Хивага темир йўл боради
Мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик самарали ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларига асос бўлмоқда. Шaҳpy қишлоқларда халқимиз манфаати, элдошларимизнинг бахт-у иқболи билан боғлик кўплаб эзгу ишларни амалга оширишга киришилаётганлиги дилларга қувонч бағишлайди.

Президентимизнинг эл-юрт фаровонлиги йўлида қабул қилган қарорлари, фармойишлари ҳаётимизни тобора гўзал, турмуш тарзимизни янада яхшилана боришида мухим дастуриламал бўлмоқда. Янги йилнинг дастлабки ойлариданоқ жадал суръатлар билан давом этаётган ўсиш-ўзгаришлар, ривожланиш ва тараққиёт сари ташланган дадил қадамлар, эзгу ниятлар рўёби йўлидаги интилишлар, изланишларнинг илк самаралари ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир. Мамлакатимиз Прези­дент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкор­лик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хоразм воҳасида қатор истиқболли лойиҳалар амал­га оширилишини алоҳида таъқидладилар.

Президентимиз Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларидан унумли фойдаланиш, бунинг учун янги йўналишлар ташкил этиш борасида тавсиялар, кўрсатмалар бериб, Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Afrosiyob" тез юрар поезди қатновини йўлга қўйилишини алоҳида қайд қилган эдилар.

Жорий йилнинг 10 февраль куни ушбу улкан бунёдкорлик жараёни билан боғлиқ мутасадди ташкилотлар рақбарлари, фаоллар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Урганч туманидаги "Тандирчи" маҳалласи ҳудудида мазкур темир йўл қурилишига тамал тоши қўйилди.

Вилоят ҳокими П.Бобожонов бу улкан бунёдкорлик иши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллик байрами кунигача тугалланиши ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидлади.

Шу куни Хивада қад ростлайдиган темир йўл вокзали пойдеворига ҳам илк ғишт қўйилди.

Қадимий Хивага те­мир йўл олиб келиш халқимизнинг асрий орзуси эди. Мана, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу орзу-ниятлар ушалмоқда. Барча қатори биз кексалар ҳам бу эзгу иш рўёбга чиқаётганидан жуда мамнун бўлдик, - дейди хивалик меҳнат фахрийси Отабой Оллоберганов.

Ҳа, темир йўлнинг Хива шаҳрига келиши воҳамизнинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаши, айниқса сайёҳликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлиши шак-шубҳасиздир.

Хива тумани ҳокими Э.Ёқубов узунлиги қарийб 30 километрни ташкил қиладиган темир йўлни келтириш муносабати билан шаҳар ва шаҳар атрофида туризм жозибадорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли дам олиши билан боғлик кўплаб сайилгоҳлар, хиёбонлар, боғлар, гулзорлар яратилиши, янги турар-жойлар, муҳташам иморатлар қад ростлашини мамнуният билан билдирди.

Шу куни Урганч шаҳридаги Охунбобо масжиди қурилиши муносабати билан ушбу яратилажак маҳобатли масжид пойдеворига илк ғишт қўйиш тадбири ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу мажмуа қадим миллий меъморчилик анъаналари ҳамда замонавий услублар уйғунлигида, қисқа муддатларда барпо этилиши режалаштирилаётганлиги барчага бирдай қувонч, шодлик бағишлади.

- Юртимиз фаровонлигини кўзлаб Президентимизнинг эзгу ғоялари асосида амалга оширилаётган ушбу хайрли иш мустақил мамлакати­мизда қадим қадриятларимиз тобора улуғланаётганлигининг ёрқин ифодаси, - дейди Урганч шаҳар бош имом хатиби Ҳасанбой Кенжаев. - Бу ерда масжид билан биргаликда кутубхона, дам олиш хоналари, катта боғ ҳам бунёд этилади. Ушбу қадамжода бир йўла тўрт ярим минг фуқарога хизмат қилиш имконияти яратилади. Бу мажмуада отахонларимизнинг юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамланиши, янада фаровонлик, тўкинлик, халқимизни сиҳат-саломат, бахтиёр бўлиши борасида қилган дуолари албатта ижобат бўлиб, мустақил мамлакатимиз янада гуллаб-яшнайверади.

Вилоятимизда бошланган бундай улкан бунёдкорлик жабҳалари, эзгу ва хайрли ишлар юртимизни янада чирой очишидан, халқимиз фаровонлигини тобора оша боришидан далолат бермоқда.

"Хоразм ҳақиқати” газетаси, 2017 йил 15 февраль №13.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР