“Хиваки” тарихда қолгани ростми?
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон ҚУРБОНОВ билан суҳбат

Инсон ўз касбини нечоғли пухта эгалласа, унинг ипидан игнасигача билса, ҳаётдан оладиган завқи ҳам ўзгача бўлади. Атрофдагилар эса шунга яраша муносабат билдиради.

Сирасини айтганда, ўз соҳасининг устаси элда ҳурмат қозонади. Айниқса, бу санъаткор учун жуда муҳим. Унинг халқ орасида ҳофиз мақомини эгаллаши эса, чинакам бахт демакдир. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбоновнинг бу борада ўз қарашлари бор.

– Ҳофиз деган номнинг юкини кўтариб юриш, муносиб бўлиш анча мушкул, – дейди Раҳматжон ҚУРБОНОВ. – Ҳофиз, аввало, хушовоз бўлиши, ҳикматларни пухта билиши керак. Китоб унинг доимий ҳамроҳига айланиши лозим. Алишер Навоий, Огаҳий, Маҳтумқули, Бобораҳим Машраб каби буюклар асарларидан бохабар бўлмаса, санъатнинг ҳақиқий устасига айлана олмайди. Бир сўз билан айтганда, саводда беназир инсонни ҳофиз дейиш тўғри бўлади.

– Инсон камолоти, унинг келажакда эришадиган ютуқларига болалигида замин яратилади. Сизни санъатга қандай куч етаклаган?

– Отам беш яшарлигимда рубоб олиб берганди. Иштиёқим ичимга сиғмай, икки кунда бир куй ўрганиб, чалганимни кўрган яқинларим мени мусиқа мактабига беришди. У ерда устозлардан рубоб чалиш сирларини ўргандим. Ҳар куни тўрхалтамга рубобни жойлаб, мусиқа мактабига қатнардим. Болабахши Абдуллаевнинг хонадони йўл юзида эди. Бир куни Болабахши бир отахон билан эшик олдида гурунг қилиб ўтирган экан. Икки қўлимни кўксимга қўйиб, уларга салом бердим.

– Кимнинг ўғли бу? – сўради отахон. Бошида хоразмча телпак, мўйловлари ҳам ўзига ярашиб турган бу инсон диққатимни тортди.

– Бу – Хударганнинг ўғли, мусиқа мактабига қатнаяпти, – деди Болабахши ота дўстига қараб. – Улли бўлса, артист бўлжоқ. Оти Раҳматжон. Қани, шу болага бир фотиҳа беринг.

Шунда отахон қўлини дуога очиб, менга оқ фотиҳа берди. Улғайиб билсам, бу киши машҳур санъаткор Мадраҳим Шерозий экан.

Ўшанда 1967 йил эди. Мен энди саккиз ёшга кирган бола эдим. Шундан кейин кўп устозларни кўрдим. Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов отамнинг дўсти бўлгани боис уйимизга кўп келарди. Санъат, улуғ алломалар ҳақида тонггача баҳс-мунозара қизирди.

– Болаликда бошланган иштиёқ ўтининг аланга олишида устозларнинг берган ўгитлари ва кўрсатган йўл-йўриқларининг ҳам аҳамияти катта, шундай эмасми?

– Албатта, бошланган ишнинг бардавом бўлишида бу жуда муҳим. Мусиқа билим юртидаги таҳсил давомида устозим Абдушариф Отажоновдан айтим йўлларини, “Гиря”, “Куйгай” каби қўшиқларни ўргандим.

Билим юртини тамомлаб, 1979 йили Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кирдим. Иш фаолиятим эса 1975 йилдан бошланди. Хивадаги “Нақш” ансамблида мусиқа раҳбари бўлиб ишлай бошладим. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб назария ва амалиётни бирга олиб бордим. Кейинчалик 1978 йили Урганч шаҳрида филармония очилди. У ерга Бобомурод Ҳамдамовни бадиий раҳбар, мени эса мусиқа раҳбари этиб тайинлашди.

Консерваторияда Ҳалима Носирова, Шавкат Муҳаммедов, Ориф Алимахсумов каби устозлар қўлида ўқиб, санъатнинг нозик сирларини ўргандим. Учинчи курсдан кейин ўзим ҳам ўқитувчилик қилиб, талабаларга сабоқ бера бошладим. 1988 йилдан “Лазги” ашула ва рақс ансамблида мусиқа раҳбари бўлиб ўн етти йил фаолият олиб бордим. Кўп йиллик ижодий изланишлардан кейин Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида фаолиятимни давом эттирдим. Ҳозирги кунда Хоразм маданият бошқармасида иш олиб боряпман.

– Сизни “Довудий овоз соҳиби” деб эътироф этишади. Бу мақомга қандай эришгансиз?

– Тарихда бу мақомга фақатгина Довуд пайғамбардек ширали, сеҳирли ва баланд овоз соҳибларигина эришган.

…1983 йил республикамизда мақомчилар кўрик-танлови бўлди. Ана шу танловда мен ҳам қатнашиб, биринчи ўринни олганман. Шу танловда менга “Довудий овоз соҳиби” деган диплом беришди. Ҳайъат аъзолари орасида Фаттоҳхон Мамадалиев, Ориф Алимахсумов, Саодат Қобулова, Файзулла Кароматов, Насим Ҳошимов, Отаназар Матёқубов каби санъат дарғалари мени шундай номга лойиқ кўришди.

– Раҳматжон оға, сиз ижодкор инсонсиз. Бир қанча китобларингиз санъат ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган. Ҳаммасига қандай вақт ажратасиз?

– Тадбирлар, учрашувлар, гастроллар одамни чарчатиб қўяди. Аммо мен ижод қилиб, дам оламан. Шеърлар, рубоийлар, қўшиқлар ёзиб ўзим куй басталаб, чарчоғимни чиқараман. 2004 йилда ёзган рубоийларимни тўплаб китоб қилдим. 2009 йили “Санъатнома” номли китобимнинг биринчи қисми нашрдан чиқди. 2017 йили устозим Комилжон Отаниёзов ва ўзимнинг шеърларимни жамлаб “Устоз йўлидан” номли китоб чиқардик. “Санъатнома”нинг иккинчи китоби ҳам тайёр. Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи “Уч бўстон булбули” номли драма ёзиб, Огаҳий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида саҳналаштирдик. Юбилей арафасида қўйилган бу саҳна асари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.

– Маълуму машҳур бўлган, халқ тилида “Боқ, боқ”, яъни “Хиваки”нинг яратилиш тарихи мухлисларга қизиқ…

– Санъат оламига кириб келганимга қирқ йилдан ошди. Устозим Комилжон Отаниёзовга ўхшаб мен ҳам лазги каби умрбоқий қўшиқ яратсам, деб ният қилардим. “Хиваки”нинг сўзлари, куйи хаёлимда яхши етилди. Бир куни уйга келиб, қўлимга торни олиб, шу қўшиқнинг мусиқасини чалдим. Изидан сўзи келди. Иккинчи банди, учинчи банди… Буни қарангки, ажойиб бир қўшиқ чиқди. Аммо ҳали “хом” эди. Шу пайт уйга шогирдим Тўлқин Жабборов келиб қолди. Унга кўрсатдим, маъқуллади. Шеърни ва мусиқасини маромига етказдик.

– Бугунги тўйларимизда хизмат қилаётганларга санъаткорлик одоби ҳақида қандай ўгит ва маслаҳатлар берасиз?

– Агар санъаткор ўз касбини севса, фидойи бўлса, халқнинг олдида ҳалол хизмат қилса, албатта, унга эл муносиб баҳосини беради. Энди тўйларда ҳар турли “ярим яланғоч” қўшиқларни куйлайдиган, ҳар нарсани қўшиқ, деб айтаверадиган “санъаткорлар” ҳам борки, уларни эшитадиган одамларнинг даражаси шу ашулани айтиб турган санъаткорники билан тенг. Қўшиқни тинглаб, тушуниш ҳам бир санъат аслида.

Санъат мукаммалликни талаб этади. Шу даргоҳга кадам қўйдингми, касбингга меҳрли бўл, уни мукаммал ўрганишга кириш. Халқнинг олдига хом-хатала қўшиқларни айтиб чиқиб бўлмайди.

– Мана шу ўгитларни шогирдларингизга ҳам уқтиришга ҳаракат қиласизми?

– Шогирдларимга ҳамиша ҳалол, санъатда софдил бўлишни уқтирганман. Шундагина халқнинг қалбига кириб бориш мумкинлигини тез-тез такрорлайман. Бу зиммамдаги устозлик бурчим.

– Оила – улуғ даргоҳ. Ҳар қандай ижодкорнинг эришадиган муваффақиятлари, аввало, шу масканда куртак ёзади. Сизнинг эришган ютуқларингизда ҳам бунинг ўрни бўлакча бўлса керак?

– Тўғри айтасиз, ҳар кимнинг ўз оиласидан кўнгли хотиржам бўлсагина, ишида унум ва барака бўлади. Менинг ижод қилишимда бу ишда рафиқамнинг кўмаги катта. Икки ўғил, икки қизни бирга тарбияладик. Ҳаммаси уйли-жойли, олий маълумотли. Турмуш ўртоғим ҳозир набиралар тарбияси билан банд. Фарзандларимдан кўнглим тўқ. Жамият равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганидан хурсандман.

Болтабой Муҳаммад Қурбон суҳбатлашди.saviya.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР