Фестивалнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов, Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Ивашкевич хамда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Гейдар Алиев номли маданият маркази раҳбари ўринбосари Зейналов Полад Мансур ўғли сўзга чиқди.
Миллий рақс санъатимизни дунёга тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган фестивалга жорий йилда ҳам пухта тайёргарлик кўрилди.
Фестивалда юртимизнинг турли ҳудудлари ва қатор хорижий давлатлардан келган санъаткорлар ўз бадиий чиқишлари билан иштирок этишди.
Ансамбль жамоаларининг чиқишлари эса сайёҳлар ва томошабинларни рақсга чорлаб, завқ бағишлади.
– Ўзбекистоннинг ўзига хос рақс санъати бор ва ундаги ҳар бир ҳаракат кишини ўзига жалб этмасдан қолмайди, – дейди хидистонлик раққоса Патра Синхи. – Сизларнинг жаннатмакон юртингиз ва сехрли рақсларингизни телевизор орқали кўрганман. Бугун эса шундай фестивалда қатнашаётганимдан ниҳоятда хурсандман.
"Рақс сеҳри" Халқаро фестивалида 20 га яқин мамлакатдан 100 дан зиёд меҳмонлар ва бадиий жамоалар иштирок этишди.
Нодира Романова