Эл Арслон (вафоти 1172 йил)
Эл Арслон илк бора амирлар ва лашкарлардан Хоразмга ва ўзига содиқликка қасамёд қабул қилди.

Академик Зиё Бунёдовнинг асарида таъкидланганидек «Отсизнинг асосий мақсади Хоразмда ўз сиёсатини мустаҳкамлаш эди. Унинг ворислари мақсади эса Хоразм давлати ерларини кенгайтириш ва унинг ҳалқаро нуфузини обрўсини кўтариш бўлди. Бу мушкул ва ҳаёт-мамот масаласини эса, авваламбор, Эл Арслон кенг йўлга қўйди».

У биринчи навбатда ҳарбий ислоҳотларга кенг эътибор қаратди. Ҳамиша ҳам, ҳар жойда ҳам, ўзининг шижоати ва садоқати билан ғолиб бўлишга қодир ва ҳақли жангавор қўшинни яратди. Эл Арслоннинг қўшини 100 минг ва ундан кўпроқ бўлганлиги тарихий манбаларда қайд этилади. Бу рақам борган сари ортиб, қўшиннинг яхлит тизими мустаҳкамланди.

Эл Арслон илк бора амирлар ва лашкарлардан Хоразмга ва ўзига содиқликка қасамёд қабул қилди. Бу ишни оддий жангчилар, лашкарбошчилар ва саркардаларни босқичма босқич қамраб олувчи жараён сифатида амалга оширишни йўлга қўйди.

У ўзининг биринчи фармони билан сипоҳийлар маоши ва уларга ажратилган мулк ерларини кўпайтирди. Бу давлат аҳамияти нуқтаи назаридан муҳим тадбир ўзининг самараларини берди. Эл Арслон даврида ҳарбий қўшинда хизмат қилиш, энг эътиборли ва шарафли, шу билан бирга иқтисодий жиҳатдан катта манфаат келтирадиган ишга айланди. Натижада ҳарбий қўшин ғанимларга қарши курашда жон-жаҳди билан жангга кирди.

Эл Арслон мажбурий умумҳалқ ҳарбий таълим тизимини мустаҳкамлади. Улкан шаҳарларнинг, қалъаларнинг, хусусан Гурганжнинг барча аҳолиси аскарликни ўзининг иккинчи муҳим касби деб билди. Бу ҳар қандай ҳолатда ҳам хоразмшоҳга қисқа фурсатда бир неча 10 минг кишилик қўшин тўплаш учун имкон берган. Қолаверса, зарур пайтларда, қалъалар ва шаҳарлар аҳли ўзини душмандан ҳимоя қила олган.

Кўпгина ғанимлар, нодўстлар Эл Арслоннинг ҳарбий ислоҳотларидан хабар топиб, у билан курашда ғалаба қозониш умидидан воз кечдилар. Охир-оқибатда улар ҳам иттифоқчиларга айландилар ёки хоразмшоҳнинг ҳомийлиги остида ўзларини тинч ва хотиржам сезишларини англаб, унга тобе бўлдилар. Кўпгина қўшни мамлакатлар ҳукмдорлари эса у билан бирлашишни маъқул кўрдилар. Ҳалқлар учун эса хоразмшоҳ теварагида жипслашиш тинчлик ва барқарорликка кафолат берди.

Хоразмшоҳларнинг олий ҳарбий идораси «Девонал арз» фаолияти ҳам Эл Арслон даврида ғоятда такомиллаштирилди. У аскарларни рўйхатга олишдан тортиб, ҳарбий амалдорларнинг белгиланган моддий неъматларни ўз қўли остидагиларга қандай тақсимлашлари, жангавор маҳоратни қандай ўстириб боришларигача назорат қилиб борган.

Хоразмшоҳ лашкар қўмондонини тайинлаш масаласини аркони давлат билан маслаҳатлашиб ҳал этган. Ҳатто у қайси миллатдан бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини ҳам ҳисобга олган. Тарихий манбаларда, Эл Арслон қўшин қўмондони қилиб жангчиларнинг кўпчилиги мансуб бўлган қарлуқлардан тайинлагани ва уни ғоят ҳурматда тутиб, ўз синглисини ҳам шу қўмондонга узатгани ҳақида маълумотлар бор.

Бир қарашда бир-бирига боғлиқ бўлмаган бу икки иш ўртасида, бир бирига боғлиқ бўлган икки мақсад ётибди. Хоразмшоҳ шу даврда куч-қудрати ортган, ҳатто султон Санжарнинг додини бериб, мавқе-эътиборини оширишга муваффақ бўлган, қарлуқларга ишониб, уларни ўз паноҳига олди. Қолаверса, улар билан қариндошлик ришталарини боғлаб кўп вақтларгача бузилмайдиган дўстликни ўрнатди. Эл Арслон ўз мақсадини амалга оширишда, янглишмади ва қарлуқлар анча вақт ўз сўзларида турдилар.

Хоразмшоҳнинг ҳарбий ислоҳотлари салжуқий султонлару Бағдод ҳалифасини хушёр тортдирди. Уларнинг Хоразм давлатига ва хоразмшоҳга душманчилик кайфиятлари кучайди.

Ҳар тамонлама қудратли қўшинга эга бўлган ва кўплаб мамлакатлар ҳукмдорларининг дўстона муносабатлари ва ҳайриҳоҳликлари кафолатини олган Эл Арслон султон билан ҳалифага муносабатда кескин бурилиш ясади. У султонга «хизматкорингиз» ёки «қулингиз» деб имзо чекиб нома йўллашга буткул барҳам берди. Бунинг ўрнига номага «самимий дўстингиз Эл Арслон» деб имзо чека бошлади. Бу «дўстлик» ҳам муваққат эканлигини султон ҳам, ҳалифа ҳам ҳис этишарди. Вақт эса Эл Арслонга хизмат қила бошлади.

Кучи кетиб бораётган салжуқий султонлар хоразмшоҳнинг толе қуёши болқиб бораётганлигига бефарқ қараб тура олмасдилар. Шу сабабли улар Хоразмга туташ ҳудудларга ҳужум қилиб, хоразмшоҳни синаб кўра бошлашди. Аммо Эл Арслон қўшини ўзининг шижоаткорлиги ва фидокорлиги билан уларни орқага улоқтириб ташлади. Улар энди хоразмшоҳни тўхтатиб бўлмаслигини ўз давру-давронлари тугаб бораётганлигини англадилар. Айниқса Эл Арслон Хуросонни забт этгандан сўнг, бу ҳақиқат барчага айён бўлиб қолди.

Нишопур учун бўлган жанлардаги ғалаба, хоразмшох давлатининг шону-шавкатини юксалтиришда ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. Эл Арслон Нишопурдан «Ажам ва турклар подшоҳи» деган унвон билан қайтди.

1165 йилда Эл Арслон ўзаро иттифоқ тузган икки салжуқ хукмдори билан жанга киришди ва узил кесил ғалаба қозонди. Натижада салжуқийлар салтанатининг Ироқ худудидаги ерлари ҳам унинг ихтиёрига ўтди.

Албатта ҳамма ғалабалар ва муваффақиятлар хоразшоҳ номи билан боғланса-да, унинг саройида кўплаб маърифатпарвар олимлар ва орифлар, муаррихлар ва шоирлар ҳизмат қилганлигини ҳам унутмаслик керак. Давлат юксалишида уларнинг ҳиссалари ҳам катта бўлган.

Шу ўринда Отсизга ҳизмат қилган Рашидиддин Вотвотни яна бир бор тилга олиш мақсадга мувофиқ. У Эл Арслоннинг кўпгина мушкулларини осон қилган. Алломанинг асарларида кўпгина эзгу ишлар тафсилотлари сақланиб қолган. Шунингдек турли давлатлар раҳбарлари билан, ёзишмалар ҳақида маълумотлар берилади.

Хоразмшоҳ Эл Арслон ўз даврида таълим-тарбия масаларарига катта эътибор қаратиб талабчанлик кўрсатган. Мадрасаларни бир неча бор шахсан ўзи кузатиб, имомлар ва мударрислар адолатли танлов асосида танлаб олинишига катта аҳамият берган.

Эл Арслон фаолиятида ҳарбий ислоҳотлар устуворлик қилиши, унинг бошқа соҳаларга хусусан маънавият ва маърифатга илму ижодга, кам эътибор берганини англатмайди. Аксинча у маънавий маърифий куч қудратни ҳам давлат учун жуда муҳим деб ҳисоблаган. Шу сабабли, ўз даврида илм фан ва дин намояндаларини ўзига яқин тутиб, уларнинг ҳурматини жойига қўйган.

Эл Арслон хоразмшоҳлар давлатининг барқарор юксалиш даврини намоён қилди. У эришган ғалабалар жуда катта бўлди. Аммо унинг фарзанди яна ҳам каттароқ мартаба маснадига кўтарилди.

Эл Арслондан кейин уни ўғли Алоиддин Такиш тахтга ўтирди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР