Хоразм эркакларининг анъанавий бош кийимлари ўзига хос ва бетакрор бўлиб, XIX аср охири - ХХ аср бошларида воҳадаги турли этник гуруҳлар бош кийимларида ўзига хослик сақланиб қолган. Воҳанинг анъанавий бош кийимларини тайёрланадиган хом ашёсига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1. Жундан тайёрланадиган бош кийимлар: чўгирма (тўгалак, шерози ва силкма).
2. Кигиз (намат)дан тайёрланадиган бош кийимлар: қалпоқ, кулоҳ ва ҳ.к.
3. Ип ва ипакдан тайёрланадиган бош кийимлар: таҳя (чумакли, папакли, қазма); рўмол (фаранг рўмол, сочоқи беқарор, йўринжа гулли рўмол, тўр рўмол, боки рўмол, шахмат рўмол, қозоқи рўмол ва ҳ.к.); лачак (Хива лачаги, Карвак ва Питнак лачаги), бошўров, ўрамол (шим. Хоразм); тўппи (болалар ва кексалар тўпписи - саппуш); чўтти (Хазорасп).
4. Мўйнадан тайёрланадиган бош кийимлар: қундуз попоқ ёки қундуз талпак (ондатра телпак), норка попоқ (қоракўзан - норка терисидан тикилган телпак), сувсар талпак (соболь - сувсар мўйнасидан тикилган телпак) , қулоқчин (ушанка).
Хоразмда бош кийим давлат, ғурур, ифтихор рамзи саналган, шунинг учун бош кийимни бирор кимса билан алмаштириш ёки бировга бериш мумкин бўлмаган. Отанинг бош кийими фақат унинг ўғлига берилган. “Оёғингда маҳсинг бўлмаса ҳам бошингда чўгирманг бўлсин”, деган кексалар. “Қадимда фарзанди юзини ерга қаратган ота чўгирмадан маҳрум қилинган, бу эса унинг элот (маҳалла)да яккаланиб қолишига олиб келган”. ХХ аср бошларида Хоразм аҳолиси ўртасида бошяланг юриш одобдан ҳисобланмаган. Қариялар ҳатто кечаси ухлагани ётганларида ҳам юмшоқ читдан, ичига пахта солиб, астар қилинган конуссимон бош кийим - тўппи (шабпўш) кийиб ётганлар. Бу каби бош кийим Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди.
Ўзбек дўппиларининг Чуст, Марғилон, Андижон, Шаҳрихон, Қўқон, Тошкент, Самарқанд, Ургут, Бухоро, Бойсун, Дашнобод, Шаҳрисабз, Косон, Хива, Лақай, Бахмал, зар, ола, гиламнусха, ироқи, арақчин каби турлари маълум. Ўзбекистон тарихи музейида турли даврларга тегишли бўлган 260 дан ортиқ дўппи мавжуд. Беҳистун қоятошларига ўйиб туширилган (бўртма) одам суратларининг биридаги бош кийим қадимги хоразмийлар бош кийимларига жуда ўхшаб кетганлигини кўриш мумкин. Зеро қоя ёзувларида Доро буйруғи билан бўйсундирган халқлар орасида саклар, сўғдлар қаторида хоразмийлар ҳам тилга олинган. Х асрда яшаб ижод этган муаррих ал-Мақдисий Хоразмдан четга олиб чиқиладиган моллар рўйхатида хоразмликларнинг чўқмор телпаги ҳам борлигини, Хуросоннинг ҳар бир шаҳрида маҳаллий аҳолидан ўзларининг чўқмор телпаклари билан ажралиб турувчи кўплаб хоразмликларни учратиш мумкинлигини айтиб ўтади. Демак, Хоразмда чумакли таҳя деб аталувчи конуссимон дўппи тури ҳам қадимий бош кийим бўлиши мумкин.
Эркак ва аёллар дўппилари бир хил шаклда бўлиб, эркакларнинг дўппилари тўқ яшил рангли, кўк, қора бахмалдан тайёрланган. Воҳа аҳолиси қишда дўппи устидан думалоқ, жундан бўлган телпак кийганлар. Хоразм воҳаси аҳолисининг бош кийимлари ранги, шакли ва кийилиш тартиби билан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Хоразмда яшовчи ўзбеклар катта думалоқ чўгирма кийганлар. Чўгирма воҳа аҳолисининг этник хусусиятларини янада яққолроқ намоён этадиган бош кийимдир. Чўгирма уч хил: тўгалак чўгирма, шерози ва силкма чўгирмадан иборат бўлган. Устки қисми тери ёки қалин матодан текис қилиб тикилиб, атрофига босма шаклда қоракўл ёпиштирилган тўгалак чўгирма воҳада XIX асрдан бери кийилиб келган чўгирманинг дастлабки нусхасидир. Уни дастлаб фақат ҳукмдорлар, кейинчалик эса аҳолининг барча табақа вакиллари кийган. Калта жунли Хазорасп услубида тикилган чўгирма шерози чўгирма деб аталган. Шерози чўгирма - янги туғилган қўзичоқнинг терисидан тикилган ва тикилиш жиҳатидан ихчам бўлиб, ҳозирги телпаклардан озгина фарқ қилган. Учинчиси аҳолининг камбағал табақаси ҳамда воҳада яшовчи туркманлар ҳам кийган узун жунли силкма чўгирмадир. Силкма чўгирма қўйнинг узун жунидан, думалоқ шаклда ва анча катта ҳажмда тикилган. Чўгирма илгари Хоразмда кенг тарқалган бўлиб, у ҳақда халқ орасида қуйидагича айтим бўлган:
Чўгирма-ё, чўгирма-ё, чўгирма
Чўгирмага қараб юзинг ўгирма.
Қишни гуни чақирса ҳам югурма,
Ўзи - ярим, оғири ботмон чўгирма.
Хоразмнинг табиий шароити ва жуғрофий муҳити ҳам жун ёки теридан тикилган кийимларнинг мавжуд бўлишини тақозо этади. Қолаверса, пўстин ва чўгирма каби уст-бошлар ичида ҳароратнинг нормал ҳолатда бўлиши қаттиқ бўрон ёки чўл шамоли туфайли содир бўладиган ҳар хил ножўя таъсирлардан киши танасини асрайди. Хоразм воҳасида чўгирма билан боғлиқ яна бир удум сақланганки, қиз боланинг бўй етганлигини билиш учун уни отасининг чўгирмаси билан бир уриб кўришган. Агар қиз чўгирма билан урганда йиқилиб тушмаса, уни турмушга узатишган. Чўгирма ХХ асрнинг то 70-йилларига қадар кексалар бош кийими сифатида сақланиб қолган. Кейинчалик чўгирмалар аҳоли томонидан деярли кийилмай, фақат театр ва фолклор-этнографик ансамбль аъзолари томонидан кийилган, бироқ “шерози телпак” номли чўгирма тури ўрта ва кекса ёшдаги эркаклар орасида сақланиб қолган. У олти ойлик қўзичоқ терисидан тикилган ва бадавлат хонадон эркаклари томонидан кийилган. ХХ асрнинг 60-80 йилларида раҳбар ходимлар орасида шерози папақ (телпак) деб аталган тури урф бўлган.
Туркманларнинг ёвмут уруғида ҳам Хоразм чўгирмасига ўхшаш бош кийими бўлиб, у човурма деб аталган. Силкма чўгирма каби бош кийим туркманларнинг эрсари ва сариқ уруғи аҳолисида ҳам мавжуд бўлиб, у силкма телпак деб аталган. Манбаларда Хоразм воҳасида чўгирма деб номланувчи бош кийимнинг урф бўлиб, воҳа ўзбек ва туркман аҳолиси ўртасида кенг ёйилишига афғон уруғларидан бири - жамшидлар сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо чўгирмага ўхшаш бош кийим, яъни тўгалак чўгирма хоразмликларда қадимдан мавжуд бўлган, жамшидийлар кириб келгандан сўнг уларнинг таъсирида шакли (дизайни) ва ҳажми ўзгарган, холос. Чунки Хоразмнинг континентал иқлим минтақаси шундай бош кийим бўлишини тақозо этган. Буни сўнгги йилларда археологик манзилгоҳларда олиб борилган тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди.
Бош кийимлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўзига хос бўлган. Масалан, Бухорода ва унга яқин туманларда телпаклар қия конус шаклида бўлган. Унинг юқори қисмини қоракўл терисидан, ичини қўй мўйнаси билан қоплаб, теварак-атрофини қундуз мўйнаси билан безаганлар. Фарғона водийси ва Тошкентда телпакнинг юқори қисми учун мато ишлатганлар, ҳошиясини тулки ёки сувсар мўйнасидан, айрим ҳолларда қўзи терисидан тикканлар. Фарғона водийсининг қишлоқ аҳли қишда мўйнаси ичкарига қаратиб тикилган тумоқ кийган. Бош кийим турларидан бири салла бўлиб, уни одатда дин аҳли: мулла, эшонлар ва айрим этник гуруҳлар, масалан, Оқдарбанд эронийлари кийганлар.
Демак, XIX аср охири - XX аср давомида Хоразм воҳаси эркакларининг асосий бош кийими қиш фаслида чўгирма, ёз фаслида тахя (дўппи) бўлиб, воҳа иқлимига жуда мослиги учун халқ бу бош кийимларни севиб кийган. Ҳатто кексалар ёз фаслида бўлса ҳам чўгирмани бошидан ечишмаган. Бунинг ўзига хос сабаби бор: ёз фаслида бош терлаганда, чўгирма ўзига терни шимиб олган ва бошни ёзнинг жазирама иссиғидан асраб намлантириб турган. Шу сабабли кекса отахонлар пахтали тўн (дўн) ва чўгирмани ёз фаслида ҳам кийиб юришган. Ҳозирги кунга келиб бу бош кийимлари халқимизнинг анъанавий бош кийимлари саналади ва қадрият сифатида эъзозланади.
Ш. Нуруллаева
Урганч давлат университети,
2013 йил 31 майда қабул қилинган
(Тақризчи: т.ф.д.У.Абдуллаев)