Урганч пахта тозалаш заводининг ажралиб чиқиши
XIX асрнинг охири ХХ аср бошларида Хоразм воҳасининг шаҳар ва қишлоқларида ишга туширилган камқувват пахта тозалаш корхоналари ўтган асрнинг 30 – йилларига келиб замонавий ишлаб чиқариш корпуслари, янги жиҳозлар билан қуроллантирилиб халқ хўжалигининг етакчи тармоғига айлантирилди.

Бу даврда тармоқни тайёр хом ашё пахта ҳосили билан таъминлаб турувчи якка хўжаликлар колхозларга бирлаштирилиб республика ва вилоятдаги пахта тозалаш заводи тўла қувват билан ишлашга ўтди. Марказий ҳукумат пахтакор деҳқонларни оз бўлсада минерал ўғит, техника билан таъминлаб, мукофот тариқасида керосин, чақмоқ қанд, совун, ёғ, этик-ковуш, тўқимачилик маҳсулотлари, патефон, велосипед бериладиган бўлди. Натижада 1933 йилда шўролар ҳукумати пахта мустақиллигига эришди. Пахтакор республикалар Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистоннинг жануби ва Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан ташқари Озарбайжон республикаси, Чернигов, Ставрополь ўлкаси далаларида ҳам чигит экилиб, гектар бошига 10-12 центнердан ҳосил йиғиб олинди. Ўзбекистон мамлакатда етиштириладиган пахта ҳосилининг 50 фоизини берарди.

Агар 1913 йилда Ўзбекистонда 429 минг гектар ерга чигит экиб, 522 минг тонна пахта ҳосили олинган бўлса, 1933 йилда гектар бошига 12,2 центнердан ҳосил олиниб 1 миллион тонна, 1973 йилда 5 миллион 350 минг тонна пахта ҳосили йиғиштириб олинди. Шу жумладан, Хоразм вилоятида 1933 йилда 100 минг, 1973 йилда эса 340 минг тонна пахта йиғиб териб олинди.

Бу ўз навбатида республикада пахта тозалаш саноатини жадал суръатлар билан ривожлантиришни тақозо қиларди. Марказий ҳукумат Ўзбекистон пахта тозалаш ва ёғ ишлаб чиқариш заводларини қайта қуриш, ихтисослаштириш бўйича махсус қарор қабул қилди. Қарорга биноан округда аралаш (комбинированный) ҳолда ишлаётган 4 та пахта ёғ заводларига ихтисослаштириш мақоми (статус) берилди. Шу туфайли Урганч шаҳрининг Шовот канали бўйидаги (ҳозирги “Авесто” боғ-мажмуаси ўрнида) 26 гектарлик ер майдонида замонавий пахта тозалаш заводи қурилиб 1930 йилда ишга туширилди.

Янги иш бошлаган пахта заводига “Красний Октябр” корхонасидаги жиҳозлар кўчириб ўрнатилди. Икки завод оралиғида 1,8 км. узунликдаги темир йўл шохобчаси қурилиб унинг вагонлари от, эшак, ҳўкиз кучи билан тортиларди.

1934 йилга келиб темир йўлнинг узунлиги 13 км.га етказилди ва Амударёнинг Чолиш пристанигача олиб борилди. Тайёр хом ашё кемаларга юкланиб аввалгидек Чоржўй ёки Орол орқали Россия тўқимачилик корхоналарига жўнатилиб турилди.

Урганч пахта тозалаш заводига дастлабки йилларда Дмитрий Иванович Поздняков, Ғани Каримовлар раҳбарлик қилдилар. Завод Урганч, Шовот, Қўшкўпир туманларидан пахта хом ашёсини қабул қилиб қайта ишларди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида пахта етиштириш кескин камайганлиги туфайли заводда меҳнат унумдорлиги икки баробарига қисқарди. Корхонанинг юраги ҳисобланган икки батареяли дастгоҳдан бири бутунлай тўхтаб қолди. Урушдан кейинги ўтган беш йилликда корхона яна қаддини ростлаб замон талабларига мос ишлай бошлади. Вилоятнинг Шовот, Моноқ, Бўйрачи, Гурланнинг Янгибозор, Қўшкўпирнинг Хосиён қишлоқларида Урганч пахта тозалаш заводининг тайёрлов пунктлари ишга туширилди. Булар Ўзбекистондаги 102 пахта тозалаш заводлари, 455 пахта пунктлари қаторида энг замонавий дастгоҳлар, транспортировка воситалари билан жиҳозлантирилди.

Корхонани замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлаш, модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш корпусларига кўчириш лозим эди. 1980 йилда завод янги бинога кўчирилди ва унга 1975 йилдан буён Шовот пахта заводига раҳбарлик қилиб келаётган Жуманиёз Солаев директор этиб тайинланди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан корхона атрофлари ободонлаштирилди, дам олиш хонаси, чойхона ишга туширилди. Янги техника ва илғор технология жорий этилиб ишчи-хизматчилар сони 800 кишига етказилди. Корхона корпуслари “Урганч ёғ-мой” комбинати билан ёнма-ён жойлаштирилгани айни муддао бўлди. Улар худди бир ота-онанинг иноқ фарзандлари каби фаолиятини давом эттирдилар. 1990 йилда Хоразмнинг илк саноат корхонасига асос солинганлигининг 100 йиллиги нишонланди.

1990-2005 йилларда пахта заводи янада кенгайтирилди, янги автоматик дастгоҳлар “РБ-бунт” русумли ускуналар ўрнатилди. Ишчи-хизматчиларнинг хордиқ чиқариш ва даволанишлари учун санаторий-профилакторий ишга туширилди, фавворалар ўрнатилиб болалар боғчалари фойдаланишга топширилди. Натижада меҳнат унумдорлиги 2-3 марта ошиб корхона ўндан ортиқ хорижий мамлакатнинг тўқимачилик фабрикаларига ўз маҳсулотларини экспорт қиладиган бўлди.

Корхонада Карим Қаландаров, Ўғилжон Қурбонова, Худойберган Саидов, Талғат Собиржонов, Абдулла Ёқубов, Золой Гаркеев, Дмитрий Лигай, Шарифбой Хўжаев сингари ишчи-хизматчи ва раҳбар ходимлар фаолият кўрсатдилар.

Табиийки, ҳар қандай ускуна ишлаб чиқариш техникаси янги дастгоҳ (станок ва поток линиялари) билан жиҳозланиб борсагина замон талабларига мос ишлай олади.

Республика ҳукуматининг махсус қарори билан “Ўзпахтасаноат” бирлашмасининг таклифига кўра Урганч пахта тозалаш заводи Хонқа шаҳарчасидаги завод билан бирлаштирилиб – йириклаштирилди. Унинг ўрнига “Урганч шароби” ҳиссадорлик жамияти кўчирилди. Собиқ заводга қарашли пахта тайёрлаш пункти аввалгидек ён-атрофдаги фермер хўжаликлар етиштирган пахта хом ашёсини қабул қилиб келмоқда.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР