1873-йил Хива хонлигига К.П.фон Кауфман бошчилигидаги Россия қўшини ҳужум қилиб, хонликнинг асосий шаҳарлари ва пойтахтни босиб олган. Гандимиён шартномаси (1873-йил 12-август)га кўра, Хива хонлиги подшо Россиясига қарам бўлиб қолган. Феруз ана шундай мураккаб шароитда ярим асрга яқин муддат давомида Хива хонлигини бошқарган. Феруз саройга адабиёт ва санъат арбобларини тўплаган. Огаҳий, Комил, Табибий ва бошқалар таъсирида ўзи ҳам Феруз (бахтли, ғолиб) тахаллуси билан шеърлар ёзган. У қорақолпоқларни бошқариш учун “Қорақолпоқ улус”ини шакллантирган. Феруз китобат ишларига катта аҳамият берган: девон тузиш, тарих ёзиш, таржима ишларини ривожлантирган. Хоразмда таржима мактаби яратган. Форс ва араб адабиётининг энг нодир тарихий, адабий, илмий асарларини ўзбек тилига таржима қилдирган.
Унинг ҳукмронлиги даврида Огаҳий ва Баёнийлар томонидан Хоразм тарихига оид асарлар ёзилган. Комил Хоразмий мумтоз мақомлар учун нота ёзувини ихтиро қилган. Хивада босмахона (тошбосма) ташкил эттирган. Унда Хоразм шоирлари ҳақидаги “Мажмуат уш-шуаро” тазкираси, Алишер Навоий асарлари, Хоразм шоирлари девонлари нашр қилинган. Феруз Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Туркия савдогарлари орқали Хоразмга чет эллардан ноёб китоблар келтиртирган ва уларни кўп нусхаларда кўчиртирган, тарих ва адабиётга оид китоблардан иборат бой кутубхона яратган. Феруз меъморлик, наққошлик, хаттотлик каби санъат турларини ҳам ривожлантирган. Бу даврда фотография ва кино санъати вужудга келган, ободончилик ишлари амалга оширилган.
Феруз 1871-йил Кўҳна Арк қаршисида ўз номи билан аталувчи 2 қаватли мадраса қурдирган (Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси). Ферузнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан 30 дан ортиқ мадраса, масжид, минора, хонақолар қад ростлаган. Феруз ерларни сув билан таъминлаш, боғ-роғлар барпо этиш ишига ҳам алоҳида аҳамият берган. Унинг буйруғига мувофиқ, Қўнғирот тумани сарҳадида катта ариқ бунёд этилган. Ҳозирда ушбу ариқ “Хон ариғи” деб аталади.
1874-йили Феруз Россиядан 2 та литография (китоб босувчи) машинани сотиб олиб, Туркистонда илк маротаба китоб чоп этишни йўлга қўйган. Унинг топшириғига кўра бир қатор тарихий ва шарқона дидактик асарларни ўзбек тилига ўгириш бўйича катта ишларни амалгам оширган. Масалан, “Табарий тарихи” (12 жилдда), “Шайбонийнома”, “Зафарнома”, “Ерон тарихи”, “Тўтинома” (тўти тилидан эртак тарзида ҳикоя қилинган насиҳатлар китоби) “Маорифнома” кабилар. Муҳаммад Раҳимхоннинг ёзги қароргоҳи Тозабоғда нодир китоблар сақланиб Россиянинг шарқшунос олимларининг этиборини тортган ва улар бу ерга ана шу нодир китобларни ўрганиш, таржима қилиш ва кўчириш учун атайин келишган. Муҳаммад Раҳим Боҳодирхон бутун Ўрта Шарқда тенги топилмас бой кутубхонага асос солган. Унинг топшириғига кўра ёзилган мамлакат тарихи Бухоро ва Қўқонда битирган ҳудди шундай тарихлардан мусоффолиги ва ишонарлиги билан ўта даражада юқори савияда эди.
Феруз мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида лирик шеърлар яратган. Шеърлари, асосан, ишқ-муҳаббат мавзуида. Инсон ва ҳаёт, севги ва садоқат Феруз ижодининг ғоявий асосини ташкил қилади. Улар оҳангдорлиги, тасвирий-ифодавий бўёқларга бойлиги ва шаклан ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Унинг кўпчилик ғазаллари ўз замонасида созандалар томонидан куйга солиб куйланиб келинган. Шеърларига “Девони Феруз” номи билан тартиб берган (1879). Бу девон Муҳаммад Шариф томонидан қайта кўчирилган (1900). Ферузнинг ўзи Паҳлавон Маҳмуднинг 350 рубоийсини қўлда кўчириб, китоб ҳолига келтирган. Феруз Шашмақом куйларини ўрганган, саройда мақом ансамблини тузган. “Наво”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ” мақомларига боғлаб куйлар яратган. Феруз Саид Маҳруйжон мажмуасидаги Сайид Моҳи Руйи Жаҳон мақбарасида дафн қилинган.