Россиялик машҳур кардиожарроҳ Хоразмда маҳаллий шифокорлар билан бирга жарроҳлик амалиётини ўтказди
Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази директори, академик Лео Бокерия иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

Юрак хасталиги инсон ҳаётига таҳдид соладиган оғир касалликлардан биридир. Вазни 80 кило бўлган инсон танасининг бор- йўғи 80 дан бир бўлагини ташкил этувчи юрак ҳар қисқарганда томирлар тизимига 70 миллилитр қон ҳайдайди. Шу тартибда у бир дақиқада 5 литр, соатига 300, суткасига 7 минг 200 литр қон ҳайдайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Бу хасталикни фақат жарроҳлик амалиёти билан бартараф этиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин. Бундай жарроҳлик амалиёти ҳар қандай клиникада ўтказилавермайди, бунинг учун махсус шароит ва зарур салоҳият бўлиши лозим. Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалида вазни 10 килограммдан кам бўлган болаларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилмаган. Зеро, болалар қанча эрта даволанса, касалликни асоратсиз бартараф этиш самараси шунча ортади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали фаолияти билан танишди. Филиал фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр ва тавсияларини билдириб, шифохона негизида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.

Юртимизга келган машҳур кардиожарроҳ Лео Бокерия ушбу филиал фаолияти билан танишди. Танишув давомида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази билан Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Хоразм вилояти филиалига ангиография тиббиёт ускунаси ўрнатилгани юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш имконини беради. Бу билан кардиожарроҳликда энг мураккаб амалиёт ҳисобланадиган қон томирларини стендлаш, аорта коронар шунтлаш амалиёти ўтказиш учун зарур шароит яратилади.

Лео Бокерия филиал мутахассислари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони – қоринчалараро тўсиқ нуқсони билан оғриган бемор, Боғот туманида яшовчи Мақсадбек Йўлдошевда жарроҳлик амалиётини ўтказди.

– Ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликдаги жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди, – дейди Лео Бокерия. – 16 ёшли ўсмирда туғма юрак нуқсони – қоринчалараро тўсиқ нуқсонини пластика қилиш жарроҳлик амалиётини сунъий қон айлантириш шароитида ўтказдик. Юқори малакали шифокорлар билан ишлаш менга завқ бағишлади. Менинг назаримда биз гўё кўп йиллардан буён бирга ишлагандекмиз. Бу ердаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шифокор ва беморлар учун яратилган шароит ва имкониятлар таҳсинга лойиқ. Тиббиёт ҳамшираларининг жарроҳлик амалиётидаги иши ҳам юқори даражада. Дори-дармон билан таъминлаш ҳам яхши йўлга қўйилган.

Россиялик кардиожарроҳ иштирокида маҳаллий кардиожарроҳлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморлар кўрикдан ўтказилиб, зарур маслаҳатлар берилди.

– Машҳур шифокорнинг Хоразмга келганини эшитиб, 7 ёшли қизимни тўғри шу ерга олиб келавердим, – дейди нукуслик Гулсанам Саидниёзова. – Қизимнинг юрагида тўртта туғма нуқсони бор. Шу пайтгача Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида бир марта жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Аммо энг муҳим амалиёт ҳали олдинда. Уни 4 йилдан буён кутяпмиз. Бугун қизимни россиялик кордиожарроҳ кўрикдан ўтказди ва бизни Москвага таклиф қилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Бизга шундай қулайликлар яратиб берилаётгани учун давлатимиздан миннатдормиз. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бундай эзгу ишлар туфайли менинг қизим бу йил биринчи синфга соғлом бўлиб боради.

Имзоланган ҳамкорлик битимига кўра, маҳаллий шифокорлар россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. Бу мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширишдаги тажрибасини бойитишга хизмат қилади.

Хоразм вилоятидаги тарихий обидаларга саёҳат меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР