2018 йилда Хоразмдаги мол-мулк солиғи Тошкентдагидан 2 марта кам бўлади
Келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэфициент қўлланилади. Бунда ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқилади.

Мисол учун, Хоразм вилоятида жойлашган уй учун олинадиган мол-мулк солиғи Тошкент шаҳрида жойлашган худди шундай уйга солинадиган шу турдаги солиқдан камида икки марта кам бўлади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.Қўчқоров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисидаги маърузасида айтиб ўтган.

Вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда мол-мулк солиғи уйнинг инвентар қийматидан олинмоқда. Бу қиймат 1991 йилдаги нархда белгиланган бўлиб, унинг жорий нархи коэфицинетга кўпайтириб топилади.

Коэфициент охирги марта 2010 йилда янгиланган бўлиб, уйнинг инвентар нархи бозор нархидан ўртача 20-25 марта кичикдир.

Масалан, пойтахтнинг Буюк Ипак Йўли кўчасида жойлашган, 1989 йилда қурилган 9 қаватли, бетондан қурилган кўп қаватли уйда 3 хонали хонадоннинг бугунги кундаги инвентар қиймати 11,1 миллион сўмни, кадастр қиймати 113,7 миллион сўмни ташкил этади. 2017 йилда мазкур хонадоннинг мол-мулк солиғи 189,9 минг сўмни ташкил қилган.

Таклиф этилаётган тартиб бўйича ушбу хонадоннинг 2018 йилга ҳисобланадиган мол-мулк солиғи суммаси 227,3 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 1,2 баробарга ўсиши кутилмоқда.

ЎзА