Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ XV аср охири ХVI бошларида яшаб ижод этган шоирдир. У 1455 йилда Хоразмда Амир Нурсайидбек оиласида туғилган. Унинг отасини 1465 йилда Ҳусайн Бойқаронинг Хуросондаги ҳокими томонидан подшога садоқатсизликликда айбланиб ўлдиртирган.

Муҳаммад Солиҳ ўн ёшида отасидан ажралиб етим қолди ва ёшлигидан қийинчилик кўриб ўсди. У бир неча вақт темурий ҳукмдорларга, жумладан отасини ўлдиртирган, Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқорога хизмат қилишга мажбур бўлди. Бироқ, Муҳаммад Солиҳнинг ўз отасини ўлдирган қотилга адовати кучли эди, шу сабабли кейинчалик унинг хизматидан кетди ва Султон Аҳмад Мирзонинг ўғли Султон Али Мирзонинг хизматида бўлди. Кейинчалик ундан ҳам айниб 1499 йилда Моварауннаҳрда янги ташкил топган ўзбек давлати ҳукмдори Шайбонийхон (1451-1510) хизматида бўлди ва унга Бухоро, Дабусия қалъаларини олишда жуда катта ёрдам берди. Хон миннатдорчилик юзасидан унга Хоразмда кўпгина мулклар инъом қилган. Муҳаммад Солиҳ хон билан барча юришларда қатнашиб кўрганларини ва эшитганларини бир ерга жамлаб ўзининг “Шойбонийнома” асарини ёзган ва хонга тақдим қилган.

Муҳаммад Солиҳ қисқа умр кўриб, 1506 йилда Бухоро шаҳрида вафот қилган. У форс ва ўзбек тилларида шеърлар ёзган. Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Шайбонийнома” асари билан ўша даврдаги ҳаётни реал ифодалаб берган. Бу асарда у реал шахсларнинг образини, тарихий жойларни, жанглар ва шаҳарларни тасвирлаган. У асар тарихий мавзуга бағишланган ва маснавий шаклида ёзилган дастлабки асарлардандир. Бу эса адабиётимиз тарихида тамоман янгилик эди. Шоир Шайбонихоннинг Самарқанд, Бухоро, Қарши, Хоразм вилоятларни босиб олишдаги вазиятини унинг оч қолган аҳолини ниҳоятда қийнашини акс эттира туриб хон ва султонларни қилган жонбозликларини яширмай ёзган. Бир томонлари ушбу асар реалистик жангнома поема ҳисобланади. Унинг ўғли Мирзо Улуғбек ҳам шоир бўлган ва бир қанча шеърлар битган, падарини китобини кўпайтиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган.

Биз шу бугунги кунгача бу давр тарихини ўрганганда Бобур Мирзонинг асарига мурожат қилардик, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асарида қарама қарши томонларда ҳаракатланаётган қўшин бошлиқлари, давлат арбоблари, қабилалар тўғрисида ва шу даврдаги ҳаракатдаги давлатлар (Фарғонадаги Бобур Мирзо, Шайбонийхон, Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий)нинг ички ташқи сиёсатлари тўғрисида кўпгина маълумотларга эга бўламиз.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР