Хива шаҳрида яна бир замонавий меҳмонхона қуриб фойдаланишга топширилди
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан юртимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳларга қулайликлар яратиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида кўҳна Хива шаҳрида яна бир замонавий меҳмонхона қуриб фойдаланишга топширилди.

Иншоотнинг тантанали очилиш маросимида фахрийлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ва ҳокимият вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар, ўзгаришлар ҳақида фикр билдиришди.

«Хива локомотив» масъулияти чекланган жамиятига қарашли янги меҳмонхона 76 ўринли бўлиб, 41 та ҳар хил турдаги (2-3 кишилик, VIP) хоналардан иборат. Бино 2 қаватли бўлиб, ўзида миллий меъморчилик анъаналарини акс эттиради. Сайёҳларга қулай бўлиши учун мазкур бино темир йўл вокзали яқинида бунёд этилган. 0,47 гектар майдонда қурилган иншоот жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган. Меҳмонхонага замонавий иситиш ва совутиш тизимлари ўрнатилган. Бу ерда ёпиқ турдаги бассейн ва сауна, замонавий ресторан фаолият кўрсатади. Энг эътиборли томони шундаки, мазкур меҳмонхоналардан Ичан Қалъагача пиёда юриб бориш мумкин, транспортга ҳам ҳожат йўқ. Шунингдек, меҳмонхона мижозлари учун бепул эски шаҳарга олиб бориш учун электрокар ва от-аравалар хизматлари жорий этилган.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан кўҳна кентда бунёд этилган меҳмонхоналар сони 2 тага етди. Жорий йилнинг 19 март куни дастлабки «Хива локомотив» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилган эди. У 70 ўринли бўлиб, 36 та хонадан иборат. Шу кунгача бу ерда 6000 нафар мижозга хизмат кўрсатилган. Бинолар Ичан ва Дишан қалъа оралиғида жойлашган.

Ҳозирда мазкур ҳудудда темирйўлчилар томонидан умумий майдони 0,47 га тенг бўлган яна 84 ўринли, 45 хонадан иборат меҳмонхона ҳам қурилмоқда.

Яна бир янгилик, бу ерда темирйўлчилар томонидан «Хива локомотив» истироҳат боғини барпо этиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Боғнинг умумий майдони 10 гектарни ташкил этади. Бу ерда 22 турдаги замонавий аттракционлар ўрнатилади. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, 2500 дан ортиқ 14 турдаги манзарали дарахт ва гуллар экилади. Шу билан бирга 3 та мусиқали фаввора ҳам бунёд этилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида 500 кишилик амфитеатр ҳамда ярим гектарлик кўл ҳам қурилади.

Нодира Романова

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР