Хива қўзғолони - Хива хони Асфандиёрхон ва унинг амалдорлари зулми ҳамда подшо Россияси мустамлакачилигига қарши кўтарилган халқ қўзғолони (1916).
Жазо отряди фақат қўзғолончиларни эмас, балки уларнинг оила аъзолари ва қариндошуруғларини ҳам шафқатсиз жазолади, тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди.

Хива қўзғолонининг 1 босқичи (1916 й. 14-30 январ)да Хўжаели ҳокими (беги) Авазбий Хўжа (Асфандиёрхоннинг жияни) бошчилигидаги исёнчилар (600 киши) Хивага йўл олишади. Уларга йўл-йўлакай хонликнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларидан бош кўтарган қўзғолончилар ҳам қўшилгач, қўзғолончилар сони 3 минг кишига етган. Қўзғолончилар шахсан хонга мурожаат қилиб, у ва амалдорларини раъиятга зулм қилишдан тийилишга ва шариатга риоя этишга чақирмоқчи бўлишган. Қўзғолончиларнинг миллий таркиби ўзбеклар, туркманлар ва қисман қорақалпоқлардан иборат эди. Қўзғолончилардан тахминан 300 киши 1916 йил 18 январда Хивага келиб, хоннинг амакиваччаси Раҳмонқул тўра (Иноқ тўра деб ҳам айтилган)нинг шаҳар ташқарисидаги қўрғончасига келиб тушганлар. Бу ҳолдан даҳшатга тушган Асфандиёрхон Амударё бўлими бошлиғи полковник В.П.Колосовскийга чопар юбориб, ундан қўзғолонни бостиришни сўрайди. Колосовскийнинг буйруғи билан полковник Голошевский бошчилигидаги рус отряди Раҳмонқул тўра қўрғончасига келиб, қўзғолон раҳбарлари (Авазбий Хўжа Муртазобий Хўжаев, унинг иниси Маҳмуд хўжа; Қиёт ҳокими Абдуллабек иноқ Бобобеков; Гурлан ҳокимлигидан Қутлимурод иноқ Ибодуллаев ва Худойберганбек Муҳаммадниёзов, Манғит ҳокимлигидан Муҳаммад Амин дарға ва бошқалар)ни қамоққа олишган.

Жунаидхон бошчилигидаги 3 минг отлиқ Хива шахрини қуршовга олган. Колосовский Хивага қўшимча равишда ҳарбий отрядлар юборишни сўраб, Туркистон генерал губернаторига мурожаат қилган.

Хива қўзғолонининг 2-босқичи (1916 й. 1-14 феврал)да асосий ролни Жунаидхон бошчилигидаги туркманлар ўйнашди. Бу босқичда қўзғолон Хива хони зулмига қарши курашдан подшо Россияси мустамлакачилигига қарши миллий озодлик қўзғолони даражасигача кўтарилди. 1916 й. 3-4 февралда туркманлар Тошҳовуз, Шоҳаббос, Қиёт, Гурлан, Манғит, Қиличбой шахарлари ҳокимларини гаровга олиб, Янги Урганч томон йўл одсилар. 7 февралда 15 минг кишилик оломон Ғозиобод (Ғозовот)ни эгаллайди. Жунаидхон ва Хон Эшон Қўшкўпирга келишиб, қамоққа олинганларни озод қилишни сўраб, яна Хивага талабнома юборишган. Бироқ Колосовский томонидан қамоқда ётган қўзғолончиларнинг раҳбарлари (8 киши) Хўжаелида ўлдирилган эди. 8 февралда қўзғолончилар Янги Урганч шаҳрини эгаллаб, шаҳарликлардан 50 минг сўм товон пули ундиришган. Жунаидхон эгаллаган ва у ҳали бормаган ҳокимликлар аҳолиси унинг фуқаролигини қабул қилишган. Туркистон ўлкаси генералгубернатори Марцоннинг Петроградга - Россия ҳарбий ишлар вазири номига йўллаган телеграммасида айтилишича, 8 февралда Хонқа ҳокимлиги аҳолиси эшонлар бошчилигида Жунаидхоннинг фуқаролигига ўтган. 10 февралда қўзғолончилар Хивани қамал қилишган. 13 февралга ўтар кечаси Жунаидхон қўшини Хивага кириб, хон саройини эгаллайди. Бироқ Асфандиёрхон ўз ўрнида қолдирилиб, ундан 18 минг сўм товон пули олинган.

Туркистон ўлкаси генералгубернатори Хивадаги қўзғолон Закаспий обл. ва бутун Туркистон ўлкасига тарқалиб кетишидан хавфсираб, Сирдарё обл. ҳарбий губернатори генераллейтенант Галкин бошчилигидаги ҳарбий отрядни Хивага юборди. Галкин жазо отряди 15 февралда Хивага етиб келиб, Колосовский отряди билан қўшилган. Хива қўзғолонининг 3 босқичи (1916 й. 15 феврал - 4 май)ни жазо отряди томонидан бостириш жараёни ана шундай бошланди. Бу пайтда Жунаидхон қўшини Хива билан Янги Урганч ва ПетроАлександровск (ҳозирги Тўрткўл) ўртасидаги телеграф алоқасини узиб ташлади. Бироқ Жунаидхоннинг қўшини бутун хонликдаги шаҳарларда сочилиб кетганлиги сабабли у Галкин жазо отряди сиқувига дош бера олмай, 16 февралда Хивани тарк этишга мажбур бўлди. 15 рота, 5 та казак юзлиги ва 16 та тўпдан иборат Галкиннинг жазо отряди 15 март эрталаб Хивадан Ғозиободга йўл олди. Ғозиободда улар қаршиликка учрашди. 16 мартда Ғозиобод босиб олиниб, шаҳарга ўт қўйилди. 19-20 мартда Тахта қалъаси эгалланиб, Жунаидхон, Хон Эшон ва уларнинг сафдошларига қарашли ҳовлилар вайрон қилинди. Жунаидхон эса 19 апрелга ўтар кечаси Сундукли дарадан Эронга ўтиб кетган.

Галкин жазо отряди 24 апрел - 4 майда Кўҳна Урганч, Хўжаели, Порсу, Илонли (Илалли), Тошҳовуз, Гурлан, Янги Урганчда бўлиб, қўзғолончиларни жазолагач, Хивага қайтади. Мустамлакачилар хонлик аҳолисидан катта миқдорда товон пули олишган. Жазо отряди фақат қўзғолончиларни эмас, балки уларнинг оила аъзолари ва қариндошуруғларини ҳам шафқатсиз жазолади, тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди.

Хива қўзғолонининг моҳияти подшо ва совет Россияси ҳукмронлик қилган даврда сохталаштирилиб, у сунъий равишда прогрессив ва реакцион босқичларга ажратилди.