Комил Хоразмий ва унинг авлодлари
XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ижод қилган жуда кўпгина хивалик шоирлар, олимлар ва бошқа илм аҳлининг кўпчилик қисми Хивадаги мадрасаларда ўқиб, жамият учун керакли инсонлар бўлиб етишганлар.

Қуйида биз шоир ва бастакор Комил Хоразмий ва унинг авлодларини ҳаёти ва ижоди билан танишамиз.

Комилнинг кўнгли беғубор туйғуларга тўлиб тошди, худди куй, наво, қўшиқнинг ўзидек сехрли куч уни оҳанграбодек оғушига тортди. Бир эзгу истак, ишонч, мақсад, ғурур билан олдин улуғ пир Паҳловон Маҳмуд мақбарасига қадам ранжида қилди. Забардаст сиймо хоки пойини тавоб этди, руҳи покига Қуръон тиловат қилди. Улуғ пир даргоҳидан қушдек енгил, руҳан тетик бўлиб чиқар экан, гўё унга бошлаётган буюк ишига Пурёйвалийнинг ўзи оқ фотиҳа бериб қолгандай туюлди. Келажакда ўзининг абадий оромгоҳига айланадиган ҳужрасига қайтиб қўш табақали деразани очиб юборди, хонага баҳорнинг майин, тоза ҳавоси уфурди, Комилнинг кўнгли ҳам баҳордай яшнаб, тозаланиб кетгандай эди шу тобда. Давот, қоғоз-қалам олиб ишга киришмоқчи эди. Лекин шу лаҳзаларда кўнглига яхши бир ўй келди, ўзидан олдин ўтган устозларини ёдга олди. Аслида унда мусиқа санътига бўлган мехрни Сайид Муҳаммадхон уйғотган. Хива мадрасаларидан бирида мударрис бўлиб ишлайдиган отаси Абдулла Охунд уни комил инсон бўлиб етишмоғини орзу қилиб яхши тарбия берди, саводини эрта чиқариш ҳаракатида бўлди. Мадраса қошидаги мактабга ўқишга берди, сўнг мадрасасига олиб борди, у ерда ҳам ихлос билан сабоқ ола бошлади. Уйда отаси ёнида ўқиганларини, ўрганганларини такрорлаб айтиб берар, ўғлини хотираси, илм олишга иштиёқи баландлигидан қувонган отани ўзи ҳам унга араб, форс тилларини ўргатиб борарди, адабиётга бўлган ҳавас ҳам отасининг қимматли ўгит, маслаҳатлари билан оша борди. Мумтоз шоирларни, айниқса ғазал мулкининг султони Алишер Навоийни ўзига устоз билиб қунт билан ўргана бошлади. Ҳатто буюк шоирга меҳри тобора ошиб унга тақлид қилиб шеъру ғазаллар машқ қила бошлади. Отаси ўз жигарбандининг шеърият аталмиш нафосат гулшанида шайдо бўлиб, ана шу жаннатий боғдан ўзига хос гулдасталар саралаётганидан мамнун бўларди. Мадрасада ўғлининг ҳаттотлик санъатини, мусиқани ихлос билан ўрганаётганидан қувонарди. Мадрасани битгазганидан кейин ноёб истеъдод учқунларини кўрган Хива ҳукмдори Сайид Муҳаммадхон уни саройга ишга чорлади. Комил ҳаттот бўлиб хизмат қила бошлади. Афсуски, бундай эҳтиромга сазовор бўлганлигини падари бузруквори кўра олмади. Узоқ давом этиб келаётган касаллик туфайли мадрасани битказиши арафасида дунёдан кўз юмди.

Мана ота вафотидан 26 йил ўтиб, Муҳаммад Раҳимхон даврида, 56 ёшда (1881) мақомларни нотага тушириш шарафига муяссар бўлиб турибди”.

Комил Хоразмий юқорида айтиб ўтилганидек, Сайид Муҳаммадхон замонасида саройда оддий ҳаттот бўлиб, кейин мирзабошилик мансабига кўтарилган, сўнгра эса бош девонбеги сифатида катта ижтимоий-сиёсий, маданий ишларни амалга оширган. Хоннинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида, аждодлар томонидан яратилган 12 мақомнинг 24 та шўъбалари жамланиб, олти мақомга жойланган, у ҳам қоғозга муҳрланмаган эди. 1880 йилда мирзабошилик мансабига туширилган Комил 1881, 1883 йилларда Тошкент, Москва, Санкт Петербург шаҳарларида бўлиб, рус халқи маданияти ва ҳаётини, жумладан нота йўлларини мукаммал ўрганди ва Хивада “Танбур чизиғи” номли нотани яратишга замин яратди.

Комил ва унинг шогирдлари томонидан халқнинг бебаҳо мулки-мақомларнинг ноталаштирилиши Феруз замонасининг энг гуллаган, мусиқа маданияти энг юқори чўққига кўтарилган вақтда яратилган бўлиб, ушбу яратилган “Танбур чизиғи” жаҳон мусиқа хазинасига қўшилган бебаҳо бойликдир.

“Танбур чизиғи” ни яратишда фаол қатнашган ва уни охирига етказган яна бир буюк шахс Комил Хоразмийнинг катта ўғли Муҳаммад Расул Мирзодир. Мирзо ёшлигидан созга, адабиётга катта ихлос кўрсатиб, ота касбига меҳр қўйди, ўз меҳмонхоналаридаги фозилу фузолалар суҳбатидан баҳраманд, ижро этилган мақомлардан “қулоқ қонди” бўлиб ўсди ва машаққатли машқлар эвазига замонасининг пешқадам машшоқи, мусиқашунос олими, забардаст шоири бўлиб етишди.

Юнус Юсупов – Айёмий Мирзо хусусида шундай ёзади: “Муҳаммад Расул Мирзо отаси Комил ихтиро этган шашмақом чизиқлари - нотани қоғозга кўчириб чиқди ва уни китоб ҳолига келтирди. Бир вақт мавжуд олти мақом (шашмақом)га Хоразм бастакорлари ярим мақом янги куйлар басталаб, уни олти ярим мақом деб юритганлар. Мирзо ярим мақом ҳисобланган “Панжгоҳ” мақомига яна бир қанча куйларни қўшиб, уни бир мақом ҳолига келтирди. Шундай қилиб, Муҳаммад Расул Мирзонинг ижодкорлиги ва жиддий ташаббуси билан мақомлар 7 тага етказилди.

Мирзо бастакор сифатида “Рост” мақомига “Сабъ”ва “Уфори” номларида икки куй басталагандир. Қарияларнинг айтишларига қараганда, Мирзо танбур ва ғижжакда фавқулодда зўр маҳоратга ва истеъдодга эга бўлган. Шунингдек, усул-чилдирма чалишда ҳам катта маҳорат қозонган. Мирзо мусиқа бўйича Ферузнинг муаллими бўлган”.

Мирзо инсон сифатида тўғрисўз, камтар, мулойим, дилкаш одам бўлган. Унинг замондоши Ходим бу тўғрида шундай ёзади: -“Муҳаммад Расул Мирзабоши ўрта бўйли, чечак башара одам бўлса ҳам чиройли, хушсурат одам эди. Ўзи ўтакетган сахий одам бўлиб, сўзлашиб ўтирсангиз, ёнидан сира кетмасам деб, орзу қилар эдингиз”.

Муҳаммад Раҳимхон Мирзони жуда ҳурмат қилган, ўзига яқин олиб, турли сафарларда бирга бўлишган. Шеърият ва мусиқа оқшомлари усиз ўтмаган. Бу тўғрида Баёний шундай маълумот беради: - “Ондоғким. Юсуф Ҳожи охунд ва Исмоилхўжа охунд ва Худойберган охунд ва олиму улум маъқул ва манкулда Мулла Муҳаммад Расул ва фақири ҳақир мажлиси ҳумоюнларига ҳафтада икки мартаба ҳозир бўлиб китобхонлик қилур эрдук. Гоҳо домла Муҳаммад Расул била икковимиз кириб, суҳбати ҳумоюнларида китобхонлик бўлур эрди ва сипоҳийлар ва тўраларни ҳам китобхонлик этарга тарғиб этдилар. Бас, ҳамма китобхон бўлдилар”.

Мана шундай ижобий ҳамкорлик доно ва зукко мамлакат ҳукмдорининг эътибори туфайли Хивада ўз даврининг етакчи шоир ва тарихчилари, таржимон ва ҳаттотлари етишиб чикдилар. Мирзо ана шу ижодкорларнинг пешқадам вакилларидан бири бўлиб, шоир сифатида “Девони Мирзо” номли девон яратди. “Раъно ва Зебо”достонини ўзбек тилига маҳорат билан таржима этди. У анча хушхат бўлиб, ҳаттотлик илмини юқори поғонага кўтарди, ўнлаб шогирдларидан етук ҳаттотлар тарбиялаб етиштирди.

Исфандиёрхон даври (1910-1918) да Мирзо саройдаги ишлардан четлаштирилган, унинг ўрнига ўғли Абдулла мирзабоши бўлган. 1916 йил 10 январдаги туркманларнинг ҳужуми туфайли Мирзонинг уйи таланган ва ўғли Абдулла отиб ўлдирилган. Унинг ўрнига амакиси Абдурасул “Пиркомил” Гурлан тумани ҳокимлигидан озод қилиниб мирзабошилик лавозимига кўтарилган (Шоир Пиркомил баёни: шоир Абдурасул қорасоқол, ўрта бўйли, хушсурат киши бўлган, у беш илмга эга бўлган: - эски мактабни битказган, мадраса таълимини олган, нота мақомларини билғон. У девон тартиб берғон. Шоир 65 ёшида вафот этди, жасади Тоза Урганчда вафот этгани учун, шу ердаги Охунбобо қабристонига қўйилган).

Хоразмнинг улуғ фарзандлари қаторида, Хива “Мажмуатуш-шуаро”сини тузган Аҳмаджон Табибийнинг таъбири билан айтганда “Шеър элининг алломаси”, “Сабоқи назмда пир”, “Шоир аҳлининг устоди” Муҳаммад Расул Мирзо 1922 йилда 83 ёшида вафот этади ва “ўз хусусий мадрасасига дафн қилинади”. Лекин Бобожон Тарроҳ Азизов – Ходим “Хоразм навозандалари” номли асарида шоир 70 ёшида вафот қилган, жасади Муҳаммад Раҳимхон II нинг қабри яқинидаги Чодирли Эшон қабристонига қўйилган деб ёзади. Шоир томонидан қурилган мадрасадаги гўрхонани назардан қочирмасак Табибийнинг ёзганлари тўғри бўлиб чиқади. Муҳаммад Расул мирзабоши ўзининг мадрасасини Ичон қалъанинг ўртасида жойлашган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасининг жанубий-ғарбий томонидаги қорихоналарни қаршисида, оддий услубда ҳеч қандай безаксиз пештоқини шимолга қаратиб қурдирган. Шунинг учун ҳам адабиётларда бу мадраса мусулмонларнинг муқаддас қадамжоси бўлган Паҳлавон Маҳмуд мақбараси мажмуаси сафига киритилган.

Деворлари 27х27х4,5 см ўлчамдаги пишган ғиштлардан терилиб, оралари ҳажжа билан сувалган ва асосига ер ости намгарчилигидан сақланиши учун қамишдан чипта тўқилиб 6 қават қилиб гидроизоляция қатлам қилинган.

Мадраса оддий қилиб трапециясимон шаклда қурилган. Унинг кириш даҳлизи биттагина хонадан иборат бўлиб, ички ҳовлига тўғри тўртбурчак очиқлик (йўлак) орқали чиқилади. Киришдаги даҳлизнинг чап томонидаги хонада гўрхона жойлашган, Мадраса ҳужраларининг ўлчамлари ҳар хил бўлиб, жами 3 та. Ўрта ҳовлининг жанубий-шарқий бурчагида тўртбурчак шаклда қурилган масжид жойлашган, ҳозирги вақтда янги айвон олинган. Умумий ўлчамлари: олд қисми 10 метр, ён томонлари 12,5 метр, орқа томони 15 метр.

Шоир ва бастакор Комил Хоразмий ва ўғли Муҳаммад Расул мирзабоши ўзбек адабиёти, санъати, маданияти ривожига катта ва бетакрор ҳисса қўшган шоир сифатида ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос салмоқли ўрин эгаллаб, хушхат ҳаттот, моҳир мусиқачи, билимдон бастакор ва давлат арбоблари сифатидаги хизматлари билан ҳам тарихда ўчмас из қолдирганлар.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР