Маҳаллий шароитда пахтачиликнинг ривожланиши
Пахта экиш ва ундан ҳосил ҳамда ибтидоий усуллар билан бўлсада чигитдан қора ёғ ажратиб олиш кўҳна Хоразм воҳасининг Жайҳун дарёси соҳили атрофларида бундан 2500-3000 йиллар муқаддам бошланган.

Пахта уруғи-чигит савдо карвонлари орқали Миср, Ҳиндистон, ипак қурти Хитой мамлакатларидан келтирилган. Шарқшунос олимлар С.П.Толстов, Я.Ғуломовларнинг келтирган маълумотларига қараганда эрамиздан аввалги минг йилликларда ва X-XII асрларда Хоразм воҳасида икки ярим миллион гектар майдонда суғорма деҳқончилик қилинган. Олимларнинг фикрига кўра, воҳада буғдой, жўхори, полиз ва боғдорчиликдан сўнг энг кўп экиладиган экин бу пахта бўлган.

Афсуски, Хоразмда пахта етиштиришнинг мукаммал тарихи ҳозиргача тўла ўрганилмаган. Академик Муҳаммаджон Йўлдошевнинг XIX асрга доир тадқиқотларида, рус тадқиқотчилари Шкапский, Гришфельд, Галкин, Лобачевский, Кондрашев, Краснослободский ва бошқа қатор муаллифларнинг асарларида пахтачиликка доир айрим масалалар ўрин олган бўлсада соҳанинг воҳа меҳнаткашлари ҳаётидаги ўрни, иқтисодиётга таъсири етарли очиб берилмаган.

Шунга қарамасдан тарих фанлари доктори, профессор хивалик Отабой Содиқов ўзининг “Хива ва Россия иқтисодий алоқаларига доир” номли монографиясида ушбу масалага анча ойдинлик киритди. Москва, Тошкент, Оренбург архив ҳужжатларида XVIII аср охири XIX аср бошларида чор Россияси билан иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва товарпул муносабатларининг ўсиб бориши хонлик иқтисодиётига, хусусан унинг қишлоқ хўжалигига таъсир эта бошлади, деб ёзилган.

Бу даврда маҳаллий ғўза нави уруғлиги хонликнинг Янги Урганч, Гурлан, Хива, Хонқа туманларида экилиб ҳар таноб ердан 15-20 пуддан ҳосил олинарди. Пахта толасидан ажратилган чигитдан мой ва кунжара тайёрланилар эди. Маҳсулотнинг анча қисми Россияга чиқарилар эди. Аммо бу даврларда қанча майдонга чигит экилганлиги ҳақида маълумотлар сақланмаган.

Пахта хом ашёси Россияга чиқариладиган анъанавий товарга айлана бошлади. Масалан, 1840-1850 йилларда Хивадан Россияга ҳаммаси бўлиб 1396189 сўмлик маҳсулот чиқарилиб, шунинг 1101436 сўмлиги, яъни қарийб 85 фоизи пахта ва ундан ишланган маҳсулотлар эди. (О.Содиқов, “Хива ва Россия иқтисодий алоқаларига доир”, 92-бет).

Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида ип-йигирув ва тўқимачилик фабрикаларининг кўпайиши натижасида пахтага бўлган талаб кўпайиб, унинг нархи тобора оша бошлади. Ана шу даврда “АҚШда пахта танқислигига олиб келган 1861-1862 йиллардаги гражданлар уруши сабабли Америкадан Россияга пахта келтирилиши кескин камайди. Бу эса Россияда ҳам пахта нархининг 5-6 баравар кўтарилишига олиб келди”.

М.Н.Галкин берган маълумотларга қараганда Хивадан Россияга бу даврда ҳар йили ўртача 30 минг пудга яқин пахта ва пахтадан ишланган маҳсулотлар чиқарилган.

Россияда ип-газлама ишлаб чиқариш саноатининг ривожланиши билан пахта хом ашёсига бўлган талабнинг ўсиши чор ҳукуматини Ўрта Осиё ва Кавказ ортидан пахта хом ашёси манбаларини қидиришга мажбур этди.

Рус ҳукумати Ўрта Осиё хонликларини бир зарб билан босиб олишга уринар, бироқ Англиядан ҳайиқарди. Шунинг учун ҳам у аввал Каспий денгизга кўплаб ҳарбий ва юк кемаларини келтириб Оренбург, Гурьев, Красноводск, Оқтепа шаҳар ва истеҳкомларини қуриб аста-секин қозоқ чўллари орқали ўтиб Орол денгизини (1848) ўрганиш баҳонаси билан хонликлар чегарасига яқинлашиб олди.

XIX асрнинг учинчи чорагида Қўқон ва Бухоро хонликларини ўзига қарам қилиб олган рус генераллари олдида Хивани забт этиш вазифаси кўндаланг бўлиб турарди. 1873 йил 29 майда Хива ҳам эгалланди. Россия қарамоғига ўтган Амударёнинг ўнг соҳилидаги ерларда 1874 йилда Сирдарё вилоятининг Амударё бўлими ташкил қилинди ва унинг раҳбарига Хива хонининг ҳаракатларини назорат қилиб туриш вазифаси юклатилди. Унинг ҳуқуқлари шахсан генерал Кауфман 1873 йил 12 августда имзолаган шартномада тўла акс этганди.

Туркистон ерлари Россия томонидан босиб олинганига қадар бу ерларда пахта майдони 50 минг десятина бўлиб, ғўзанинг “Тошкент”, “Қўқон”, “Бухоро” ва маҳаллий навлари уруғликлари экиларди. Улар орасида “Хива” нави бошқаларига қараганда анча сифатли ҳисобланган. Мустамлакачилар биринчи навбатда пахтанинг сифатини ўзгартиришга, иккинчидан олинадиган ҳосил миқдорини ва пахта майдонларини кўпайтиришга киришдилар.

1863 йилда Ўрта Осиёга дарвеш қиёфасида келиб кетган можар (венгер) олими Герман Вамбери “Хоразм ва Фарғона далаларида етиштириладиган пахта нави Мисрникидан кам эмас” деб баҳолади. Буни амалда синаб кўрган рус тўқимачилари Нижний Новгородда ўтказиладиган халқаро ярмаркаларда Хивадан келган савдогарларга илтифот қилиб турганлар. Россия ҳукумати Амударё бўлими ва Хива хонлигида Мексиканинг тезпишар “Upland” (Упланд - мўъжизакор) навли пахтасини экишни таклиф этдилар. Ушбу таклиф Тўрткўл, Шаббоз, Сарибий туман-уезд далаларида синовдан ўтказилиб ижобий самара берганидан сўнг Хива хонлиги далаларида экила бошлади. Маҳаллий халқ уни “Амрикон ғавачаси” (Америка ғўзаси) деб атади.

“Ярим оқ пошшо” (Туркистон генерал-губернатори) ўлкадаги табиий-географик вазият ва ишчи кучи бисёрлигини кўзлаб Россия ҳукуматига йўллаган мактубида Хива Россияга пахта етказиб беришда Ўрта Осиёда биринчи ва асосий ўринни эгаллаши мумкинлиги, бунинг учун хонлик аҳолисига иқтисодий қулайликлар яратиб бериш лозимлиги кўрсатилган эди. Мактуб билан танишган ҳукумат хонликдан қанча таноб ерда пахта етиштириш ва ҳар йили Россияга қанча пуд пахта юборилиши мумкинлигини аниқлашни талаб қилди. Бунга қуйидаги мазмунда жавоб олинди: “Хива хонлиги табиий шароити жиҳатидан пахта етиштириш учун яроқли бўлган катта ер майдонига эга. Агар шу ер майдонининг ҳаммасига пахта экилганда эди, Россия ҳар йили 3 миллион пуддан ортиқ пахта толаси олган бўлур эди. Бунга эришмоқ учун даставвал хонликни тўла бўйсундириш ва темир йўл ўтказиш, хонлик аҳолисини унча қиммат бўлмаган буғдой билан таъминлаш зарур”, деб ёзилди.

Хива хонлигида 1864 йилда етиштирилган пахтани тозалаш учун 4 минг деҳқон хўжалиги банд бўлган бўлса, 1880 йилда 15 минг деҳқон хўжалиги банд бўлган.

Россия – Хива савдо муносабатлари билан шуғулланувчи оренбурглик савдогар Мазов 1885 йилда Туркистон генерал-губернаторига мурожаат қилиб, Хива хонлигидан 1500 десятина ерни пахта экиш учун ажратиб беришни илтимос этади.

Рус капиталистлари XIX асрнинг 80- йилларидан бошлаб хонликка Америка пахтачилиги маданиятини киритишга уринадилар, деҳқонларга Америка пахтаси уруғини бепул тарқатадилар ва уларга етарли имтиёзлар бера бошлайдилар. Ўша даврда Амударё бўлимида Америка нави беш таноб ерга тажриба учун экилди.

1885 йили Дюков фирмаси Америка пахтасининг 10 пуд чигитини олиб келиб эктирди, ундан 150 пуд тола олинди. Аммо Хоразм деҳқонлари дастлабки даврда бу уруғдан дуруст ҳосил ололмадилар. Чунки, уни парваришлаш агротехникаси билан т-ниш эмасдилар. Кейинчалик тажриба тўплангач, ҳосилдорликни ошира бордилар. Минтақадан четга чиқадиган ялпи маҳсулот ҳам кўпайди. Масалан, XIX асрнинг 70- йилларида ҳар йили 150-170 минг пуд пахта чиқарилган бўлса. 1881 йилга келиб бу кўрсаткич 200 минг пуд, 1884 йилда 300 минг пудни ташкил этди. (А.С.Содиқов, ўша монография 110 - бет).

XIX асрнинг 90-йилларида Хива хонлигида 15 минг десятина ерга чигит экилиб, Россияга йилига ўртача 450 минг пуд, Амударё бўлимидан эса 160 минг пуд тозаланган пахта толаси юборилган.

“Хива-Россия тинчлик битими” хонлик мустақил сиёсатини давом эттираётгандек қилиб кўрсатиб, аслида Туркистон губерниясидан ҳеч фарқи қолмаган мустамлакага айлантирилган эди. Хива хонлиги ва Россиянинг бу муносабатлари XIX асрнинг 80- йиллари охирига келиб колониал кўринишга айланди.

Бундан манфаатдор бўлган Россия капиталистлари мамлакатнинг ғарбий ва шимолий ҳудудларида капиталистик муносабатлар ривожланаётган бир шароитда аста-секин хонлик ичига кириб бордилар. Ўша пайтларда хонликнинг аҳолиси 800 минг киши, катта-кичик туман ва шаҳарлар сони 25 тага етарди.

Хива шаҳрининг аҳолиси 25 минг, Янги Урганчники 5 минг киши бўлиб, уларнинг 90 фоизи деҳқончилик билан кун кўрарди. Далаларда асосан буғдой, пахта, мева, сабзавот ва полиз экинлари экиларди. Шуниси эътиборга лойиқки, мустамлака давридан олдин Хива хонлиги буғдой билан ўзини тўла таъминлаб, ортганини қўшни қозоқ ва туркман савдогарларига сотар эди. XIX аср охирлари ва XX аср бошларида пахтачилик ривожланиши билан кўпчилик хўжаликларда ғалла етиштириш иккинчи даражали иш бўлиб қолганди.

Хива хонлигида ер олди - сотди савдосига доир тарихий ҳужжат (XIX аср).

Хива хони Муҳаммад Раҳим II (Феруз) ўз маҳрамлари ва россиялик “меҳмонлар” билан.

Урганч пахта-ёғ заводи биносининг 1910 йилги кўриниши.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”