Қутбаддин Муҳаммад (вафоти 1027 йил)
Хоразмшоҳ умрини ўзи барча жойда кенг ёйган адолатга ва ҳайрли ишларга бағишлади.

Ибн Ал Асирнинг «Ал-Камил фит тарих» асарида хоразмшоҳ Қутбаддин Муҳаммад ҳақида жумладан шундай сўзлар битилган:

«Хоразмшоҳ умрини ўзи барча жойда кенг ёйган адолатга ва ҳайрли ишларга бағишлади. У доим илм ва дин намояндаларини ўзига яқин тутди. Шу боис шон-шавкати ортиб, мартабаси юксалаверди. Унинг ҳукмдор сифатидаги иқдидори ва шижоати намоён бўлаверди.»

Академик З. Буниёдов Ануштагин хоразмшоҳлар давлати (1097 - 1231 ) китобида турли даврларда яшаган араб ва форс муаррихларининг асарларидаги маълумотларга таянган ҳолда шундай таъкидлайди:

«Қутбаддин Муҳаммад отаси Ануштагин даврида Хуросон пойтахти Марвда яхши маърифат олган, адаб ва дин илмларини ўрганган эди. У Хоразм ҳукмдори бўлгач, уламоларга ва дин арбобларига ҳомийлик қилди. У ҳар томонлама иқтидорли одам эди. Олимлар ва орифлар уни яхши кўришар, у ҳам уларни иззат-ҳурмат қилар эди. Қутбаддин Муҳаммад фуқароларга адолат кўргизар, улар ҳам унга эҳтиром, кўрсатиб уни азиз тутар эдилар. Аслида ануштагиний хоразмшоҳлар сулоласи Қутбаддин Муҳаммаддан бошланган».

Хоразмшох Қутбаддин Муҳаммаднинг мақсад-муддоси тангри таоло муяссар қилган Ватанда қудратли давлат, дину диёнат устувор кучли жамият тузиш эди. Унинг бу мақсади эса Хоразмга яқин худудларни бирлаштиришни, турли ҳалқларнинг биргаликда аҳил ҳаёт кечиришларини, бунинг учун эса босқинчилар истибдодидан ҳалос бўлишни тақозо этарди. У бунга ўзи ҳукмдорлик қилган 30 йилга яқин вақт давомида турли йўл ва воситалар билан астойдил интилди. Ҳатто тангрисини ҳам унутиб (султон Алп-Арслон каби) мустамлакачиликка зўр берган салжуқий ҳукмдорлардан фарқли равишда Қутбаддин Муҳаммад халоскорлик ва нажоткорлик йўлидан борди.

Хоразмшоҳ элу юрт, қўшни мамлакатлар ва ҳалқлар, фуқаролар тақдирига, келажагига боғлиқ масалаларни давлат арбоблари дин, илм намояндалари билан маслаҳатлашиб ҳал этгани ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар бор. Айниқса у улуғ мутаффаккирлар, авлиёлар ҳамда пирлар мададидан барҳаманд бўлган.

Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида «Имом, олим, орифи раббоний» дея шарафланган Хожа Юсуф Хамадоний, «Барча форуқнинг мақбулидурлар» дея зйинатланган Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шу даврда Самарқандда элнинг дуогўйи бўлишган. Баъзи манбаларда Хожа ҳазратлари Хоразмга ҳам ташриф буюрганлиги тилга олинади.

Хоразмшоҳ Қутбаддин Муҳаммад бу Оллоҳ яқинларининг дийдорига интилгани ва улардан мушкул муаммоларни ҳал этишда мадад олганлигини тарихий ҳақиқатлар тадрижи намоён этади. Демак, хоразмшоҳ Юсуф Ҳамадоний ҳазрати билан учрашган ва унинг дуосини олган бўлиши табиий. Бунга хусусан қуйидаги воқеа ҳам асос бўлиши мумкин.

Султон Санжар Самарқандга катта қўшин билан юриш қилмоқчи бўлиб турганида, Маворауннахр уламолари ва дин арбоблари Қутбаддин Муҳаммаддан султонни бу раъйидан қайтаришда ёрдам беришини сўрашган. Султон билан шох ўртасида қандай мулоқот бўлганлиги, хоразмшоҳ султонга қандай таъсирчан сўз айтганлиги ёлғиз яратганнинг ўзига аён. Аммо, у султонни Самарқандга юриш фикридан қайтара олган.

Эҳтимол, хоразмшоҳ султонга рўйи замин сайқали бўлган, неча-неча авлиёлар, жумладан Юсуф Ҳамадоний ҳамда Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қутлуғ назарлари ила янада нурафшон ва пурзиё қилган Самарқандга юриш қилишнинг охир-оқибати умру давлатга зиён эканлигини англатгандир.

Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» асарида Санжар Ибн Маликшоҳнинг Самарқанд уламоларига юборган мактубида Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг илму иқдидорига тан берилади. Демак, султон хоразмшоҳнинг даъвати билан ўз режасини ўзгартирган бўлиши ҳам ҳақиқатга яқин. Ҳар ҳолда, хоразмшоҳ воситачилигида муқаррар уруш ҳавфи бартараф этилганлиги айни ҳақиқат.

Қутбаддин Муҳаммад кўп жангу жадалларда султон Санжарга унинг мададисиз ҳам Хоразмни душмандан ҳимоя қила олиши мумкинлигини кўрсатган. Бу билан у султонни тахликага ҳам солган. Қолаверса, ўзи билан муносабатда адолатсизлик қилиш ҳавфли эканлигини ҳам кўрсата олган.

Хоразмга яқин ҳудудлардаги турли ҳалқлар умумий ғаним-салжуқий султонларга қарши курашда ягона ҳукмдор ва лашкарбоши туришини орзу қилардилар, Қутбаддин Муҳаммад сиймосида улар ана шундай халоскорга эга бўлдилар.

Қутбаддин Муҳаммаддан сўнг Хоразмшоҳ тахтига унинг ўғли Алоиддин Муҳаммад Отсиз ўтирди. Бу 1056 йилда юз берди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР