликка ўрганиб қолган кабиладошларига унинг даъватлари ёмон таъсир қилади ва уни ватанидан бадарға қилишади. У ўн йиллаб чўлу-саҳрода, тоғу-тошларда, шаҳару-қишлоқларда юришга ва бу даврда у ерларда ўз таълимотини ёйишга бағишлайди. Кейинчалик ватанига қайтиб келади ва ўз қабиладошига уйланади. Ундан уч ўғил ва уч қиз туғилади. Айрим манбаларда ёзилишича, Зардуштни хотини Кави қабиласини вазири Гуштаспни қизи бўлган. Ҳозирги вақтда унинг ғояларини мужассамлантирган илмий бадий асар “Авесто” деб номланиб, у асос солган таълимот ва ғояни ўзида мужассамлантирган дин зардуштийлик дини дейилади. Зардўштийлик дини дуализмга асосланган, яъни олам икки асоснинг икки ибтидонинг, ёруғлик ва қоронғулик, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат деб уқтиради.

“Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган. Бу давлат ўша вақтда ҳарбий демократия тамойиллари асосида вужудга келган. “Авесто”да подшоҳлар, олий табақа вакиллари, руҳонийларга ва диний урф-одатларга ҳам катта ўрин ажратилган. Унда қадимий кишиларнинг дунёқараши эзгу ниятлари алоҳида ўрин эгаллаган. “Авесто”да табиат, уни ёвуз кучлар (девлар)дан муҳофаза қилиш ҳақида ҳам қимматли фикрлар айтилган.Ўз қавмларидан рўшнолик кўрмаган уларнинг таъқибига, қувғунига дучор бўлган Зардўшт Фирдавсий ва Берунийларнинг тасвирича, ўз динини Эрон шоҳи Виштаспга асослаб кўрсатиб, унинг эътирофини қозонади. “Шаҳристонҳои Эрон” китобида Виштасп фармонига кўра, Зардўшт 1200 бобдан иборат панднома “Авесто”ни олтин тахтачаларга ёзиб, шоҳнинг оташкадасига топширган деб ёзадилар. Шундан кейин шоҳ пайғамбарнинг тарафдори сифатида янги диннинг ашаддий тарғиботчисига айланади. Бу орада Амунинг икки соҳилидаги юртларнинг ҳокими Аржасп акаси Виштаспни аждодлар эътиқодидан қайтганликда айблаб, унга қарши лашкар тортади, икки ўртада уруш бошланиб, урушда Аржасп ўлдирилади. Натижада Эрону Туронда маздапараслик - зардўштийлик дини тўла жорий қилинади. Зардўштнинг хоҳиши ва Виштаспнинг фармонига кўра, барча шаҳарларда оташкадалар-ибодатхоналар қурилади. Авестода баён қилинишича, Олам икки асоснинг ибтидонинг, яъни ёруғлик ва қоронғулик, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Бунда ёзилишича, Эзгулик худоси Ахурамазда билан ёвузлик худоси Аҳриман (Авестода “Ангар Майню” паҳлавий тилида “Аҳриман” –маъноси “Жанг ва душманлик олами”, янги Авестода душман девлар сардори, Аҳура Мазданинг муросасиз душмани. Аҳура Мазда Аҳриман тўғрисида сўз юритаркан “бутун борлиғи ажал билан йўғрилган”, деб тарифлайди) ўртасидаги кураш абадийдир, ниҳоят, кураш натижада яхшилик ғалаба қилиши керак. Зардўшт ҳаммани ёвузлик, қоронғуликка қарши кескин курашга чорлайди. Унинг фикрича, инсонлар доимо яхшилик қилиши керак. Мабодо, одам ёмонлик, мудҳишлик йўлига кирса, у бари бир улуғ худо Ахурамазда олдида қилмиши учун жавоб бериши керак дейди.

Шу даврдаги мавжуд диний ақидаларга қараганда, Зардўшт ғоялари янги ғоялар бўлиб, улар Зардўштга гўё эзгулик худоси Аҳурамазда томонидан инъом этилган. Ана шу ғояларга таянган ҳолда, шу даврда Зардўшт Аҳурамазданинг севимли ўғли сифатида, оламни ёмонликдан ҳимоя қилиши керак бўлган. Зардўштийлар қуёш, олов, ер, сув ва ҳаво каби табиат мўъжизаларини улуғлаб, уларга сиғиниб келганлар. Бу динга сиғинадиган кишилар учун олов, ер, сув ва ҳаво муқаддас ҳисобланган, уларни ифлослантириш катта гуноҳ саналган, ҳатто мурдаларни ерга кўмиш ҳам ман қилинган. Мурдаларни усти очиқ баланд жойга қўйишган. Мурданинг гўштини қушлар, ёввойи ҳайвонлар еб кетганлар, кейин мурданинг қариндош-уруғлари келиб, гўштдан тозаланган суякларни йиғиб, остадон (ассуарий) деб аталган махсус сопол идишларга жойлаб, абадий сақлаш мақсадида оташгоҳларда қолдириб кетганлар. Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда жуда кўплаб қадимги тепаликлар бағридан ассуарийлар топилмоқда, улар асосан эр.авв. V-IV асрларга мансуб бўлиб, кўпинча Хоразмнинг Кўзалиқир, Қалъалиқир, Жонбосқалъа, Тупроққалъа ёдгорликлдаридан топилган. Зардўшт 77 ёшида Балх шаҳридаги ибодатхонада ибодат пайтида кўпхудолик тарафдори Братарвахш томонидан пичоқлаб ўлдирилади. Аммо унинг таълимоти ва у асос солган дин Ажам (араб бўлмаган) ўлкаларда ислом мажбуран қабул қилдирилгунча муқаддас эътиқод сифатида эъзозланиб келинган. Ушбу динни асоси бўлмиш муқаддас китоб Авестони икки нусхаси македониялик Александрнинг юриши даврида йўқ қилинади. Сосонийлар даврининг охирларида араблар Эронни босиб олиб эски динни ва муқаддас китобларни ўтда ёқишади. Ўз этиқодларига содиқ баъзи бир қавмлар Авестони каттагина қисмини олиб Ҳиндистонга қочишади. Улар катта қийинчиликлар билан Ҳиндистонни Бомбей шаҳри атрофидаги қишлоқлардан бирига етиб боришади ва у ерда қолиб кетишади. Ҳозирги кунда ҳам Бомбей атрофида 250 000 нафар порслар яшашади ва Авестони нусхаси уларда сақланади. Бундан хабари бўлган франциялик олим Анкетил Дюперрон 1755 йилда Ҳиндистонга бориб, ушбу қабилада яшайди ҳамда уларни ишончига кириб билдирмасдан Авестони нусхасини олишга ва уни Европага 1761 йилда келтиришга эришади. 1771 йилда “Зенд Авестони тахминий таржималари” номи остида уч қисмдан иборат китобни нашрдан чиқаради ва Авестони Европага таништирди. Авесто қадимда кўпчилик халқларга таниш бўлган, жумладан юнонлар, яҳудийлар, римликлар, сурияликлар ва бошқа халқлар ҳам уни таълимотидан баҳраманд бўлишган. Бунинг натижасида улар Авестонинг қимматли ғояларини ўзларини таълимотларини ишлаб чиқишда фойдаланишган.

Авесто 1825 йилда инглиз тилида, 1873 йилда немис тилида, 1901 йилда рус тилида нашр қилинган.

Китобнинг энг нодир нусхалари ҳозирги кунда Париж ва Данияда Копенгаген Миллий кутубхоналарида сақланмокда. Асарнинг ўзбекча янги нашри 2001 йилда “Авесто” яратилганининг 2700 йиллик юбилейи муносабати билан тайёрланди.

Шуни айтиш жоизки, 1999 йил ноябр ойида халқаро Юнеско ташкилоти ўзининг Парижда бўлиб ўтган 30 – сессиясида “Авесто”нинг 2700 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Юбилей тантаналари 2001 йилда Авесто ватани Ўзбекистонда, айнан Хоразмда кенг нишонланди ва Урганч шаҳрида Авесто ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, якка худоликнинг кўпчилик ғоялари ва тушунчалари, жумладан жаннат ва дўзах, аросат қиёмат куни, фаришталар, иблис, жинлар ва шу каби тушунчалар олдин Авестода учраган бўлса, кейинчалик бу тушунчалар бошқа динларга жумладан, иудаизм, христианлик ва ислом динларига ҳам кириб борган.

Қадимги бобокалонларимиз кўзига тўтиё қилган “Авесто” муқаддас китоби фақат диний қўшиқ, ҳикоят ва ривоятлардан иборат бўлибгина қолмасдан, балки табиий фанлар, хусусан, табобат, таълим – тарбия масалаларини ҳам ўз ичига оладиган илмий манбадир. Зардўштийлик динининг муқаддас байрамларидан бири Наврўздир. Наврўз Марказий Осиё ва форсий халқларнинг янги йилни нишонлашга бағишланган катта байрамидир. Баҳорда яъни 21 март куни коинотдаги барча тирик жон, инсоният, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси қайта жонланади. Инсоният табиятнинг олий маҳсули сифатида бу байрамни зўр шодиёна билан нишонлаган ва ҳозирда ҳам нишонлаб келинмоқда. Мамлакатимизда Наврўз – баҳор байрами, янги кун, табиатни уйғониш байрами сифатида кенг нишонлади. Зардўштийлик динининг афзал томонларидан бири шу эдики, ушбу динда ҳукмдорлар салтанатини мустаҳкамловчи расмий ақидалар билан бирга, инсонни ўз ҳаётининг, ўз тақдирининг яратувчиси сифатида улуғловчи инсонпарварлик ғоялари ҳам қарор топгандир.

© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти,
2009.