Кўҳна арк – Хиванинг қадимий қалъасидир. Кўҳна Арк худудида хозир фақат ХIХ асрга оид бир неча бино сақланиб қолган холос. Аркда хон ва амалдорларнинг уй жойлари, давлат идоралари билан бир қаторда кўринишхона (саломхона, арзхона), зарбхона, ёзги ва қишги масжид, ҳарам, аслаҳахона, ўқ-дори тайёрланадиган устахона, омборхона, ошхона, отхона, зиндон ва қўчқор уруштирадиган махсус майдон ҳам бўлган.
Кўҳна арк атамаси шаҳарда 1832-1838 йилларда яна шундай бир сарой Тошҳовли бунёд этилгач қўлланила бошланган. У қурилиши ва тузилишига кўра шаҳар ичидаги шаҳарни эслатади. Бир томони Ичан Қалъа девори ва бошқа томонлари махсус деворлар билан ўраб олинган. Аркка фақат битта йўлдан, шарқий дарвозадан кирилади. Унинг худуди 1 гектардан зиёдроқ майдонни эгаллаб, тўртбурчак шаклда (123х93 метр) қурилган бўлиб, баланд қалин девор билан ўралган. Кўҳна арк катта-кичик тўртта ҳовлидан ташкил топган. Ҳарам ва хонга қарашли уй-жойлар шимол томондаги ичкари ховлида жойлашган. Аркдаги бузилиб кетган хоналар ҳақида аниқ фикр юритиш қийин, лекин сақланган кўринишхона, ёзги ва қишги масжид, зарбхона ва ҳарам бинолари саройнинг ҳақиқий кўриниши ҳақида қисман тасаввур беради.
Аркни Элтузархон Хива бинолари қайта тикланаётган даврда (1804-1806) қайта қурдирган. Қурилишга Юсуф Мехтар бошчилик қилган, Оллоқулихон даврида (1825-1842) янгидан қурилиб, деворларига сирли кошин ёпиштирилган, меъмор уста Абдулла жин жонбозлик кўрсатган. Кўринишхона айвони 1855 йилги жанжалларда вайрон бўлган бўлиб, 1864 йилда Сайид Муҳаммадхон томонидан қайта таъмирланган.
Сурат 1890 йилда Муҳаммад Раҳимхон мадрасасининг тепасидан туширилган.