Хоразмнинг иқтисодий ривожланиши, сайёҳлик салоҳияти ва ижтимоий ҳаёти янги босқичга кўтарилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 14 октябрь куни Хоразм вилоятига келди.

Хоразм қишлоқ хўжалиги, йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали, “UzXMG” экскаватор заводи, “Ўзтекс Шовот”, “Хоразм маиший техника” корхоналари, “Хоразм шакар” қўшма корхонасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мураккаб иқлим шароитига қарамай, вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифини Урганч халқаро аэропортида бажарилган реконструкция ишлари билан танишишдан бошлади.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу шаҳар остонасиданоқ кўзга ташланади. Хусусан, Урганч халқаро аэропорти замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатишга мўлжалланган замонавий терминаллар, хизмат кўрсатиш хоналари, савдо шохобчалари ташкил этилган, ён-атроф ободонлаштирилган. Расмий делегациялар, хорижий меҳмонларни кутиб олиш учун зарур шароит яратилмоқда.

Президентимиз бу борада амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар билан танишди. Аэропорт фаолиятини такомиллаштириш, меҳмонлар учун қулайликларни янада ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоятда барча соҳалар сингари сайёҳликни ривожлантириш, тарихий обидаларни тиклаш, таъмирлаш, уларнинг атрофини ободонлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришда тарихий обидаларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади. Тарихий объектларни қайта тиклаш ва таъмирлашда асл миллий қадрият ва урф-одатларимизни сақлаш ва хорижликларга кўрсатиш борасида тавсиялар берди.

Урганч туманида кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш, турмуш даражаси ва сифатини янада юксалтириш мақсадида ҳудудда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 1 ва 2 қаватли 64 уй-жой, ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шавкат Мирзиёев янги уйларда аҳолига яратилган шароитлар билан қизиқди. Замонавий ва миллий меъморлик андозалари асосида барпо этилган ушбу уйлар оилалар фаровон яшаши учун қулай қилиб лойиҳалаштирилган. Хонадонлар табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминланган, ички йўллар барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бугунги кунда вилоятда 276,7 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд. Тошсоқа тизими орқали 191,3 минг гектар ер суғорилади. Амударёда сув кам пайтларда, айниқса, эрта баҳор ва ёз ойлари бошида каналларда сув сатҳи жуда паст бўлиб, ғалла, пахта ва бошқа экинларни суғориш учун сув асосан насослар ёрдамида олинарди. Бу харажатларнинг ошиб кетишига, сув исрофгарчилиги ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келар эди.

Президентимиз Хоразм вилоятига аввалги ташрифи чоғида Тошсоқа магистрал каналида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда таннархни камайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Мазкур лойиҳага кўра, вилоятдаги Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот магистрал ва хўжаликлараро каналларининг 120 километри реконструкция қилинди. Режадаги 607 гидротехник иншоотдан 318 таси янгидан қурилди. Бу ишлар натижасида 279 насос агрегатидан воз кечилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўзи оқар сув билан таъминланади ва 31,6 миллион киловатт соат электр энергия иқтисод қилинади.

Президентимиз ушбу лойиҳа вилоятда сув таъминотининг тубдан яхшиланиши, фермер хўжаликлари самарадорлиги ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Каналлар атрофидаги ерларни ободонлаштириш, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб экиладиган кўчат турларини танлаш ва канал бўйлаб беш қатор дарахт экиш, ёзнинг жазирама кунлари одамлар канал бўйида дам олиши учун шароит яратиш бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилаётган “Фаровон” меҳмонхонасининг қурилиш участкасида бўлди.

Шаҳарнинг Амир Темур кўчасида қурилиши режалаштирилган ушбу меҳмонхона қадимий меъморчилик услубида 3 қаватли қилиб бунёд этилади. Унда конференция заллари, спорт майдончалари, ресторанлар, кўнгилочар масканлар ва бошқа имкониятлар бўлади. Меҳмонхонага франциялик ишбилармонлар инвестиция киритади.

Бу ерга келишимиздан асосий мақсадлардан бири Хивани туристик зонага айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни яна бир бор таҳлил қилишдан иборат, деди давлатимиз раҳбари. Туризмни ривожлантириш учун, аввало, сайёҳларга шароит яратиш зарур. Шу мақсадда келгуси уч йилда Хивада 20 га яқин меҳмонхона қурилади. Бу меҳмонхона беш юлдузли, мамлакатимиздаги энг яхши меҳмонхоналардан бири бўлади.

Президентимиз Хива шаҳридаги Нуриллабой сарой мажмуасини кўздан кечирди.

Хоразм вилояти тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларга бой. Улар асраб-авайланаётгани, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланмоқда.

Маълумотларга кўра, мазкур сарой ҳудуди шу ерлик Нуриллабой исмли савдогарга тегишли бўлган. Мажмуа хорижлик меҳмонларни қабул қиладиган қароргоҳ вазифасини ўтаган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида вилоятга ташрифи чоғида мутасаддиларга мазкур мажмуани замон талаблари даражасида реконструкция қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Президентимиз тавсиясига кўра ишлаб чиқилган лойиҳага биноан бу ерда ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр, ҳунармандлар кўргазмаси ташкил қилинган.

Кўргазмаларда Хоразмнинг XIX-XX асрларга оид тарихий фотосуратлари, биринчи ўзбек кинооператори ва фотосуратчиси Худойберган Девонов олган суратлар ва киноасарлар намойиш этилмоқда. «Хоразм анъанавий ҳунармандчилиги: тарих ва замонавийлик», «Ўзбекистон замонавий санъати: оҳанглар, тимсоллар, талқинлар» мавзуидаги кўргазмалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Президентимиз Хива шаҳри меъморчилик обидалари, жумладан, мазкур мажмуанинг бой тарихи ҳақида сайёҳлар ва хорижлик меҳмонларга замонавий услубларга таянган ҳолда сўзлаб бериш, бу билан уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти иқтисодиётига жалб қилинадиган тўғридан-тўғри инвестицияларни кўпайтириш ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Халқаро бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот турларини кўпайтиришда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор.

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

"Ҳазорасп" эркин иқтисодий зонаси учун 414 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Кейинчалик ушбу ҳудуд янада кенгайтирилади. Янги эркин иқтисодий зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари каби қатор йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади.

Айни пайтда эркин иқтисодий зона чегараларини ўрнатиш, божхона пости ташкил қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ташкил этиладиган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур имкониятлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, хусусан, газ, сув ва электр тармоқлари, канализация, автомобиль ва темир йўллари, алоқа тизими шакллантирилмоқда.

Ҳудудда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича бугунги кунда 25 лойиҳа ишлаб чиқилган. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси ҳудудда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Президентимиз Хоразм вилоятини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди. Бунда асосий эътибор вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган.

Бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида янги ташкил этиладиган ва амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот тақдим қилинди.

Урганч туманида йилига 1,2 минг тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда 900 минг дона қуён терисини қайта ишлашга ихтисослашган "Хоразм қуён савдо" агрофирмаси ташкил этилади. Қиймати 1,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва 2018 йил охирида тўлиқ қувват билан ишга туширилади.

Бугун бозорда парҳез гўшт маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан Шовот тумани Буйрачи қишлоғида қурилаётган паррандачилик мажмуаси, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси ана шу талаблар доирасида ташкил этилмоқда.

Тақдимотда кам таъминланган оилаларнинг қорамол ва парранда боқиш, томорқада сабзавот маҳсулотлари етиштиришдаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган ижтимоий лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Туризм мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлаётир.

Президентимизга вилоятга хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш лойиҳалари тақдим қилинди. Янги сайёҳлик йўналишлари очиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қилинаётган ишлар, 2018 йилда келиши кутилаётган сайёҳлар оқими ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятда «Хавфсиз туризм» концепциясини амалга ошириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Унда туризм инфратузилма объектларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш, туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ва сайёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминловчи давлат ва нодавлат объектларини ягона ахборот-коммуникация тизимига улаш, сайёҳлар бўйича маълумотлар баъзасини шакллантириш каби чора-тадбирлар ўрин олган.

Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» музей-қўриқхонаси ҳудудидаги «Паҳлавон Маҳмуд» мажмуасида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимиз мазкур мажмуада олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди. Қуръон тиловат қилинди.

Илгари бу жойлар ташландиқ масканга айланиб қолган эди. Бу ерлар инсонга руҳий қувват беради. Буни келаётган зиёратчиларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади, деди Президентимиз.

Мазкур мажмуага кунига ўртача 400 га яқин зиёратчи келади. Таъмирлаш ва қурилиш ишларини жорий йил охирида якунига етказиш кўзда тутилган. Ҳаво ҳароратининг мўътадиллигини таъминловчи замонавий тизимлар ўрнатилган.

Бу ерда зиёратчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари Шерғозихон мадрасасини кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди. Мадраса биносига зарар етказмаган ҳолда уни қайта таъмирлаш зарурлигини қайд этди.

Вилоят туризмига тааллуқли яна бир йирик лойиҳа – Урганчдан Хивагача темир йўл барпо этиш лойиҳасидир. Темир йўл замонавий талаблар асосида лойиҳалаштирилиб, улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда икки шаҳар ўртасида 33 километр темир йўл ётқизиш, Хива шаҳрида замонавий вокзал ва зарур инфратузилма объектлари барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу борадаги манзилли дастур асосида транспорт, меҳмонхона, почта, банк, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар ташкил этиш режалаштирилган.

Келгусида мазкур темир йўл электрлаштирилиб, Тошкентдан Хивагача тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Хива вокзали Ичан-қалъанинг Ҳазорасп дарвозаси ёнида барпо этилаётгани сайёҳларга қулайлик яратади.

Президентимиз Хива шаҳар вокзалида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги лойиҳалар билан танишди.

Хоразмнинг туризм соҳасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, сайёҳлар учун барча шароитни яратиш, меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар қуришга соҳанинг тажрибали вакилларини жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Хива шаҳрининг тарихий қисмини янгилаш режаси тақдимоти ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев Ичан-қалъа яқинида истироҳат боғи барпо этиш, сайёҳлар пиёда сайр қиладиган кўча бўйида савдо ва ҳунармандлик шохобчалари, икки қаватли уй-жойлар қуриш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Президентимиз Хива туманидаги «Раҳимберган ҳожи анбар» кўп тармоқли фермер хўжалиги даласида илғор деҳқон ва фермерлар билан суҳбатлашди.

Халқ билан мулоқот асосида барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, одамларнинг давлатга ишончи юксалиб, меҳнатга муносабати ўзгараётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва уни амалга оширишга қаратилган қарорнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар экиб, қўшимча даромад топишнинг аҳамияти таъкидланди.

Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – меҳнатдан манфаатдорликни, юртимиз файзу баракасини оширишдир. Токи одамлар ердан самарали фойдаланиб, қўшимча даромад топсин, меҳнатининг роҳатини кўрсин, халқимиз бой бўлсин, деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда балиқчилик, қовунчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари самаралари намойиш этилди.

Шу куни Урганч шаҳрида халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президентимиз тавсиясига кўра, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Илгизар Собиров Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР