Ануштагин (вафоти 1097 йил)
Унутма қаерда бўлсанг ҳам хоразмийсан, ким бўлсанг ҳам хоразмийсан, сени Хоразм ануштагиний халоскор сифатида кутади.

Хоразмшохлар сулоласи асосчиси Ануштагин ҳақида тарихий манбаларда қайд этилган маълумотлар жуда мухтасар. Муаррихлар Ануштагин диний ва дунёвий илмлардан яхши хабардор комил инсон, моҳир раҳбар – ташкилотчи, узоқни кўзловчи дипломат бўлгани ҳақда кўплаб қадимий манбалар асосида шаҳодат берадилар.

Ноёб ва мўътабар тарихий асар саналган Ибн Ал Асрнинг «Ал камил фит тарих» асарида шундай таъкидланади:

«У хуш аҳлоқли, кўп фазилатлар соҳиби бўлган тенги йўқ инсон эди. Унга кўплар маслаҳат сўраб, ўз ишлари билан мурожаат қилишарди. Шу сабабли у юксалгандан юксалаверди ва мавқе-мартабаси ортиб бораверди»

Ануштагин ёшлигида жасур бўлганлигига тарихий манбаларда ишоратлар етарли. Аммо у тақдир тақозоси туфайли қилич эмас, илму иқдидор сабру бардош билан Хоразмни мустақил ва озод кўриш истаги йўлида жанг олиб борди.

Фидоий жангчи Юсуф Хоразмий қисмати унинг қалбига узоққа чўзиладиган машаққатли кураш режасини солган бўлса не ажаб?!.

Юсуф Хоразмий аирликда, ўлим арафасида турган бир пайтда ҳам юртини оёқости қилмоққа шайланган салжуқий султон Алп Арслоннинг кўкрагига пичоқ санчиш имконини топди. Аммо Анушагиннинг мақсади биргина султондан қасос олиш эмас, балки мустамлакачиларнинг барчасини Хоразм тупроғидан супуриб ташлаш эди. Унинг бу мақсади қалбининг туб тубига яширилганидан деярли ўзидан дарак бермасди. Шу сабабли ҳам тарихчилар унинг бу орзу - умидларига катта аҳамият беришмаган.

Алп Арслон вафотидан сўнг отасининг ўрнига ўтирган Маликшоҳ султон ҳовузлари ва ҳаммомларининг хазиначиси ( таштдори) бўлган Ануштагинни қатл этиши ёки ўзидан буткул узоқда сақлаши учун, унинг фақат хоразмлик бўлгани етарли эди. Аммо янги султон жуда нозик ва ўзи учун ишончли саналган катта ўйинларидан бирини бошлади. У юксак салоҳият сохиби бўлган Ануштагинни саройга, бошқалар ўзини саҳоват соҳиби деб ҳисоблайдиган даражада, яқинлаштирди. Уни Хоразм шихнаси (раиси) мартабасигача кўтарди. Албатта хокимият ишларига у аралаштирилмади.

Шу ўринда аксарият муаррихлар ва тарихчи олимлар салжукий султонларнинг хоразмшоҳларга нисбатан марҳаматли ва кечиримли бўлганлигини бевосита ва билвосита таъкидлашлашга майл билдришларини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Аммо, бу юзаки саховатнинг остида шахсий манфаат ётганлигига улар кам эътибор қаратишади. Ахир ҳукмдорнинг мархамати асосан ўз манфаатлари учун қурилган бир тузоқ эканлигини тарих қанча кўрсатган.

Аслида Маликшоҳ бир ўқ билан бир эмас бир нечта қуённи урмоқчи бўлди. Энг иқтидорли душманни қўли билан бошқа кўплаб ғанимларни тинчитиш, унга бобокалони салжуқдан қолган мерос, эски идора усули эди. Бу тадбир натижасида Хоразм хазинаси ўз-ўзидан оқиб келаверади. Ҳалқнинг ғалаён кўтаришга имкони бўлмайди, дея ишончда эди у

Аммо кулидан чўғ кетмайдиган Хоразмни, қалбидаги нафрат ўти сўнмайдиган Ануштагинни бундай амаллар билан йўлдан оздириб бўлмасди. У ҳаммасига чидади. Дину иймон бу йўлда унга мададкор бўлди. Иймоннинг ярми сабр, ярми шукур, деган ояти карима унинг йўлларини ёритди. Шу сабабли ҳам кўзининг оқу қораси Қутбиддин Муҳаммадни султон талабига кўниб Марвга тутқунликка кузатар экан у ўғлига астагина шипшиди:

-Унутма қаерда бўлсанг ҳам хоразмийсан, ким бўлсанг ҳам хоразмийсан, сени Хоразм ануштагиний халоскор сифатида кутади.

Муаррихлар бундай манзарани тасвирлашган жойи йўқ. Уни менга хивалик кекса тарихшунос эҳтирос билан ҳикоя қилиб берган ва шунга ишонтирган. Эҳтимол, ота ва ўғилнинг ҳайрлашув ҳолати ва гап - сўзлари бошқачароқ бўлгандир. Аммо охир - оқибат Қутбиддин Муҳаммад қаерда бўлса ҳам, ким бўлса ҳам хоразмийлигича қолди. У ануштагиний биринчи хоразмшоҳ сифатида тарихдан ўз ўрнини эгаллади.

Хивалик кекса тарихшунос яна бир воқеани айтиб берган эди. Маликшоҳ шаробга бўкиб, кўпчилик олдида беадаблик қилган бир жангчини Амударёда чўктирмоқчи бўлган. Шуда Ануштагин бир мутойиба билан уни ўлимдан сақлаб қолган экан.

-Бу бадбаҳт бир дарё шароб ичмагандир. Ичса бир ҳовузча шароб ичгандир. Шу сабабли уни ҳозирча дарёга чўктирмай турайлик, олампаноҳ, яхшиси, уни ҳовузларимиздан бирида бўктирайлик.

Бу гапдан султон беиҳтиёр кулиб юборган ва маст кимсага адаб ўргатишни Ануштагинга топширган. Ануштагин оқилона ва узоқни кўзлаб чора-дадбирлар кўриб, ўзини ва ҳалқини кўп марта ҳалокатдан, жудоликдан сақлаб қола олди. Энг муҳими у ўзи учун ажратилган тарихий даврда юрт мустақиллиги учун пухта замин ҳозирлади. У эккан орзу - умид ва ишонч уруғлари хоразмликлар қалбида ватанпарварлик ва иҳлос ниҳоли бўлиб униб чиқди. Бу ниҳолларни унинг ўғли Қутбиддин Муҳаммад садоқат дарахтига айлантирди.

Улуғ мақсадларнинг рўёби учун тўланадиган товон қиммат туради. Ануштагин ўғлининг хоразмшоҳ бўлганлигини кўришга жуда оз қолганда бу дунёни тарк этди. Аммо хоразмшоҳлар сулоласининг, энг ёрқин сулоланинг асосчиси сифатида тарихда қолди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР