“Шажарайи турк” асарида Хива хонлиги
ХVII асрда яратилган ва Хива хонлиги вужудга келган даврдан то XVII асрнинг 2-ярмигача бўлган давр тарихини ёритишга хизмат қилувчи энг муҳим маҳаллий манбалардан бири Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажарайи турк» асаридир.

Абулғозихон ўзининг «Шажарайи турк» асарида Хива хонларининг ташқи сиёсати, ҳамда чет давлатлар билан алоқалари ҳақидаги муҳим маълумотларни баён этади.

Асарда ташқи сиёсатда Эрон билан муносабатлар кўп ўринларда эслатилади. Унда шоҳ Исмоил вафотидан сўнг Хива-Эрон муносабатлари нисбатан яхшиланганлигини кузатиш мумкин. Жумладан, Бучғахон ҳукмронлиги даврида шоҳ Таҳмаспнинг хонликка элчи юборганлиги ҳақида берилган маълумот диққатга сазовор:

«МЕН ХОНҒА ЎҒУЛ БЎЛАЙИН ДЕЙТУРУРМАН. ТЕМУРБИЙ ЧИНГИЗХОН АВЛОДИНА КУЁВ БЎЛДИ ЭРСА, ҲАНУЗГАЧА АНИ ТЕМУР КЎРАГАН ДЕЙТУРУРЛАР. МЕН ҲАМ ЧИНГИЗХОН АВЛОДИНА КЎРАГАН БЎЛМОҚНИ КЎНГЛИМ ИЗЛАЙ ТУРУР. ТО ХУНКОРДЕК УЛУҒ ДУШМАНИМ АЙТҚАЙ КИМ ШОҲ ТАҲМОСИБ ЎЗБЕК ПОДШОҲИНИНГ ҚИЗИН ОЛДИ; ЯХШИ ЯРАШДИ».

Бундан Эрон шоҳининг Бучғахон жиянига уйланиб ўртадаги алоқаларни никоҳ муносабатлари билан мустаҳкамлашга интилишида сиёсий мақсад кўзланганлиги, Эрон шоҳининг Амир Темурнинг Чингизийларга куёв бўлгани каби Хоразм хонига куёв бўлмоқчи эканлиги бу даврда Хива хонлигида хон ҳокимияти нисбатан мустаҳкам эканлиги кўринади.

Динмуҳаммадхон даврида вазият бирмунча ўзгаради. Асарда Абулғозихон «Динмуҳаммадхон бир ерда фароғат турқудек киши эрмас эрди. Ҳамиша қизилбошни чопди. Ул сабабдин Шоҳ Таҳмосиб лашкар юборди» дея қайд этади.

Хива хони Ҳожи Муҳаммадхон (Ҳожимхон) даврида Эрон саройи билан ўзаро алоқалар ва ёзишмалар айниқса, кучайиб, нисбатан мунтазам тус олади. Бу даврда Хиванинг Бухоро хонлиги билан кескинлашган муносабатлари Хива-Эрон сиёсий алоқаларнинг мустакамланишига хизмат қилган. Чунки, Абдуллахон II сингари кучли рақибга қарши курашда бир томондан кучли иттифоқчига эга бўлиш, ёки ҳеч бўлмаганда, икки давлат ўзаро урушаётган даврда учинчи давлатнинг бетарафлигини таъминлаш зарур эди.

ХVII аср бошларида ўзаро сулолавий курашлар Бухорода бўлгани сингари Хива хонлигида ҳам авж олди.

Ҳожимхондан сўнг тахтга ўтирган Араб Муҳаммадхон ва унинг ўғиллари Элбарс ва Ҳабаш султонлар ўртасидаги зиддият ҳокимият учун жиддий курашларга айланиб кетган.

Юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, ташқи сиёсатда Хива хонлари Эрон шоҳлари билан барқарор бўлмаса-да ҳар қалай доимий алоқаларни сақлаб қолганлар ва бундай муносабатлардан ўз навбатида, Эрон шоҳлари ҳам манфаатдор эдилар.

Маълумки, хонликлар даврида рус давлати билан ҳам алоқалар ўрнатилган эди. Уларнинг аксарияти, асосан XVII асрнинг охири ҳамда XVIII асрда амалга оширилганлигига қарамай, албатта бу давргача ҳам Ўрта Осиё хонликлари ва рус давлати ўртасида ўзаро савдо муносабатлари шаклланган эди. «Шажарайи турк» асарида бундай савдо алоқалари ҳақида деярли маълумот келтирилмаган. Фақатгина бир ўринда «Биз дунёға келган йилининг аввал баҳоринда ўн етти киши ўрусға савдоға кетар» дейилади. Бироқ бундан Россиядан хонликка қандай маҳсулотлар келтирилиши ёки олиб борилишини тушуниш қийин.

Бухоро хонлиги билан муносабатларда эса «Шажарайи турк»да асосан урушларнинг сабаблари, қай тарзда кечганлиги, натижалари баён этилади. Масалан, Убайдуллахоннинг Хивага юришига ўша даврда Хива хонлигидаги ўзаро ички келишмовчиликлар сабаб бўлганлиги, Убайдуллахоннинг қулай вазиятдан фойдаланиб Абулхайрхон ўғиллари Тошкентда Бароқхон, Самарқандда Жавонмардхон, Ҳисордан Мамза Маҳдийнинг набиралари билан иттифоқ тузиб юриш қилганлиги ҳақида маълумот берилган. Абдуллахон II нинг Хивага юриш қилиши ҳақида эса «Абдуллахон иккинчи келганининг зикри»да юришнинг уч сабаби санаб ўтилади.

Абулғози Баҳодирхоннинг асарида Хива хонлигидаги ижтимоий ҳаёт, халқнинг турмуш кечириши, хонликдаги солиқ тизими, хонлар фаолиятидаги ўзига хос ижобий томонлар ва баъзи хатолар, ўзаро ички ва ташқи келишмовчиликлар ва урушлар ҳақидаги маълумотларни батафсил ёритишга ҳаракат қилинган. Ташқи сиёсат масалалари ёритилаётганда эса, асосан Хива хонлигининг сиёсий ва ҳарбий алоқалари қайд этилади. Бироқ Хива хонлигининг ташқи иқтисодий алоқалари, ташқи савдо муносабатлари ҳақидаги маълумотлар жуда оз. Абулғозихон яшаган даврда турли низоларнинг кўпайганлиги балки муаллифни кўпроқ сиёсий жиҳатга эътибор беришга ундаган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да асарни ўрганиш Хива хонлигининг ташқи алоқалари ҳақида яхши тушунчага эга бўлиш имконини беради.

Фойдаланилган адабиётлар,

2. Абуғозий. Шажарайи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 128 б.

3. Абуғозий. Шажарайи турк…-140 б.

4. Аллаева Н.А. Хива хонлиги ва Эрон ўртасидаги ўзаро алоқалар. Тарих фан. ном. дисс. Т.: 2007

5. Абуғозий. Шажарайи турк ... -171 б.

6. Абуғозий. Шажарайи турк ... 167 б.

7. Международное положение Средней Азии XV-XVIIвв. Материалы по истории Узбекской, Таджикской и Туркменской ССР. Л.:1932. – 300с.

8. Абуғозий. Шажарайи турк... – 150 б.

М. Мухиддинова