Носириддин Бурҳониддин Рабғузий
Адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида бизгача жуда кам маьлумот етиб келган. У XIII асрнинг охири ХIV асрнинг бошларида Хоразмнинг Работи ўғуз деган жойида яшаб ижод қилган. Бу ҳозирга Боғот туманининг “Қизилработ” қишлоғига тўғри келади.

Ушбу қишлоқ туман марказидан 20 км шарқда Ҳазорасп туманига 7 км яқинликда жойлашган. Бизгача унинг “Қиссаси Рабғузий”дан бошқа асари маьлум эмас. Мазкур китобда у ўзи ҳақида мусулмонларга хос камтаринлик билан “...бу китобни тузган, тоат йўлида тизган, маснавият хиёбонин кезган, оз озуқлиқ, кўп ёзуқлик Работи ўғуз қозиси Бурҳон ўғли Носируддин ...” деб ёзади. Рубғузий тахаллуси ҳам у яшаган жой номи билан боғлиқ. Етук уламо ва диний оилада тарбияланган Носуриддиннинг ўз замонасида таниқли тарихчи, етук шоир ва истеъдодли таржимон сифатида тан олинганлигидан далолат берувчи бир талай ёрдамчи манбалар мавжуд.

Хўш, Рабғузий таъкидлаган Работи ўғиз ҳақиқатан ҳам бугунги Қизилравот қишлоғининг ўрта асрлардаги номи эдими? Бу саволга Рабғузий ҳақидаги маълумотларда унинг Хоразмнинг Работи ўғиз қишлоғидан бўлганлигини далилловчи манбалардан келиб чиққан ҳолда “ҳа” – деб жавоб бериш мумкин. Рабғузийнинг Қизилравот ёхуд қадимги Работи ўғиз қишлоғи бугунги Қизилравотнинг айнан ўзи эканини тасдиқловчи кўпгина омиллар мавжуд. Биринчиси шуки, ушбу ҳудудда ўғизлар, шоирлар лақабли қавмлар яшашади. “Ўғиз” сўзи хоразмча шева бўлиб, ҳўкиз деган маoнони англатади. Қадимий “ўғиз” сўзи ҳам айнан “ҳўкиз” деган маънони беришини инобатга оладиган бўлсак, “ўғизлар” лақабли қавм, аслида улар туркий халқларнинг асосини ташкил қилувчи ўғизларнинг авлодлари бўлиши табиий. Одамларнинг тотемизм даврида ҳўкизга сиғинганлиги боис ўғизлар (ҳўкизлар) деб аталганига шубҳа билдирмаса ҳам бўлади. Негаки, хоразмликлар ва эронликларда говмард, яъни ҳўкиз бошли одам ҳақидаги афсоналарнинг машҳур бўлиши, албатта, тотемизмнинг тасиридир. Қишлоқда Қирғиз тепа деган зиёратгоҳ мавжуд. Буни кўпчилик Қирққиз тепа дейишади. Аслида бу тепалик “Қир ўғиз тепа” деб номланиб, тил ассимиляцияси таъсирида “қирғиз тепа” деб талаффуз қилина бошланган. Айнан ана шу тепалик атрофидаги овулларда ўғизлар, шоирлар лақабли сулолалар истиқомат қилишади.

Мамлакатда Шўролар ҳокимияти ўрнатилгач, қишлоқ номи Қизилравот деб ўзгартирилган. Шунгача у Работ ўғиз деб номланиб келингани ҳақида ота-боболаримиз томонидан ҳикоя қилинади.

“Рабғузийнинг қиссалари” маъносини англатувчи “Қиссаи Рабғузий” асари олам ва одамларнинг яратилиши, инсоннинг йўлдан озиши ва комиллик сари машаққатли ва узоқ йўл босиб бораётганлиги хақида ғоят мантиқли ва қизиқарли ҳикоя қилади. Ушбу асар мусулмон динини қабул қилган эьтиборли мўғул бекларидан бири Носируддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра, ҳижрий 109 (милодий 1310) йилда ёзилган.

Асосан пайғамбарлар ҳаётини ҳикоя қилувчи бу асарнинг ўзига хос яратилиш тарихи бор. Мусулмон Шарқида бу мавзуда “Қисас ул-анбиё” (“Пайғамбарлар қиссаси”) номи билан машҳур кўплаб асарлар яратилган. Лекин, асарда ёзилишича, уларнинг “баьзиси мустақим (тўғри, ҳақиқий) бор, баьзиси номустақим. Бир ончаси (бир қанчаси) муқаррар (пухта, тугал) ва бир ончаси мубаттар (нотугал) бор. Шунинг учун ҳам бек Тўқбўға адибдан “ўқимоқға кераклик, ўрганмакка яроғлиқ” пайғамбарлар қиссаларидан иборат асар ёзиб беришини сўраган эди. Мазкур вазифани улкан салоҳият, катта маҳорат билан уддалаган адибнинг асари “Қиссаси Рабғузий” ёки “Қисас ул-анбиёи туркий” номи билан шуҳрат топди ва яратилгандан то бугунги кунгача севилиб ўқиб келинмоқда.

“Қиссаси Рабғузий” – туркий насрнинг энг қадимий намуналаридан биридир. Унда XIII аср охири – XIV аср бошларидаги туркий адабиётнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари жуда ёрқин намоён бўлган. Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар Рабғузийнинг олам ва одам ҳақидаги қарашларини бадиий жиҳатдан ифодалаш учун восита бўлган. Қиссалар асосини тарихий-илоҳий воқеалар ташкил этади. Улар ўз илдизлари билан Қурьон ва ҳадисларга, инсониятнинг яратилиши ва ривожланиш тарихига, халқ оғзаки ижодига бориб тақалади. Аммо буларнинг кўпчилиги, биринчи навбатда, Рабғузий бадиий тафаккури ёрдамида қайта идрок этилади, бадиий талқинини топади. Мавзу доирасига кўра асардаги қиссалар жуда ранг-баранг. Оламдаги бутун мавжудод эгаси Оллоҳни улуғлаш, пайғамбарлар ҳаётига доир лавҳаларни эслаш, ота-она ва фарзанд муносабатлари, севги ва садоқат, ватан ва ватанпарварлик, эрк ва адолат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, уруш ва тинчлик каби мавзулар шулар жумласидандир. Булар асардаги етмиш икки қиссада ўз ифодасини топган. Бу қиссаларни ҳажми турлича. Масалан, “Қиссаи Юсуф” салкам юз саҳифани ташкил қилса, “Лут” ҳақидаги қисса бир неча саҳифадангина иборат.

Қиссаларнинг кўпи қаҳрамон ҳақидаги муайян хабар билан бошланади, сўнг шеьрий мадҳ, кейин асосий воқеалар баёни келади. Баьзи қиссалар ичида яна мустақил ҳикоя, ривоят ва нақллар ҳам бор. Масалан, Юсуф қиссасида бир неча ҳикоя, латифа, байт, ғазал ва бошқа жанр намуналари учрайди. Аммо улар асарда олға сурилган асосий ғоявий-бадиий мақсад билан яхлитликни ташкил этади.

Ҳалоллик, ўз меҳнати билан ҳалол кун кўришга, бошқаларга зулм қилмасликка ундаш Рабғузийнинг ҳикояларининг асосий мақсадидир. Ўзбек насрида илк маротаба диалоглар Рабғузий томонидан кенг қўлланган. Ана шу диалоглар воситасида асосий ғоявий мақсад ёрқин ва таьсирчан ифодаланган. Тилга эьтибор бериш, ҳар бир айтиладиган сўз маьсулиятини таькидлаш, ҳикоядаги асосий ғоявий-бадиий ниятдир. Бу ерда донолик, ҳозиржавоблик ҳам улуғланган.

Ҳикояларда халқ оғзаки ижодининг таьсири ҳам ёрқин сезилади. Хусусан, латифа жанрига хос белгилар ҳикояга кўчиб ўтган. Суҳбатнинг диолог асосида олиб борилиши, соддалик, донишмандлик, топқирлик, ҳозиржавоблик фазилатларининг устуворлиги, ифодаларнинг қисқа, аниқ, лўндалиги, оғзаки ижоддан таьсирланиш натижасидир.

Рабғузий бу ижод маҳсули мазкур мавзу аньанасидаги ўзига хос босқич бўлди. Биринчидан, адиб ўзигача яратилган пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларни пухта ўрганди, уларнинг ютуқларини умумлаштирди, ривожлантирди. Иккинчидан, салафлари йўл қўйган камчиликларни тузатди, хато ва чалкашликларга барҳам берди. Учинчидан, олдинлари набийлар ҳақидаги қиссалар араб ва форс тилларида ёзилган бўлса, Рабғузийнинг туркий тилда битилган қиссалари туркий халқларнинг бебаҳо маьнавий мулкига айланди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР