Жалолиддин Мангуберди мемориал боғи Хоразмнинг яна бир «ташриф қоғози» бўлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Урганч шаҳри марказида Жалолиддин Мангуберди мемориал боғини барпо этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари 30 ноябрь куни Ал-Хоразмий ва Паҳлавон Маҳмуд кўчалари кесишмасидаги ушбу майдонга ташриф буюриб, қурилиш лойиҳалари билан танишди.

Жалолиддин Мангуберди ҳайкали буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос маҳобатли бўлиши, унинг атрофидан нур таралиб туриши кераклигини таъкидлади.

- Бу майдонда тарихимиз намоён бўлиши, у Хоразмнинг «ташриф қоғози»га айланиши керак. Шунинг учун тарихчи олимлар билан маслаҳатлашиб, майдонни чуқур мазмунли, чиройли, жозибали қилиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз боғ ҳудудини кенгайтириш ва ободонлаштириш, ҳар бир элементда қадимийликни акс эттириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Шу ерда Урганч шаҳри марказини батафсил режалаштириш, кўп қаватли уй-жойлар қуриш, иссиқлик ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга доир лойиҳалар бўйича ҳам маълумот берилди.

Президентнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.

манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти