Турон давлатлари. Қанғ давлати (Қанхҳа, Кангюй)
Қадимда Сирдарёнинг ўрта ҳавзасида мавжуд бўлган давлат (милоддан аввалги III ва милоднинг V асри ўрталари). Айрим адабиётларда ушбу давлат аҳолиси ҳам шундай ном билан аталади.

Атоқли олим К. Шониёзовнинг фикрича, Қанғ давлати шарқда Фарғона (Даван, Дайюан), шимоли-шарқда Усун(Уйшун) давлатлари, шимоли-ғарбда Сирдарёнинг қуйи оқими билан чегараланган. Хитой манбаларига кўра, Қанғ давлати ҳудудига Тошкент воҳаси, Талас ва Чу дарёлари водийси кирган. Айрим даврларда ҳозирги Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Урганч шаҳри ва атрофлари ҳам қараган бўлиб, чегараси Амударёгача борган. Аҳолиси эса тахминан 120 минг оила ёки 600 минг кишидан иборат бўлган.

Баъзи манбаларда у Кенгарас давлати ҳам деб қайд этилган. Аммо олимлар бу сўз “Қанғар-ас”, яъни Қанғ давлати аҳли деган маънони билдиради, дейдилар. Ўзбек уруғлари ичидаги “кенагас”лар номи ўша қабила номи билан боғлиқ, деган тахминлар бор. Кўк тангрига эътиқод қилган бу давлат аҳолисини асосан қангли, кенгарас, қипчоқ, бажноқ уруғлари ташкил этган. Шунингдек, бу ҳудудда қарлуқ ва ўғуз қабилалари ҳам яшаган. Туркий ёзув амалда бўлган.

Кушон подшолиги ташкил топиши ва унинг ҳудуди кенгайиши муносабати билан Қанғ давлатининг жанубий чегаралари ўзгарган. Унинг қитттки пойтахт шаҳарлари Хитой солномаларида Битян ва Сушие деб кўрсатилган. К.Шониёзовнинг фикрича, Битян қадимги шарқ манбаларида учрайдиган Қанха шаҳри бўлиб, у Сирдарёнинг ўнг ирмоқларидан бири - Оҳангарон(ҳозирги Ангрен) дарёсининг қуйи оқимида жойлашган. Мўғуллар давридаги манбаларда бу дарё Илек деб аталган. Сушие эса ҳозирги Паркент туманидаги Сўқоқ (Сукеэке) ўрнида бўлган деган тахминлар бор. Давлатнинг ёзги қароргоҳлари Иссиқкўл соҳилида, ҳозирги Қорақўл (Пржевальск) ёнида бўлган.

Қанғ давлатининг қўшини 80-90 минг жангчидан иборат бўлган. Бу давлат аҳолисининг урф-одатлари ҳунларникига ўхшаш бўлган. Қанғ давлати ҳукмдори ва Ҳун ҳоқонлиги тангриқути ўртасида қудачилик муносабатлари ўрнатилган. Шу туфайли хитойлар ҳунлар устидан ғолиб чиқиб, уларни ўз жойидан сиқиб чиқарганида, ҳун ҳоқони ўз авлоди билан Қанғ давлатига кўчиб келган.

Қанғ давлатининг кўчманчи аҳолиси чорвачилик, шаҳарлар ва уларнинг атрофида яшаган ўтроқ аҳоли эса деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Милодий V асрнинг 2-ярмида Қанғ давлати парчаланиб, унинг ҳудудида Шош (Хитой манбаларида Ши), Самарқанд (Кан), Маймурғ (Ми), Шаҳрисабз (Ши), Каттақўрғон (Хе), Усрушона (Цао) каби кичик давлатлар ташкил топган. Бу ҳудуд аста-секин Эфталийлар давлати таркибига қўшиб олинган.

VIII ва IX аср бошларида қарлуқ, ўғузлар тазйиқи ва араб истилоси натижасида қанғли қабила иттифоқи батамом емирилиб, бир неча қисмга бўлиниб кетади. Бир қисми шимоли шарққа - Талас ва Чу дарёлари оралиғига келиб жойлашади. Иккинчи қисми Каспий денгизининг шимолидаги Ёйиқ (Урал) дарёси атрофидаги яйловлардан макон топади.Учинчи қисми эса Орол денгизининг жануби шарқий соҳилларида, Сирдарёнинг қуйи оқимларида қолиб, ўғузларга тобе бўладилар.

XII - XIII асрларда қанғлилар Хоразмнинг сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаганлар. Шу даврда Талас ва Чу водийларида яшовчи қанғлилардан 60 минг киши Хоразмга кўчиб келади. Мўғуллар босқини арафасида Хоразмда қанғлилардан тузилган қўшиннинг сони 90 минггга етган. Хоразмшоҳ Текеш қанғли бекларидан бирининг қизи - Туркон хотунга уйланади. Кейинчалик бу аёлнинг мамлакат сиёсий ҳаётига аралашуви, калтабинлиги мўғул босқинига қарши курашда кучларни бирлаштиришга тўсқинлик қилган.

Қанглиларнинг бир гуруҳи XII - XIII асрларда Сибирь ерларига бориб ўрнашади ҳамда бу ердаги Олтой, Енисей турклари ва ёқутларга аралашиб кетади. Иккинчи бир қисми Зарафшон водийсига кўчиб келади. Мўғуллар ҳужуми арафасида Самарқандда 30 минг қангли бўлган.

Кейинги асрларда қанғлилар ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари таркибига кирган. Хоразм, Қорақалпоғистон, Тошкент, Қашқадарё ва бошқа вилоятлардаги “қанғли” сўзи билан боғлиқ этнотопонимлар бу фикрни тасдиқлайди.

Қанғ давлати даврига оид ёдгорликлар Хоразм воҳасидаги Жонбосқалъа, Қўйқирилган қалъа, Кичик Қирққиз, Қўнарли қалъа, Оқ тепа ва бошқа қалъалар қазилмаларидан топилган.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР